«Дарё» анъанавий жаҳон матбуоти шарҳи рукнини давом эттиради.
Европа нацистлар ҳукмронлиги остида қандай бўлар эди?
The Brilliant Maps.com нашри Гитлер Германияси иккинчи жаҳон урушида ғалаба қилганида Европада қандай манзара ҳукм сурган бўларди, дея Германиянинг урушда ғолиб болиши ҳақида ноодатий мақола тайёрлади. Тарих ҳар доим «ундай бўлмаганда, бундай бўларди» каби қизиқарли ва шу билан бирга муқобил тарихни ҳам сиз-у бизга ойнадек тутаверади.Турли ёзувчилар ва тарихчилар ҳозирга қадар агарда Гитлер урушда ғолиб бўлганда нима бўлган бўларди саволи устида баҳслашишни хуш кўради. Аслида эса Германиянинг Совет Иттифоқига қарши очган уруши Гитлернинг биринчи хатоси бўлган бўлса, АҚШга қарши уруш унинг иккинчи хатоси эди. Чин тарихда Гитлер Германияси мағлуб этилди. Кўплаб қурбонлар берилди. Лекин шундай бўлсада, Гитлер 1945 йилда ғалаба қилганда нима бўларди деган саволнинг жавоби ҳам қизиқ. Бунинг эса икки муҳим сабаби бор дейишга асос бор.
Аввало, иккинчи жаҳон уруши дунё тарихида энг қонли ва энг йирик уруш ҳаракатларидан бири бўлди. Бу урушнинг тугаганига етмиш йилдан ошган бўлсада, ўзининг кенг жўғрофий ҳудудда олиб борилгани билан Наполеон урушлари ёки АҚШдаги фуқаролар урушидан фарқли равишда ҳали кўпчиликнинг ёдидалиги билан ҳам эътиборли. Иккинчидан, иккинчи жаҳон уруши ижобий ва салбий қаҳрамонлар ўртасидаги кураш билан ҳам аҳамиятга молик бўлди. Ҳар бир уруш ахлоқсизлик нуқтаи назаридан қоралансада, натсизм эълон қилган уруш энг ахлоқсиз уруш сифатида тарихда қолди.
1962 йилда Филип Дикнинг муқобил тарих ҳақидаги «Баланд қасрдаги одам» романи эълон қилинди. Асарда ёзувчи Гитлернинг иккинчи жаҳон урушида ғалаба қилганлиги ҳақида муқобил тарих воқеаларини 1962 йил билан боғлаган ҳолда баён қилади. Асарда Учлар иттифоқи – Германия, Италия ва Япония иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонади ва дунёни ўз таъсир доираларига бўлиб олади. Асарда реал ҳаётдагига зид бўлган воқеа 1934 йилда АҚШ президенти Франклин Рузвельтнинг отиб ўлдирилиши оқибатида мамлакат буюк бўҳрон исканжасидан чиқа олмай қолади ва ўз кучларини Гитлер Гермнаиясига қарши сафарбар қила олмайди. Шу тариқа нацистлар Буюк Британия, Совет Иттифоқини мағлуб қилади, Япония бўлса, АҚШни тор мор қилади.
Роберт Харриснинг «Фатерленд» асари эса Гитлернинг ғалаба қозониши ортидан нималар содир бўлиши борасидаги воқеаларни ўзига хослик билан ёритиб беради. Роман 1992 йилда чоп этилган бўлсада, асардаги асосий воқеалар 1964 йилда Гитлернинг 75 йиллик юбилейи билан бошланади. Асарда Япония мағлубиятга учрайди, аммо совуқ уруш АҚШ ва Германия ўртасида кечади. Германия бутун Европани ва Урал тоғларигача бўлган ҳудудларни босиб олган бўлсада, чекка ҳудудларда Германияга қарши партизанлик урушлари давом этади. Шарқий Европанинг асосий қисми Рейхскоммисариат таркибига киритилади ва Ғарбий Европада Европа Ҳамдўстлиги ташкил топади.
