Tesla компанияси АҚШнинг Остин шаҳрида Robotaxi хизматининг ишга туширилганини эълон қилди. Ҳайдовчисиз такси хизмати июнь ойининг 22-санасидан фаолиятини бошлади. Аммо аввал ваъда қилинганидек, автоном машиналар ҳали тўлиқ мустақил ишлашга қодир эмас.

Ҳар бир Model Y автомобилида компания ходими “хавфсизлик назоратчиси” сифатида ишлайди. У олд ўриндиқдан сафар давомидаги вазиятни назорат қилади ва кутилмаган ҳолатларга тезкор жавоб беради.
Роботакси хизматидан фойдаланиш учун эса бир қанча шарт ва чекловлар белгиланган:
- хизмат фақат Tesla томонидан махсус таклиф олганлар — бренд тарафдорлари ва инфлюенсерлар учун очиқ;
- фақат Остин шаҳри ичидаги чекланган ҳудудда ҳаракатланади (роботакси аэропортларга бормайди);

- иш вақти соат 06:00 дан 00:00 гача;
- йўловчилар 18 ёшдан катта бўлиши керак;
- буюртма бериш учун аккаунтга боғланган кредит ёки дебит карта бўлиши зарур;
- ёмон об-ҳаво шароитида хизмат тўхтатилиши ёки чекланиши мумкин;
- йўловчилар одобли ва ҳурматли бўлиши шарт, ҳар қандай ахлоқсизлик ва қоидабузарлик роботакси хизматидан маҳрум қилиши мумкин;

- салон ичида сигарет, вейп, алкоголь ёки гиёҳванд моддалар истеъмоли тақиқланади;
- умумий фойдаланиш учун мўлжалланмаган автомобиль функцияларини ёзиб олиш ман этилади;
- ҳар бир сафардан сўнг иловада баҳо ва фикр қолдириш талаб этилади.
Бу Илон Маск илгари ваъда қилган тўлиқ автоном хизматдан тубдан фарқ қилса-да, бундай таксилар технология оламида муҳим қадам саналади.
Изоҳ (0)