Эрон ва Исроил можаролари ортидан ядро объектларидаги эҳтимолий ҳалокатнинг Марказий Осиё минтақасига ҳам таъсири бор. Бу ҳақда иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳатов маълум қилди.

Унга Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинликлар ортиши, Эроннинг ядровий объектлари, уран кон захираларига ракета зарбалари фонида ўша объектлардаги қандайдир радиоктив ҳалокатларнинг Ўзбекистонга ҳам таъсири борми, деган саволлар келиб тушган.
“Ҳа, таъсири бор. Борди-ю радиоактив нурланиш фаоллашса, муайян об-ҳаво шароитларида ана ўша ҳудудлардаги радиоактив нур бизнинг Ўзбекистонга кириб келиши мумкин. Бу, Ўзбекистонга кириб келувчи ва ривожланувчи 15 синоптик жараённинг 2-3 тасида рўй беради”, дейди Эркин Абдулаҳатов.
Унинг қайд этишича, бу жараёнлар ёзги термик депрессия ва паст босимли кичик градиентли атмосфераси соҳаси жараёнларидир. Ушбу жараёнлар 11- ва 13-тур синоптик жараёнлари дейилади.
“Бу икки жараён ёз ойларида бизнинг минтақада ҳукмрон жараёнлар экани инобатга олинса, ҳозирги шароитда Эрон ҳудудларидаги оқимларнинг бизнинг минтақага тўсиқларсиз бемалол кириб келишини тахмин қилиш мумкин”, дейди иқлимшунос.
АҚШ Эрондаги учта йирик ядровий объект — Фордо, Натанз ва Исфаҳонга зарбалар берганди.

Иқлимшуноснинг қайд этишича, турли сунъий йўлдош дастурий маҳсулот маълумотларига кўра, ҳозирда ушбу уч ҳудудда атмосфера таркибидаги радиация миқдори ортиб кетмагани кўрсатилмоқда.
16 июнь куни МАГАТЭ раҳбари Рафаэл Гросси Натанз иншоотига Исроил бомба ташлаши ортидан ушбу ҳудудда ҳам радиациявий, ҳам кимёвий ифлосланиш хавфи мавжудлигини айтганди. Шу билан бирга, Исроил ҳужумига учраган Натанз ва Исфаҳон ядровий объектлари атрофида радиация даражаси ҳозирча меъёрида эканини таъкидлаганди.
Изоҳ (0)