Экспертларнинг баҳолашига кўра, бугунги кунда Ўзбекистондаги 70 фоиздан ортиқ ер майдонлари деградацияга учраган бўлиб, ҳар йили 830 млн долларлик йўқотишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, энг кўп шўрланган ерлар Қорақалпоғистонда (90-95 фоизни), Бухорода (96 фоизни) ва Хоразм воҳасида (95-100 фоизни) жойлашган.
Давлат экология қўмитасининг маълумотига кўра, органик моддаларнинг 30-40 фоизга камайиши ҳисобига республика ҳудудининг 40 фоиз тупроқлари унумдорлиги пасайган.
Шу билан бирга, 800 минг гектарга яқин суғориладиган ерлар суғориш техникаси ҳамда ерларни текислаш тадбирлари нотўғри амалга оширилаётгани туфайли эрозияга учрамоқда.
БМТнинг барқарор экотизимлар ва чўлланиш бўйича Глобал маркази экспертлари яқин йилларда ерларнинг деградацияси қишлоқ хўжалиги ривожланишини чеклашга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган.
«Ўзбекистонда ерларни деградация ва чўлланишга қарши курашиш бўйича бир қатор тадбирлар олиб борилмоқда. Кейинги йилларда ердан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, ўрмон хўжалиги соҳалари ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича жуда кўплаб меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Албатта, бундай ҳолатларнинг олдини олишда замонавий инновацион технологияларни жорий этиш жуда муҳим аҳамият касб этади», — дейилади Сенат хабарида.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)