Иккала асардаги воқеалар Германиянинг иккинчи жаҳон уруҳида ғолиб бўлиши нималарга олиб келиши-ю, нималарни ўзгартиришига боҳқача нуқтадан назар солиш имконини берар экан, беихтиёр китобхонда Гитлернинг урушда ғолиб бўлиш имкони бормиди ўзи деган саволни юзага чиқаради. Германиянинг урушда ғолиб бўлиш имконияти эса деярли йўқ эди. Бунга сабаб, аввало, Германия ҳудудининг кичиклиги ҳам урушнинг аслидагидек тугашига олиб келди. Катта ҳудудларни бошқариш учун Гитлерга катта қўшин ҳам кераклигига аҳамият берилса, вазият ойдинлашади. Иккинчидан, аҳоли сони. Германия аҳолиси 1939 йилда 70 миллионни ташкил қилган ва унинг аҳолиси Буюк Британия, Францияникидан кўп бўлсада, АҚШ ва Совет Иттифоқига қиёслаганда кам эди. Қолаверса, немислар ирқчилик сиёсатига урғу бериб, кўп аҳолини қириб юборади. Учинчидан, иқтисод масаласи. Германия ялпи ички маҳсулоти1938 йилда 375,6 миллард долларни ташкил қилган бўлса, Британия ялпи ички маҳсулотининг ўзи1938 йилда 918,7 миллиард долларни ташкил қиларди. Уруш авжига чиққан паллада Германия, Италия ва Япониянинг ялпи ички маҳсулотини (911 миллиард доллар) қўшиб ҳисоблаганда ҳам АҚШникидан (1 триллион) кам эди. Ниҳоят, нефть масаласи. Замонавий ҳарбий қўшиннинг нефтга эҳтиёжи ҳам юқори бўлади. 1941 йилда Германия заҳирасида 9,5 миллион баррель нефть бўлган бўлса, Британия ва Совет Иттифоқи қўл остида 242 миллион баррель нефть қазиб олинарди. АҚШ эса дунё нефть заҳирасининг учдан икки қисмини қазиб оларди. Нефтга эҳтиёж ҳам Германиянинг ҳарбий харажатлари талабларини қондириш учун етарли эмасди. Гитлер эса боз устига хатоликка йўл қойишда давом этди ва натижада Германия урушдан мағлуб бўлиб чиқди.
Исроил ҳарбий разведкаси қандай фактлари билан эътиборли?
The Haarez нашрининг Исроил ҳарбий разведкаси ҳисоботларига таяниб, эълон қилган мақоласида Эрон кейинги икки-уч йил мобайнида атом бомбасини яратиш имконига эга бўлиши ҳақида ёзади.Исроил ҳарбий разведкаси ҳисоботида Эроннинг атом бомбасини яратиши деярли тайёр бўлганлиги, бунинг учун эса бир неча деталлар етмаётганлигини ҳам тилга олинади. Агарда Теҳрон 40 кило уранни 90 фоизга бойитишни уддасидан чиқа олса, у ҳолда Эрон ҳам дунёнинг навбатдаги ядро қудратига эга мамлакатлар қаторига кириши мумкин ва бунинг учун 2-3 йил вақт талаб қилинади. Эрон айни пайтда атом бомбасини портлатишга имкон берувчи механизмлар ва ракета ташувчилар устида иш олиб бормоқда. Бу икки масала ижобий ҳал этилса, Эрон ўз мақсадига етиши мумкин.
Мутахассислар назарида, Эрон ядровий дастурининг кечикишига ўтган йилнинг ноябрь ойида эронлик физик ядрошунос Муҳсин Фахризоданинг Исроил махфий хизматлари томонидан ўлдирилиши сабаб бўлди. Фахризода Эрон ядро дастурининг барча босқичларига етакчилик қилиб келди ва унинг жисмонан йўқ қилиниши оқибатида айни пайтда Эрон ҳукумати унинг ўрнини боса оладиган мутахассис топишда қийинчиликларга учрамоқда.
