Англиянинг “Манчестер Сити” клуби ёзги трансфер ойнасида иккита қанот ҳимоячисини сотиб олишни режалаштирмоқда. Таниқли журналист Фабрицио Романонинг хабарига кўра, “шаҳарликлар”нинг асосий нишонига айланган футболчилар — “Ньюкасл” ҳимоячиси Тино Ливраменто ҳамда “Вулверхемптон”дан Райан Аит-Нури.

Манбанинг ёзишича, “Сити” 23 ёшли Аит-Нурининг трансфери бўйича музокараларни бошлаган ва у яқин орада клубга қўшилиши мумкин. Бироқ 22 ёшли Ливраменто билан музокаралар ҳозирча қийин кечмоқда, чунки “Ньюкасл” футболчини таркибда сақлаб қолмоқчи.
Жамоа раҳбарияти ҳар икки футболчини таркибга қўшишни истамоқда. Сабаби, якунланган мавсумда қанот ҳимоясида юзага келган муаммолар туфайли бир нечта футболчилар ўз позицияларидан ташқарида ўйнашга мажбур бўлди. Чап қанотда Нико O’Райли, ўнг қанотда эса Матеус Нуньес муқобил вариант сифатида майдонга туширилди. Бу эса ҳимоя чизиғини кучайтириш заруратини янада оширди.
Transfermarkt порталига кўра, Аит-Нурининг бозор баҳоси 35 миллион еврога тенг. У жорий мавсум Премер Лигада 37 ўйинда иштирок этиб, 4 гол ва 7 ассист қайд этди.
Ливраментонинг трансфер қиймати 40 миллион евро деб баҳоланмоқда. У эса якунланган мавсумда “Ньюкасл” сафида 37 учрашувда майдонга тушиб, 1 та ассист муаллифига айланган.
Изоҳ (0)