Комик ва драматик ролларни маромига етказиб ижро этадиган актриса Баҳора Арслонова бу йил 35 ёшни қаршилади. “Тинчлик ортида”, “101 рейс”, “Она қизим”, “Иснод” ва “Зурриёт” каби қатор фильм ва сериалларда суратга тушган актриса ҳақида нималарни биласиз?
“Менинг учта онам бор”
Актриса Қурбон ота хонадонида дунёга келган. Тадбиркорнинг уч рафиқаси бўлган ва Баҳора Арслонова унинг иккинчи аёлидан туғилган.

— Учта онам борлигини ҳеч қачон яширмаганман. Улар алоҳида-алоҳида уйда яшашса-да, байрам кунлари бир уйга йиғилишган. Учта онам ҳам бир-бирини яхши таниган. Ҳатто, туққан онам билан учинчиси бир-бири билан яқин дугона бўлиб кетган. Гарчи отам оламдан ўтган бўлса-да, ҳалигача оналарим бир-бири билан борди-келди қилади. Тўй-тантана бўлса, ҳамма борини ўртага ташлайди.
Мен ҳам отамнинг катта аёлини “ая” деб улғайганман. Афсуски, у ҳам эрта ҳаётни тарк этди. Ҳозир оиланинг “катта аяси” менинг онам. Барча фарзандлар ҳурматини жойига қўйишади. Айримлар ўйлагандек, отамнинг ўлимидан кейин муносабатларимиз ёмонлашгани йўқ. Аксинча, бир-биримизга бўлган муносабатимиз янада ортган.
Болалигим жуда гўзал ўтган. Отам раҳматли ҳар биримизга атаб, янги туғилган тойчоқни тақсимлаб берарди. Болаликдан шўх бўлганим учун акаларим билан баробар йилқи чоптирардим. Санъаткор бўлиш фикри эса тасодифан пайдо бўлган десам ҳам бўлади, дейди актриса Баҳора Арслонова.
“Баҳора эмас, Гулбаҳорман”
Мухлисларга Баҳора бўлиб танилган актрисанинг асл исми Гулбаҳор. Аммо актриса ўз исми билан эмас, тахаллус билан ижод қилишни лозим кўрган.

— Коллежда ўқиб юрган пайтим исми гул билан бошланувчи қизлар кўп эди. Шу сабабдан кўпчилик мени Гулбаҳор эмас, шунчаки Баҳор деб чақиришган. Бу ҳолат институтга кирганимдан кейин ҳам давом этган. Бу танланган тахаллус эмас, балки таниш-билишларнинг менга қўйган исми. Қулоғим ҳам унга ўрганиб кетган, Баҳора дейишса ўзим сезмаган ҳолда тез реакция билдираман, дейди актриса.
“Дилноза Кубаева, Севинч Мўминова ва мен номзод эдим”
Актриса илк роли билан боғлиқ воқеаларни қуйидагича эслайди.

— Кино оламига кириб келишим “Фидойилар” сериали билан бошланган. Ролга қабул қилинишим ҳам жуда қизиқ кечган. Битта кадрда 300 та дубль қилиб режиссёр Абдуҳалил Мигнаровнинг хотирасида қолиб кетган бўлсам керак. Бу ролга 300 га яқин актрисалар кастинг топширишган, ўшалар орасидан Дилноза Кубаева, Севинч Мўминова ва энг сўнггида мен саралаб олинганман. Бахтимга Дилноза Кубаева ҳомиладор бўлган, Севинч Мўминова оила қурган бўлган, хуллас рол менга насиб этган. Бу ролим учун бор-йўғи 600 минг сўм гонорар олганман. Аммо у мен учун ниҳоятда қадрли эди.
Сериалда Шоирахон образини ижро этганман, ўшанда эндигина 19 ёш эдим. Аммо ролимда 27-28 ёшли шифокор қиз ролини ижро этишим керак эди. Тўғриси, бир оз қийин бўлган. Касалхоналарга бориб, шифокорларни кузатганман, улар билан суҳбатлашганман. Ўзимни касалликка солганман ҳатто.
Чунки уларнинг кўз қараши қанақа, беморга қандай қарайди, қандай муомала қилади, буни ўрганишим керак эди. Съёмка жараёнларига келсак, ҳатто режиссёрдан гап ҳам эшитганман, йиғлаган вақтларим ҳам кўп бўлган, дейди актриса.
“Ҳошим Арслоновнинг қизимисиз?”
Баҳора Арслонова илк ролини ижро этган вақтда уни кўпчилик Ҳошим Арслоновнинг қизи деб билган. Аммо актрисанинг яқинлари орасида санъаткорлар йўқ.

