Кўпчилик ёқимли ҳиднинг фақат атирдан эмас, балки кундалик кийимларни тўғри танлаш, гигиена ва овқатланишдан ҳам келиб чиқишини тушунмайди. Ҳатто энг замонавий кўриниш ҳам, агар одамдан ёқимсиз ҳид келса, ўз жозибасини йўқотади.
Кўк чой микробларга қарши курашади
Оғиздан келувчи ёқимсиз ҳид асосан оғиз бўшлиғидаги бактериялар билан боғлиқ. Кўк чой ўзининг антибактериал хусусиятлари туфайли микробларга қарши курашади. У таркибида ёқимсиз ҳидларни келтириб чиқарувчи бактерияларга қарши курашувчи полифеноллар мавжуд. Бундан ташқари, кўк ва қора чой таркибидаги танинлар оёқларни қуруқ сақлашга ёрдам бериб, ёқимсиз ҳид пайдо бўлишининг олдини олади.
Шунингдек, кўк чойни мунтазам равишда истеъмол қилиш стрессни камайтиришга ёрдам беради, бу эса ўз навбатида ҳаддан ташқари терлаш эҳтимолини пасайтиради.
Пойабзал учун спрей ёқимсиз ҳидга қарши курашда самарали ечим ҳисобланади
Ёқимсиз ҳид оёқдаги терни парчаловчи терида мавжуд бўлган бактериялар туфайли пайдо бўлади. Яна бир муаммо — оёқларнинг етарли даражада шамоллатилмаслиги. Пойабзал спрейи — оёқ кўп терласа ҳам, ёқимли ҳидни сақлаб қолишга ёрдам берадиган оддий ва самарали ечимдир. Ҳатто оёқларингизда табиий ёқимсиз ҳид бўлмаса ҳам, пойабзал материали ва терли тери ўртасидаги ўзаро таъсир ёқимсиз ҳид келтириб чиқариши мумкин.
Кир ювиш воситаси кийимларнинг ҳаво ўтказувчанлигига тўсқинлик қилади
Баъзан ёқимсиз ҳид танадан эмас, балки кийимлардан келади. Шунинг учун терлаган кийимларни тескари ағдариб ювиш керак — шунда кир ювиш кукуни ёқимсиз ҳидли моддаларга яхшироқ таъсир кўрсатади. Агар кийимлар жуда ёмон ҳид тараца, уларни ювишдан олдин сирка эритмасига ботириш кифоя.
Аммо кир юмшатгичдан воз кечган маъқул. У матони юпқа қатлам билан қоплайдики, бу ҳаво айланишига тўсқинлик қилади. Бунинг натижасида инсон кўпроқ терлайди ва ёқимсиз ҳид чиқарувчи бактериялар тезроқ кўпаяди.
Антибактериал совун табиий мувозанатни бузиши мумкин
Душда қанчалик ювунмайлик, терида маълум бактериялар сақланиб қолади. Бу унча ёмон эмас, чунки айнан шу микробиом атрофдагилар жозибали деб топадиган табиий ҳидни ҳосил қилади. Шунинг учун антибактериал совундан ҳаддан ташқари кўп фойдаланмаслик керак.
Бу косметик восита табиий мувозанатни бузиб, фойдали микроорганизмларни йўқ қилиши мумкин, уларнинг ўрнини эса зарарли бактериялар эгаллайди. Бу эса ўз навбатида ёқимсиз ҳид пайдо бўлишига олиб келади. Яхшиси, юмшоқ ва майин тозаловчи восита танлаган маъқул.
Тароққа атир сепиш кимёвий таъсирни юмшатади
Атирни сочга эмас, тароққа сепинг. Атирни тўғридан-тўғри сочга сепиш илдизларга зарар етказиши ва сочларни қуруқ қилиб қўйиши мумкин. Бунинг ўрнига уни тароққа сепинг — бу атир концентрациясини пасайтиради ва кимёвий таъсирни юмшатади, айни пайтда ёқимли, нозик ҳид қолдиради.
Бактериялар нам муҳитда тез пайдо бўлади
Сув муолажаларидан кейин бутун танани тоза сочиқ билан яхшилаб артиб қуритиш лозим, айниқса тер тўпланадиган жойларга алоҳида эътибор қаратиш керак. Ёқимсиз ҳид пайдо бўлишига сабаб бўладиган бактериялар айнан нам муҳитда тезроқ кўпаяди, шунинг учун ҳўл танага кийим киймаслик керак.
Қаҳва ўзига хос тана ҳидининг пайдо бўлишини кучайтириши ёки аксинча, уни ютиб юбориши мумкин
Эрталабки қаҳва қувват берса-да, у тер безларининг фаолиятини ҳам кучайтиради. Кофеин марказий асаб тизимини қўзғатиб, адреналин ажралишига сабаб бўлади. Бу эса айрим тер безларини фаоллаштиради ва натижада танада ўзига хос ҳид пайдо бўлишига олиб келади.
Бошқа томондан, қаҳва қолдиғи ҳидларни ўзига сингдириш хусусияти билан танилган. Хушбўйлиги туфайли қўлларингизга ишқаласангиз, балиқ, саримсоқ ёки пиёз каби ҳидларни кетказиши мумкин. Бундан ташқари, қаҳва қуйқасини тана учун скраб сифатида ишлатиш мумкин: у тери юзасидаги ўлик ҳужайраларни тозалашга ёрдам беради ҳамда ёқимсиз ҳидни камайтирган ҳолда танани тетиклаштиради.
Изоҳ (0)