НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 17—19 март кунлари Озарбайжон, Арманистон ва Грузияга ташриф буюради. Альянс бош котиби мамлакатлар раҳбарлари билан музокара ўтказиши режалаштирилган. Бу ҳақда ‘‘ТАСС’’ нашри хабар берди.
Хабарга кўра, Столтенбергнинг сафари дастлаб 17 март куни Озарбайжон пойтахти Бокудан бошланади. Пойтахтда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан учрашув бўлиши маълум қилинган.
18 март куни НАТО етакчиси Тбилисига ташриф буюриб, Грузия президенти Саломе Зурабишвили ва бош вазир Ираклий Кобахидзе билан учрашиши айтилган. Столтенберг, шунингдек, сиёсий партиялар таниқли вакиллари билан ҳам учрашиши ҳақида маълум қилинган.
Кун тартибига кўра, 19 март куни, сафари якунида Столтенберг Арманистон президенти Ваагн Хачатурян ва бош вазир Никол Пашинян билан учрашиш учун Ереванга боради. Учрашув мазмуни Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳудудий баҳслар бўлиши мумкин.
НАТО раҳбарияти альянс етакчисининг Кавказ республикаларига ташрифи юзасидан батафсил маълумот тақдим этмаган. Учрашувлардаги музокаралар мавзуси ва натижалари ҳақида кейинчалик маълум қилиниши айтилган.
Изоҳ (0)