Кўплаб табиий ҳодисалар фильмларда шунчалик таъсирли тарзда акс эттириладики, гўёки режиссёрлар воқеани сунъий равишда кўрсатаётгандек туюлади. Аслида, баъзи кинокартиналарда кўрсатилган манзаралар ҳақиқатга жуда яқин. Қуйида биз фақат экранда кўришга одатланган, лекин ҳаётда ҳам учрайдиган 8 та табиий феномен ҳақида ҳикоя қилинди.
Қум бўронлари

Кинодаги қаҳрамонлар ҳаётини оғирлаштирувчи қум ва чанг бўронлари аслида ҳам мавжуд. Улар кўпинча ўсимлик ўсиши қийин бўлган, қурғоқчил ва саҳро ҳудудларида пайдо бўлади. Қум заррачалари чангга нисбатан оғир бўлгани сабабли қум бўронлари одатда унчалик катта майдонни қамраб олмайди. Шунга қарамай, Шимолий Африкадаги иссиқ шамол қумни Ўрта ер денгизидан ошириб ҳатто Алп тоғларига олиб бора олади.
Бу бўронлар кўришни чеклаб, инсоннинг нафас олиш тизимига салбий таъсир қилади. Олимлар иқлим ўзгаришлари туфайли сўнгги йилларда бу ҳодисалар сони ортиб бораётганини айтмоқда.
Муз ёрилишлари

“Эртадан кейин” фильмида музликда ҳосил бўлган улкан ёриқлар олимларни хавф остида қолдиради. Ҳақиқатда бундай йирик ёрилишлар камдан-кам ва одатда аста-секин юзага келади. Музликлар ҳаракати натижасида пайдо бўладиган ёриқлар 60 метргача чуқур бўлиши мумкин. Устини қор босиб ётган бундай ёриқлар хавфли бўлиб, мутахассислар гуруҳ бўлиб ҳаракатланишни тавсия қилади.
Ғайриоддий улкан тўлқинлар

“Идеал бўрон” фильмида кўрсатилган улкан тўлқин ҳанузгача олимлар учун сир бўлиб қолмоқда. Денгиз сатҳида бундай тўлқинларни айнан нима келтириб чиқариши аниқ эмас. Узоқ вақт давомида улар денгизчиларнинг афсонаси деб ҳисобланган. Бироқ ХХ асрда бу ҳодисанинг мавжудлигини тасдиқловчи далиллар пайдо бўлди.
Баъзи назарияларга кўра, агар кучли шамол вақтида икки катта тўлқин бирлашса, айнан шу ҳолатда улкан, деярли тик бўлган сув девори юзага келади. Бундай тўлқинлар баъзида 20 метрдан ҳам баландроқ бўлиши мумкин.
Кучли океан оқимлари бу тўлқинларни янада баландроқ қилади. Энг хавфлиси эса бу тўлқинларнинг пайдо бўлишини деярли олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Улар кема ва нефть платформалари учун ниҳоятда хавфли ҳисобланади. Кема ва платформаларнинг тузилмалари бундай улкан сув массасига бардош бериш учун мўлжалланмаган.
Олимларнинг огоҳлантиришича, глобал исиш туфайли бундай тўлқинлар тобора тез-тез юзага келиши мумкин.

Музли бўрон

Музли бўрон жуда чиройли кўринади, лекин, “Музли шамол” фильмида кўрсатилганидек, бундай табиий ҳодиса оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Агар ёғингарчилик атмосферанинг илиқ қатламларида шаклланиб, ерга яқин жойда ҳарорат нолдан паст бўлса, ёмғир музлайдиган ҳолатга келади.
Агар бўрон узоқ давом этса ёки бир вақтнинг ўзида жуда кўп ёғингарчилик ёғса, муз қатлами 1 сантиметрдан ошиб кетиши мумкин. Бу эса симларнинг узилиши, дарахтларнинг қулашига, ҳаттоки янада жиддий вайроналарга олиб келиши мумкин.
Йирик дўл ва муз бўлаклари (мегакриометеорлар)

