Ўзбекистонда ерларни муҳофаза қилиш ва ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги оширилади. Президент томонидан 5 май куни имзоланган қонун билан Ер кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ҳужжатда қайд этилишича, бўш турган ерларнинг ҳисобга олиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ер фондининг бошқа тоифасига ўтказиш механизмларини такомиллаштириш, ҳуқуқ эгаларининг ер участкаларини олганлик учун ҳақ тўлашни амалга ошириш юзасидан масъулиятини кучайтириш зарурати юзага келмоқда.
Қонун билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг турларига аниқлик киритилмоқда. Суғориладиган ерларни ер фондининг бошқа тоифасига ёки суғорилмайдиган ерлар тоифасига ўтказиш бўйича аниқ талаблар белгиланмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришининг нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш зарур бўлган ҳоллар кенгайтирилмоқда.
Хусусан, Ер кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар:
- фойдаланиш турига кўра — қишлоқ хўжалиги ерларига ва қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи ерларга;
- сув билан таъминланиш даражасига кўра — суғориладиган ерларга ва суғорилмайдиган ерларга бўлинади.
Суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозим. Ушбу ерларни ер фондининг бошқа тоифасига ёки суғорилмайдиган ерларга ўтказиш алоҳида ҳолларда, тупроқ-мелиоратив ва иқтисодий шароитлар, ерларнинг сув билан таъминланганлиги даражаси, шунингдек, сув ресурсларининг мавжудлиги ҳамда уларга доир лимитлар ҳисобга олинган ҳолда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг, Сув хўжалиги вазирлигининг ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг хулосаларига мувофиқ президент фармойиши билан амалга оширилади.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқ бекор қилинганда, мазкур ер участкаси захира ерлар тоифасига ўтказилмайди ҳамда туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти органларининг тасарруфида бўлган бўш турган ер участкалари сифатида ҳисобга олинади.
Туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти органларининг тасарруфида бўлган бўш турган ер участкалари 15 кунлик муддатда туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига асосан давлат ер кадастрида ҳисобга олиниши ҳамда ушбу ерларни бошқа юридик ва жисмоний шахсларга бериш чоралари кўрилиши керак.
Ер участкасини олганлик учун ҳақ белгиланган муддатларда тўланмаганда – муддати ўтган қарздорлик унинг мавжудлиги тўғрисида ваколатли органлар томонидан огоҳлантириш берилган санадан бошлаб 6 ой ичида бартараф этилмаганда ер участкаларига бўлган ҳуқуқ бекор қилиниши белгиланди.
5 май куни “Ер участкаларидан фойдаланиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам имзоланди. Унга кўра аҳолининг дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш тақиқланди.
Изоҳ (0)