Буюк Британия расмийлари Россиянинг эҳтимолий ҳарбий ҳужумига тайёргарлик кўришни бошлади. Улар охирги марта 2005 йилда таҳрирланган уруш ҳолатидаги ҳаракатлар режасининг янгиланган версиясини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу ҳужжат “Миллий мудофаа режаси” деб номланади. У Британия ҳужумга учраган дастлабки кунларда ҳаракатлар кетма-кетлигини белгилайди. Ҳукумат уруш эълон қилинишига қандай муносабатда бўлиши ва уруш даврида мамлакатни қандай бошқариши кераклиги ҳақида маълумотлар бўлади.
Бундан ташқари, Вазирлар маҳкамаси аъзолари ва қироллик оиласининг бункерлардан фойдаланиш тартиби, темир ва автомобиль йўллари, фуқаролик флоти, почта ва телефон тармоқларини ҳимоя қилиш йўллари баён этилади.
Режа оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка ахборот етказиш ва “ресурсларни жамғариш” тартибини ҳам ўз ичига олиши керак. Ҳужжатда можаро бошланишининг бир нечта сценарийси баён этилиши кутилмоқда, улардан иккитаси Буюк Британияга оддий ёки ядровий ракеталар билан ҳужум қилишни ўз ичига олади.
Шунингдек, илк бор кибер уруш сценарийси ҳам батафсил ёзилиши режалаштирилган, бу таҳдид 2005 йилда ҳақиқий хавф сифатида кўрилмаган эди. Бироқ The Telegraph нашрининг таъкидлашича, бу режанинг яқин ўн йилликларда оммага эълон қилиниши эҳтимолдан йироқ.
Аввалроқ Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили Консерватив партия томонидан тузилган аввалги ҳукумат даврида армия етарлича молиялаштирилмагани ва жанговар ҳаракатлар бошланган тақдирда душманни тўхтата олмайдиган даражада “бўшашгани”ни айтганди.
Буюк Британия, бошқа кўплаб давлатлар сингари, моҳиятан жуда тажрибали ва (чекланган) ҳарбий операциялар ўтказишга тайёр бўлди. Биз тайёр бўлмаган нарса уруш эди. Агар биз урушга тайёр бўлмасак, (душманни) тўхтата олмаймиз, деди Хили.
2024 йил февраль ойида Буюк Британия Мудофаа вазирлиги мамлакат қуролли кучларида юқори интенсивликдаги жанговар ҳаракатларни олиб бориш учун тайёргарлик ва ресурслар етарли эмаслиги ҳақида ҳисобот эълон қилганди.
Изоҳ (0)