Осмондан грейпфрутдек йирик дўллар ёғиши бу кинорежиссёрлар тўқимаси эмас. Аксинча, сўнгги ўн йилликларда бундай ёғингарчиликни келтириб чиқарувчи бўронлар сони аста-секин ортиб бормоқда.
Ҳар қандай дўл фақат кучли бўронли, момақалдироқли об-ҳаво шароитида пайдо бўлади. Майда муз кристаллари ҳаводаги кўтарилувчи оқимлар орқали юқорига кўтарилади ва нолдан паст ҳароратдаги суюқ сув билан тўқнашади. Ушбу сув кристалларнинг юзасини қоплайди ва турли тезликда музлаб, қатламли тузилма ҳосил қилади.
Ўз тузилиши бўйича мегакриометеорлар оддий дўлга ўхшайди ва у каби ёмғир сувидан ташкил топган. Бироқ уларнинг пайдо бўлиши ҳар доим ҳам момақалдироқ билан боғлиқ эмас. 2000 йилдан бери осмонга тахминан 50 та мегакриометеор тушди, уларнинг оғирлиги 0,5 дан 50 килограммгача бўлган.

Агар дўл ерга тушишдан олдин 10-15 даиқиқа момақалдироқда қолса, у анча йирик ҳажмгача катталашиши мумкин. Шунинг учун баъзида дўл жуда катта бўлиб ерга тушади.
Яшин

Баъзи фантастик фильмларда яшин катта ҳалокатларга сабаб бўлади ва жиддий вайроналарга олиб келади. Экран орқали кетма-кет чақнаётган яшинлар ҳақиқатдан йироқдек туюлади. Лекин ернинг айрим жойларида бу ҳолат одатий ҳисобланади.
Масалан, Жанубий Америкада жойлашган Маракайбо кўлига қуйиладиган Кататумбо дарёси ҳудудида ҳар квадрат километрга йилига ўртача 250 та яшин тўғри келади. Бу ерда айниқса май ва октябрь ойларида, кечаси кўплаб момақалдироқлар бўлади. Баъзида бир дақиқада 40 тагача яшин чақнашини кўриш мумкин. Узоқ масофадан ҳам (ҳатто 400 километргача) яшинлар кўриниб туради. Шунинг учун Кататумбо яшинлари ноёб ҳисобланиб, илгари уларни товушсиз бўлади деб ўйлашган.
Чигиртка босқини

Чигирткалар босқини қадимдан одамларни қўрқитган. Улар нафақат ҳосилни йўқ қилган, балки касалликларни ҳам келтириб чиқарган. Амм, фақат сўнгги асрларда олимлар бу ҳашаротлар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишди. Маълум бўлишича, чигиртка ҳар доим ҳам зарарли бўлавермайди.
Чигиртканинг икки фазаси бор: биринчиси — ёлғиз, иккинчиси — тўдали (йиғилишган). Ёлғиз чигиртка одатда тинч бўлади ва бошқа чигирткалардан узоқлашади. Лекин узоқ давом этган қурғоқчиликда озуқа камайса ва чигирткалар бир жойга тўпланса, улар тўдалашган авлодни дунёга келтиради. Бу чигирткалар йирикроқ, сарғиш-қора рангда бўлади.

Улар миллиардлаб сонли тўдаларни ҳосил қилади. Бир нечта катта тўда бир кунда 1,8 миллион тоннагача ўсимликни еб юбориши мумкин. Улар учган пайтда, ҳатто қуёшни ҳам тўсиб қўяди. Олимларнинг фикрича, иқлим ўзгаришлари туфайли келажакда чигиртка босқинлари янада тез-тез учраши мумкин.
Жониворлар ёмғири

Фильмларда балиқ ёки қурбақадан ёғадиган ёмғирларни кўриб, уни фантастик деб ўйлаш мумкин. Аммо бу ҳолат ҳақиқатан ҳам содир бўлади. Кучли торнадо ёки шамол кичик жониворларни ҳавога кўтариб, узоқ масофага олиб кетиши мумкин.
Шамол тиниб, ёмғир билан бирга бу жониворлар ерга тушади. Баъзи олимлар бундай ҳодисага шубҳа билан қарашади, яъни уларни яқин атрофдаги сув ҳавзаларидан кучли шамол чиқариб юборган деб ҳисоблашади. Аммо кўплаб гувоҳлар бу ҳодиса ҳақиқий эканини тасдиқлашади.
Айтганча, баъзи табиий ҳодисалар шу даражада ғайриоддий кўринадики, уларни илмий-фантастик фильм саҳнаси деб ўйлаш мумкин.
Изоҳ (0)