Сўнгги йилларда ўтказилган педиатрия ва эндокринология соҳасидаги кузатувларга кўра, болаларда балоғатга етиш ёши сезиларли даражада илгариламоқда. Бу жараён ўртача ярим аср аввалгига нисбатан деярли бир йилга эрта содир бўлмоқда. Соҳа мутахассисларининг фикрича, бундай демографик ва биологик ўзгаришларда атроф-муҳит таъсири, ижтимоий ҳаёт тарзи ва айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг таркиби муҳим рол ўйнамоқда.

Сан Францискода ўтказилган эндокринологлар анжуманида болалар орасида кузатилаётган эрта балоғатга етиш ҳолатларининг асосий сабабларидан бири муҳокама қилинди. Олимлар бундай ўзгаришларга озиқ-овқат маҳсулотларига қўшилаётган ширин таъм берувчи моддалар сабаб бўлаётганини аниқлашган. Айниқса қуйидаги моддаларнинг болалар организмига таъсири кучли эканлиги исботланган:
- аспартам (Э951)
- сукралоза (Э955)
- глицирризин
- ацесулфам калий
- қўшимча шакар моддаси.
Баъзи ширин таъм берувчи моддалар эрта балоғатга етиш хавфини сезиларли даражада оширади. Айниқса, генетик жиҳатдан мойиллиги бор болалар бунга кўпроқ дучор бўлади.
Ушбу хулосалар 1 400 дан ортиқ ўсмир иштирокида ўтказилган кенг қамровли тадқиқотлар асосида тасдиқланган. Тажриба иштирокчиларининг ҳар учинчисида эрта балоғатга етиш ҳолати аниқланган. Хусусан, сукралоза моддаси ўғил болалар учун эрта балоғат хавфини кучайтириши, глицирризин, сукралоза ва қўшимча шакар қиз болаларга кўпроқ таъсир қилиши қайд этилган.
Албатта, ҳар бир бола ўзига хос кўринишга эга бўлиб, уни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилиш ҳар бир ота-она учун муҳим. Бироқ тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, эрта балоғат психологик ривожланишда ҳам маълум хавфларни келтириб чиқаради. Бу эса боланинг кейинчалик секинроқ ўсишига, ўзига бўлган ишончининг камайишига ва ҳаттоки ёшлигиданоқ зарарли одатлар ёки гиёҳванд моддаларга қизиқишга олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, эрта балоғатга етган қизларда келажакда юрак-қон томир касалликлари, инсульт ва қандли диабетга чалиниш хавфи юқорилиги ҳам аниқланган.
Шу сабабли, болалар рационини назорат қилиш, уларнинг газли ичимликлар, ширинлик маҳсулотлари ва сунъий қўшимчаларга тўла овқатларни истеъмол қилишини чеклаш ҳамда соғлом турмуш тарзига риоя қилишга ўргатиш лозим.
Изоҳ (0)