— “Ҳошим Арслоновнинг қизимисиз?” деган саволни кўпчиликдан эшитганман. Ҳошим Арслонов устозим эди, у киши билан “101 рейс” фильмида бирга суратга тушганимдан ҳамиша фахрланаман. Одатда ўзбек фильмларида бош рол деганда фақат келишган йигит ва чиройли қизни кўришга одатланиб қолгандик. “101 рейс” фильмининг бош қаҳрамони Ҳошим Арслонов бу борадаги қарашларимизни ўзгартирди, дейди Баҳора Арслонова.
“Овозингиз қўпол экан, дейишган”
Актриса овози қўполлиги учун кўп йигитлар севги изҳор қилиб, кейин фикридан қайтгани ҳақида сўзлаб берди.

— Институтда ўқиётганимда жуда кўпчилик севги изҳор қилган. Бошида севиб қолишарди, гаплашганимиздан кейин овозингиз қўпол экан-а, дейишарди. Мен овозимни ўзгартирмасдим.
“Элдидо”даги Дилниёз бошида мени севиб қолган, кейин эса “Келинг, синглимдек бўла қолинг”, деган. Мен ҳам хўп, деганман, чунки йўқ демайсиз-ку. У жуда яхши инсон, ҳозир ҳам бир-биримизни кўрсак, гаплашиб кетаверамиз.
Бизнинг давримизда севги, оташин муҳаббат деганлари фақат китобий бўлган. Хат ёзишган, масалан, институтда бир-биримизни кўриб қолсак ҳам худди кўрмагандек бўлиб ўтиб кетаверганмиз. Уялганмиз. Акамга “Шуни севиб қолдим”, ака, деб айтгунимча неча кун ухламаганман. Акам “Кимнидир яхши кўриб қолсанг, айт”, дерди, — эслайди актриса.
“Бу қароримдан афсусланаман”
Баҳора Арслонова 2018 йилда асли самарқандлик, аммо узоқ йиллардан буён Россияда яшайдиган Шерали Бобоқулов билан оила қурган. Актриса турмуш ўртоғи билан қандай танишгани ва Россияда кечган ҳаёти ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.

— Тақдирда битилган бўлса, жуфтлар барибир учрашар экан. Турмуш ўртоғим санъатдан бутунлай йироқ инсон, спорт унинг жон-у дили. Қайнопам билан тўрт йил бирга ўқиганмиз ва тўйлари муносабати билан уйларига меҳмонга борганман. Кинодан бутунлай йироқ бўлган инсон мени кўриб, шу қизга уйланаман, деган экан.
Тўйдан аввал турмуш ўртоғим Санкт Петербург шаҳрида яшарди. Мен ҳам бир муддат у ерда яшадим. Аммо яқинлар соғинчи ва ижодим сабаб Ўзбекистонга қайтиб келишни сўрадим. Аммо бу қароримдан ҳалигача афсусланаман. Турмуш ўртоғим ҳам “Сиз сабаб спортдан ва ўз ўрнимни топган Санкт Петербург шаҳридан кетдим”, деб гапираверади. Гапини ҳазилга йўяман-у, аммо барибир қароримдан афсусланаман. Ўзимни ривожлантириш учун ҳам таваккал қилишим керак эди, деб кўп ўйлайман. У ерда режиссёрлик бўйича таҳсил олиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида фильм олармидим, деб афсусланаман, дейди актриса.
“Ажрашайлик, фарзанд кўролмайман”
Айни кунда икки фарзанднинг онаси бўлган актриса бир пайтлар депрессияга тушгани ва санъаткор дугоналарининг гап-сўзи уни қийнагани ҳақида гапирди.

— Тўйдан кейин икки йил ҳомиладор бўлолмадим. Чунки менга шифокорлар “бола бачадони” деб ташхис қўйишганди. Шу боис турмуш ўртоғимга ажрашишни таклиф қилдим. Чунки фарзанд кўролмайман ва турмуш ўртоғимни ҳам бахтсиз қиламан, деб ўйлагандим. Бу ҳис қанчалар оғир эканини фарзандли бўлишни кутаётган инсонлар жуда яхши билади. Шу боис илк ҳомиламни атрофдагилардан яшириб, ўзимни оиламга бағишладим. Буни санъатдаги дугоналарим турлича талқин қилди. Ҳатто санъатдан кетганим, ўрнимни йўқотганим ҳақида ҳам гап-сўзлар бўлди. Турмуш ўртоғимга улардан ранжиганимни айтсам, “Ҳаммаси яхшиликка, атрофдагиларнинг ичидагини билиб олдинг”, деди. Ишонасизми, ўша пайтда ёнимда санъатдаги “қадрдонларим”дан ҳеч ким қолмади. Фарзандим дунёга келгач, аста-секин режиссёрлар сериалларга таклиф этишни бошлади. Ижодимга бўлган муносабат аввалгидек яхшилангани учун атрофимдаги инсонлар сони ҳам кўпайди, дейди актриса.
“Мени ролга таклиф этишмади”
Актриса болаликдан тарихий ролларни ижро этишни орзу қилиши, аммо “Дугоналар шоу” кўрсатувидаги роли сабаб унга бундай рол берилмагани ҳақида гапирди.

