Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари Бирлашган Араб Амирликларида 10 июль куни қарийб 40 йиллик кескинликдан сўнг тинчлик музокараларини ўтказмоқда. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Абу-Дабига ташриф буюрган. Икки мамлакат март ойида тинчлик лойиҳасига келишиб олган эди. Жанубий Кавказ давлатлари 1980 йилларнинг охиридан бери бир қатор урушлар олиб борган. Ўша йилларда Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ вилояти Арманистон ёрдами билан мамлакатдан ажралиб чиққан эди.
Тинчлик музокаралари 2023 йил сентябрь ойида Озарбайжон Қорабоғни қайтариб олгандан сўнг бошланган. Бу эса ҳудуддаги деярли барча 100 минг арманларнинг Арманистонга кетишига сабаб бўлган. Аммо битимни имзолаш муддати номаълумлигича қолган.

Кучли ҳарбийлаштирилган 1000 километр чегара бўйлаб ўт очиш ҳаракатлари келишув лойиҳаси эълон қилинганидан кўп ўтмай авж олган. Бироқ, сўнгги пайтларда ҳеч қандай қоидабузарликлар қайд этилмаяпти. Таъкидланишича, Озарбайжон Арманистонга мамлакат конституциясига ўзгартириш киритишни таклиф этган. Ереван эса бу таклифни рад этган. Озарбайжон, шунингдек, Арманистон орқали ўтадиган транспорт йўлаги барпо этишни ҳам режалаштирган.
Пашинян ва Алиевнинг сўнгги учрашуви май ойида Альбаниянинг Тирана шаҳрида Европа сиёсий ҳамжамияти саммити доирасида бўлиб ўтган эди. Шу ҳафта АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам Кавказ қўшнилари ўртасида тезроқ тинчлик битими тузилишига умид билдирганди.
Изоҳ (0)