“Ишқдаги ишқ” фильмининг суратга олиниши ҳақида алоҳида фильм ёки ҳатто сериал яратиш мумкин.
Камераларнинг янгилиги
“Ишдаги ишқ”ни суратга олиш ишлари 1976 йил кузида бошланиб, жуда тез суръатда олиб борилади: 63 кун ичида ижодий гуруҳ катта ҳажмдаги материални тасвирга туширади. Бу кадрлар уч қисмли фильмга етарди, бироқ цензура ва режиссёрнинг ўзи фильм устида астойдил ишлаб, уни қисқартиради. Айтганча, операторлик иши уч параллел камерада олиб борилган. Бундай усулда фильм ишлаб чиқариш СССР учун ноодатий ҳол эди.
“Раҳбар Золушка”
Дастлаб фильм “Ҳамкасблар” деб номланган песа бўлиб, 1971 йилда Москвадаги Владимир Майаковский номидаги театр ва Ленинграддаги Комедия театри саҳналарида илк бор намойиш этилганди. Элдар Рязанов ва драматург Эмил Брагинскийни воқеани “Қариндошлар” номли иккинчи парда билан кенгайтиради.
Шундан сўнг “Раҳбар Золушка ҳақидаги эртак” деб қайта номланган асарни экранлаштириш, кейинчалик эса уни “Ишдаги ишқ” деган қисқароқ ном билан киноплёнкага тушириш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Табиатда ёмон об-ҳаво бўлмайди
Ўша давр киноижодкорлари учун асосий сюжетни шаҳар манзаралари ва гавжум кўчалар тасвирлари билан кўрсатиш янгилик эди. Бу усул томошабин диққатини чалғитиб, кўнглини ёзарди. Ўшанда камера объективига тушган қор билан қопланган сентябрь ойидаги Москва манзаралари фильмни 3,5 дақиқага узайтиради. Рязанов мавсумга мос келмайдиган ҳолда музлаган пойтахт кадрларини фильмдан олиб ташлашга кўзи қиймайди.
Сараланган актёрлар
Актёрлар таркиби ҳам бюрократик жараёнларни четлаб ўтиб, шошилинч равишда йиғилади — “Мосфильм” раҳбарияти режиссёрга тўлиқ ишонч билдирарди. Андрей Мягков (Анатолий Новоселцев), Олег Басилашвили (Юрий Самохвалов) ва Лия Ахежакова (котиба Верочка) “Тақдир ҳазили” фильмидан бери Элдар Рязановнинг ишончли актёрлари сифатида кўриларди. Светлана Немоляевани (Олга Рижова) эса режиссёр “Гусар балладаси”нинг кастингида кўриб, эътиборга олиб қўйган эди.
Четдан таклиф этилган ягона актриса Людмила Иванова бўлиб, у касаба уюшмаси фаоли Шура ролини ижро этади. Алиса Фрейндлихга ҳам “статистика муассасаси” директори Людмила Прокофевна Калугина роли ҳеч қандай эътирозсиз берилади. Элдар Александрович узоқ вақтдан бери у билан ишлашни орзу қиларди: актрисани “Гусар балладаси”да ҳам, “Омад чиптаси”да ҳам кўришни истаган, аммо уларнинг ҳамкорлиги илгари амалга ошмаганди.
Верочканинг кўринмас турмуш ўртоғи
Брагинский ва Рязанов Лия Ахежаковага мослаб, котиба образини қайта ёзишга мажбур бўлган. Аслида Верочка 20 ёшли, эркин фикрли ва жозибадор қиз бўлиб, унинг турмуш тарзи темпераментли актрисанинг табиатига мутлақо мос келмасди. Шунинг учун Калугинанинг “ўнг қўли”ни асосий роллар рўйхатида бўлган Александр Фатюшиннинг қаҳрамонига “турмушга бериш” тўғрисида қарор қабул қилинган. Аммо жароҳатланган кўзи сабабли актёр якуний монтажга киритилмаган.
Натижада қаҳрамон фақатгина телефон гўшагида гаплашадиган овозга айланган. Кейинчалик Фатюшиннинг овози ҳам олиб ташланган — унинг ўрнига маҳаллий гап-сўзларни яна ўша Басилашвили тинглайдиган бўлган.
Қаҳрамонларнинг яшаш жойлари
Қаҳрамонларнинг яшаш жойи ҳам томошабинларга уларнинг ижтимоий мавқейини дастлабки сонияларданоқ кўрсатиб беради.