— Тарихга қизиқсам-да, бирорта тарихий фильмда суратга тушмаганман. Аммо от спорти билан шуғулланганимни ва қиличбозлик бўйича малакам яхшилигини режиссёрлар билади. От билан боғлиқ мураккаб трюкларни ҳам қийинчиликсиз бажара олишимни яхши билишади. Аммо ролга таклиф этишмайди.
Кастингларда иштирок этишдан оғринмайман. Улар актёрни ўз устида ишлашга, изланишига ундайди. Аммо кастингдан кутилган натижага эришмагач, ҳафсалам пир бўлади. Фильм олингач, атайин кўраман. Мен хоҳлаган ролга кимни олишибди, у қайси жиҳатлари билан мендан устун эди, деган саволга жавоб олишга ҳаракат қиламан. Минг афсуски, маза қилиб ижро этадиган эпизодни қойиллатмаганидан кейин аччиқланаман.
Режиссёр Иброҳим Расулов шоира Зулфияхоним ҳақида фильм олишини айтиб, кастингга таклиф этди. Орадан анча вақт ўтди, мен кастингга жиддий тайёргарлик кўрдим. Шоиранинг ҳаёти ва ижодини ўрганиб, Жиззахдаги ҳайкалини ҳам зиёрат қилиб келдим. Кастингда энг таъсирли эпизодни ижро этиб, маза қилдим. Режиссёрга кастингдан ўтмасам ҳам хабар бериб қўйинг, дегандим. Орадан анча вақт ўтиб, фильм суратга олинаётгани ҳақида эшитдим. Энг ёмони ўша ерда “Баҳора ролни яхши ижро этди, фақат у ‘Дугоналар шоу’ кўрсатувида иштирок этгани учун уни ролга олмадик”, дейишибди. Кўрсатув билан фильмнинг нима боғлиқлиги бор деб ҳайрон бўлдим, дейди актриса.
“От сотиб олишни орзу қиламан”
Актриса отларга қизиқиши ва оиласидаги от билан боғлиқ анъана ҳақида гапирди.

— У қадар кийим-кечак ёки мол-дунёга қизиқадиган аёл эмасман. Аммо пул тўплаб, от сотиб олишни орзу қиламан. Чунки мен харид қилмоқчи бўлган от жуда қиммат туради. Оиламиз анъанасига кўра, отам раҳматли ҳар бир фарзандига биттадан тойчоқ совға қилганди. Унинг ўлимидан кейин бу ишни акам давом эттиряпти. От уйнинг баракаси ҳисобланади. Кичик акам Туркиядаги чемпионатда иштирок этаётганда юраги оғриб қолган. Қишлоқда қолган от зовур бўйида арқонига бўғилиб ўлиб қолган. Ўшанда ёши катталар акамнинг бошига тушиши мумкин бўлган кулфатни от ўзига тортиб олганини айтганди. Менга аталган от эса бир оз эътиборсизлик ва соғинчдан ўлиб қолди. Афсуски, бундан анча кейин хабар топдим, дейди актриса.
“Унинг эри сохта”
Актриса шахсий ҳаёти билан боғлиқ миш-мишлардан ранжигани ҳақида гапирди.

— Миш-мишларнинг бўлиши табиий. Аммо куракда турмайдиган ва кишини ранжитадиганлари ҳам бор. Масалан мени анча вақт “эри сохта, пул эвазига ёллаган, оиласини Баҳора боқади, эри алфонс”, деганлар ҳам бўлган. Бу гаплардан турмуш ўртоғимдан кўра, кўпроқ мен хафа бўлганман. Турмуш ўртоғим ишлайди, аввал ҳам яхши даромад топадиган инсон бўлган. Бундан ташқари, оилавий бизнесни ҳам йўлга қўйганмиз, дейди актриса.
Актирсанинг бир қиз ва бир ўғил фарзанди бор. Ҳозир эса у учинчи фарзандига ҳомиладор.
Изоҳ (0)