Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги янги ташкил этилган Ал-Хоразмий университетининг илк талабасини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев 1 май куни Хоразмдаги ташриф чоғида ҳудуддаги ёшлар билан учрашганди. Ушбу учрашувда сўзга чиққан, Урганч шаҳридаги 3-сонли мактаб ўқувчиси, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Шаҳзода Камолованинг мазкур университетга қабул қилингани маълум қилинди.
У 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб тўлиқ грант асосида ушбу университетда ўқийди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Хива шаҳридаги Президент мактабида Шаҳзода Камолова ва унинг онаси билан учрашиб, Шаҳзода Камоловага ўз устида ишлаши ва ҳаракатдан тўхтамаслигини ва келгуси ишларида доимо муваффақият ёр бўлишини тилади.


Ушбу олийгоҳ президентнинг 30 апрелдаги “Ал-Хоразмий университетини ташкил этиш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилади.
Шу куни давлат раҳбарига Ал-Хоразмий университети тақдимот қилинганди. Университетда 3 та: математика ва информатика факультети, аэрокосмик технологиялар муҳандислиги факультети ҳамда сунъий интеллект факультети бўлади. Уларда иқтисодиёт, ахборот технологиялари, саноат, хавфсизлик, энергетика ва экология каби соҳалар учун мутахассислар тайёрланади. Дарслар ўзбек ва инглиз тилларида, кредит-модул тизими асосида олиб борилади.
Ўқув жараёнлари “Янги Ўзбекистон” университетининг тажрибаси асосида, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой Халқ Республикаси, Буюк Британия каби давлатларнинг нуфузли олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Қабулни 2025/2026-ўқув йилидан бошланади. Жами талабалар сони 4-6 минг атрофида бўлиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)