Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ChatGPT’дан диний саволларга жавоб олиш жоизми, саволига жавоб берди.
Келтирилган маълумотга кўра, сунъий интеллект воситаларидан, жумладан, ChatGPT каби платформалардан диний саволларга жавоб олиш амалиёти шаръий жиҳатдан жоиз эмас. Фатво маркази бу борадаги эътиборли жиҳатларни алоҳида таъкидлаб ўтган.
Хусусан, ChatGPT каби сунъий интеллект тизимлари айрим техник ва умумий соҳаларда маълумот беришда фойдали бўлиши мумкин. Бироқ диний масалалар нозиклик ва мутахассисликни талаб қилгани боис бу каби платформаларнинг жавобларига суяниш нотўғри талқинлар ва хатоларга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Қайд этилишича, баъзан бу каби тизимлар диний саволларга тахминий жавоблар бериши, айрим ҳолларда эса, мавжуд бўлмаган фиқҳий манбаларни ёки асарлардаги нотўғри маълумотларни келтириши мумкин. Шунинг учун бундай саволларни фақат шу соҳанинг билимдонлари — яъни ишончли уламолар ва диний мутахассислар орқали ҳал этиш зарур экани алоҳида таъкидланган.
Шу боис Фатво маркази диний масалаларда сунъий интеллектга эмас, балки малакали уламолар ва мутахассисларга мурожаат этишни қатъий тавсия этмоқда.
ChatGPT энди Ўзбекистонда солиқ тўлайди.
ChatGPT чатботи ишлаб чиқувчиси 8 апрель куни Солиқ қўмитасининг электрон хизмат етказиб берувчиларнинг махсус платформасида ҳисобга олинди. Бу билан Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган хорижий интернет компаниялари сони 67 тага етди.
Маълумот учун, OpenAI томонидан ишлаб чиқилган ChatGPT сунъий интеллекти 2022 йилнинг ноябрь ойининг охирларида оммага тақдим этилди. Атиги беш кун ичида ушбу чат-бот бир миллиондан ортиқ фойдаланувчини жалб қилди. 2023 йил март ойида эса OpenAI ChatGPT-4 версиясини тақдим этди — бу янги модел матндан ташқари тасвирларни ҳам таҳлил қила олади. 2023 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон фойдаланувчилари ҳам ChatGPT’дан бемалол фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
ChatGPT (Chat generative pre-trained transformer) — OpenAI томонидан яратилган сунъий интеллект чатботи бўлиб, турли саволларга жавоб бериши, дастурчилар учун код ёзишга ёрдам бериши, талабалар учун эса курс ишларини ёзиб бериши мумкин. Бот ҳаттоки шеър ва иншолар ҳам ёза олади. OpenAI’нинг асосий вазифаси инсон мияси бажара оладиган ҳамма нарсани қилувчи сунъий интеллектни яратишдан иборат.
Изоҳ (0)