Оля Рижова — Новоселцев ва Самохваловнинг “доим тўрхалта кўтариб юрадиган” университетдаги курсдоши — эрта тонгда шаҳар атрофига қатнайдиган электричкага шошилади. Немоляева гавдалантирган қаҳрамон “шаҳар ташқарисида, аммо бекатга яқин” алоҳида хонадонда яшашини айтса-да, аслида Москва чегарасида жойлашган “Лосиноостровская”ни илғаб олиш мумкин.
“Олимп”га бир оз яқинроқ жойда ўта замонавий котиба Верочка: у ўша пайтда Москва чегараси ҳисобланган Чертановодан келадиган эрталабки трамвайни кутади.
“Оддий ходим” Анатолий Ефремович эса Чернишевский тор кўчасидан идорага йўл олади. Янги ўринбосар Юрий Самохваловнинг кўп хонали квартираси эса Марказий телеграфга қўшни — Горкий кўчасида жойлашганди.
Элита вакили Людмила Калугина эса Москва марказида — Катта Никицкая кўчасидаги 43-уйда, Скатерний тор кўчасига қараган хонадонда яшайди. Новоселцев раҳбарининг уйига ташриф буюришдан олдин дадиллик тўплаган болалар майдончаси жойлашган ҳовли эса суратга олиш учун махсус барпо этилган.
Қиммматбаҳо техникалар
Ходимларнинг ёзув жиҳозлари 70 йиллар учун жуда ҳашаматли бўлган: саранжом-саришта ёзув машиналари, янги телефон аппаратлари ва ҳатто Болгариянинг “Элка” электрон калкуляторлари. Компьютерда яратилган ва чоп этилган “Жаконда” тасвири эса ўша давр учун ҳаддан ташқари илғор технология эди.
Людмила Прокофевнанинг хонасидаги компьютер алоҳида эътиборга сазовор. Бу Венгриянинг Видеотон-340 русумли компьютери бўлиб, совет даври учун ноёб ва ниҳоятда қимматбаҳо ускуна эди, унинг нархи тахминан ярим миллион рублни ташкил этарди. Шу боис ҳар куни Марказий статистика бошқармаси ходими чет эл техникасини суратга олиш майдончасига ўзи олиб келарди.
Образларнинг яратилиши
Суратга олиш гуруҳи Новоселцев ва унинг бошлиғининг ташқи кўриниши устида анча тер тўкишга тўғри келган. Вазифа ғоят мураккаб эди: машҳур ленинградлик романтик Женя Лукашинни содда ва камтар Новоселцевга айлантириш керак эди. Уларга сунъий мўйлов ва қалин линзали кўзойнак асқатади. Унча кўзга ташланмайдиган, аммо жуда маъноли детал сифатида, эски туфлиларга оқ пайпоқлар ҳам қўшилади.
Фрейндлихнинг 36 ёшли “кампир”га айланиши ҳам деярли имконсиз туюларди. Унинг образини киностудия шийпончасида сочилиб ётган шаклсиз ва дидсиз костюмлар ташкил этади. Чиройли кўк ёқали, чўнтакли ва оқ тугмали катакли кўйлак эса, аксинча, Моделлар уйида махсус буюртма асосида тикилган. Кейинчалик бу либос “Экипаж” драмасининг костюмерларига мерос бўлиб ўтади.
Ишоралар
“Ишдаги ишқ” фильми барча персонажлар ишлайдиган бинога кираверишдаги тахтачалардаги кулгили ёзувлар шаклида ишораларга тўла. У ерда “Главсовшерст”, “МЗСТУФХМ ҳузуридаги махсус изолятор”, “Ташқи алоқалар бошқармаси” ва бошқа кўплаб ёзувлар бор. Улар, чамаси, цензорлар эътиборидан четда қолган.
“KLOOP қошидаги НИИ ЧЕGO” — бир вақтнинг ўзида Стругацкий ака-укаларнинг “Душанба шанбадан бошланади” (НИИЧAVO) қиссасига ҳамда совет сатирик ёзувчилари Илф ва Петровнинг СССРдаги сон-саноқсиз беҳуда муассасаларни масхара қилган фелетонига ишора. “Главриба МОСРИБSTRОЙНИНГ” — Михаил Булгаковнинг “Итюрак” асаридаги Шариковнинг биринчи гапини эслатади.
“GLAВБУРЕНИЕ” эса “Чуқур бурғулаш идораси”га ишора, чунки Советлар даврида КГБни ҳазиллашиб шундай аташарди.
Изоҳ (0)