АҚШ агар Эрон ядровий давлатга айланса, Исроилни бункерга қарши бомбалар билан қуроллантиришга тайёр. Бу ҳақда The New York Post хабар берди.

Маълум қилинишича, гап Исроилга B-2 кўринмас бомбардимончи самолётлар ва бункерга қарши бомбаларни бериш ҳақида кетмоқда. Тегишли таклифни АҚШ парламентининг икки вакили — демократ ва республикачи таклиф қилган. У “Эроннинг ядро қуролини яратиш дастурига муносабат билдириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида акс этган.
Мазкур қонун президент Трампга “Агар Эрон ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринса, Исроил барча кутилмаган ҳолатларга тайёр бўлишини таъминлаш учун чоралар кўриш” имконини беради, деди демократ Жош Готхаймер ва республикачи Майк Лоулер.
Эрон ўнлаб америкаликларни, жумладан, ҳарбийларимизни ўлдирди ва асосий демократик иттифоқчимиз Исроилга бир неча бор ҳужум қилди. Исроил ўзини Эрондан ҳимоя қила олиши ва Эрон ядровий салоҳиятини тиклай олмаслигини кафолатлаши керак, деган Готхаймер ўз баёнотида.
Ушбу қонун лойиҳаси президентга Исроил ҳарбийларини ўқитиш, уларни Теҳронни жиловлаш ва дунёни хавфсизроқ жойга айлантириш учун зарур бўлган воситалар билан таъминлаш ваколатини беради, деди Лоулер.
АҚШ бункер бомбаларни Эронга қарши ҳужумда қўллади
Исроил 13 июндан бошлаб Эронга тинимсиз ҳужум қилиб, унинг ядровий объектлари, мудофаа тизимлари, юқори мартабали ҳарбий амалдорлари ва ядрочи олимларини нишонга олди. Ҳужумлар оқибатида камида 627 киши, жумладан, кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
22 июнь куни АҚШ Исроилнинг ҳаракатларига қўшилиб, учта асосий объектга — Фордо, Натанз ва Исфаҳонга авиазарбалар берди. Ҳужумда бункер бомбалардан ҳам фойдаланилди. Марказий разведка бошқармаси бошлиғи Жон Ретклифф операция Эрон ядровий дастурига жиддий зарар етказганини маълум қилди. Зарбалардан кўп ўтмай АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганини эълон қилди, буни иккала томон ҳам тасдиқлади.
Бироқ Эрон расмийлари АҚШ зарбаларидан етказилган зарар минимал бўлганини, Ислом Республикасининг олий раҳбари Али Хоманаий эса Эроннинг Вашингтон ва Тель Авив устидан “ғалаба қозонганини” эълон қила бошлади. 25 июнда Эрон парламенти МАГАТЭ билан ҳамкорликни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. 2 июль куни президент Масъуд Пезешкиён тегишли қонунни имзолади.
Изоҳ (0)