Сирдарё вилоятида тақиқланган ов қуроллари билан балиқ овлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тезкор рейд тадбири ўтказилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, рейд давомида Сирдарё дарёсидан чиқиб келаётган “Москвич” инспекторлар томонидан кўздан кечирилганда, автотранспорт воситаси юкхонасидан 1 дона балиқ овлашга мўлжалланган электр қармоқ, 1 дона резина қайиқ, 3 дона аккумулятор ҳамда умумий ҳисобда 19 дона балиқ борлиги аниқланди.
Овланган балиқлар орасида 2 дона оқ амур, 7 дона оққайроқ, 9 дона товонбалиқ ҳамда Қизил китобга киритилган 1 дона Туркистон мўйловдори бўлган. Улар ноқонуний равишда электр қармоғи ёрдамида Сирдарё дарёсидан овлангани маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан ҳайвонот дунёсига 495 млн сўм зарар етказилган.
Барча ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилади.
Ноқонуний балиқ овлаш
Аввалроқ Айдар-Арнасой кўлларида 2024 йили ноқонуний ов оқибатида табиатга 1,7 млрд сўмлик зарар етказилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Навоийда ноқонуний балиқ овлаган шахслар табиатга 6,3 млрд зарар етказгани ҳақида хабар берилганди.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида ноқонуний балиқ овланиши натижасида табиатга 1,4 миллиард сўм зарар етказилган эди. Ўзбекистон ҳудудида 2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январгача ов қилишга мораторий жорий қилиниши мумкинлиги айтилганди.
Изоҳ (0)