Ўтган сешанба куни Эрон ташқи ишлар вазири Эрон давлат телевидениесида чиқиши чоғида агарда ғарб Эронга нисбатан эълон қилинган иқтисодий жазо чораларини бекор қилмайдиган бўлса, Эрон ҳукумати ядро қуролини яратишда давом этиши мумкинлигини билдирди. Эрон ядро бомбасини қўлга киритишга ҳаракат қилаётгани Исроил учун хавф туғдиради. Эронлик юқори мартабали шахснинг ядро дастурини ўзгартириш борасидаги сешанба кунги чиқиши Эрон сиёсий ҳаётида камдан кам учрайдиган ҳолатлардан бири. Шарт эса Эронга нисбатан жорий қилинган халқаро санкцияларнинг бекор қилинишидир.
Байденнинг ҳокимиятга келиш арафасида матбуотда АҚШнинг Эронга нисбатан дипломатияси ўзгаради деган мулоҳазалар ҳам урчиди, бироқ АҚШ ҳукумати яқинда Эронни ядро дастури борасида музокаралар столига қайтариш учун Эронга нисбатан қўлланилаётган санкцияларни бекор қилмаслигини маълум қилди. Эрон эса анчадан бери мамлакатдаги ядро дастури фақат тинч мақсадларда фойдаланилажагини билдириб келади.
Исроил разведкаси эса Эрон 2015 йилдан бери имзоланган шартномаларни бузиб ёки бажармасдан келмоқда. Исроил ҳарбий разведкаси генерал майори Тамир Ҳайман фикрича, Эрон ҳукумати ядро масаласидаги вазиятдан мамлакатнинг айни пайтда бошидан кечираётган молиявий инқирозни бартараф қилишда фойдаланмоқчи ва шу йўл билан музокаралар столига ўтиришга интилмоқда.
Шундай экан, 2021 йил Яқин Шарқ масаласида қандайдир стратегик ўзгаришлар бўлишига умид беради. Эрон ҳам, Ҳизбуллоҳ ҳам иқтисодий жазо чораларини олиб ташланишидан умидвор бўлса, Фаластин Жо Байденнинг қувватловидан умид қилмоқда.
Лавров ҳақида нималарни билишимиз керак?
El Mundo нашрининг ёзишича, Сергей Лавров собиқ Совет Иттифоқининг ўтда тобланган дипломатларидан бири бўлиб, бўш вақтларида «Beatles» гуруҳининг ва Фрэнк Синатранинг қўшиқларини эшитишдан роҳатланиши билан биргаликда, Ғарбга нисбатан ишончсизлик билан қарайди ва Россия манфаатлари четга сурилганда жаҳл отига миниб, мамлакатнинг манфаатларини яраланган шердай ҳимоя қилишга отланади ҳамда собиқ Совет Иттифоқининг қудратли бўлган даврларини қўмсайди.Агарда Европа Иттифоқи кенгаши дипломати Жозеп Боррел Лавровни яхши ўрганганида эди, эҳтимол у бугун Москавага сафари муваффақиятсиз тугаганидан хафа бўлмаса ҳам бўларди. БМТнинг собиқ бош котиби Кофи Аннан Лавров ҳақида гап кетганда Россия ташқи ишлар вазирини «замонамизнинг ҳурматга сазовор дипломатларидан бири» сифатида таърифлаганда адашмаганди. Россия ташқи ишлар вазирлигига2004 йилда келган Сергей Лавров ғарблик ҳамкасблари орасида эътирозларга ҳам сабаб бўлганди. Айрим ғарблик дипломатлар назарида «Лавров эшитишдан кўра, танқид қилишга ва бошқаларнинг у ёки бу масаладаги сиёсий режаларини бузишдан роҳатланишга» мойил сиёсатчи ҳисобланади.
Жозеп Боррелнинг Европа Иттифоқининг хавфсизлик ва ташқи ишлар бўйича вакили сифатидаги Россияга ташрифи икки тарафнинг матбуот конференцияси уюштирилган пайтда энг юқори чўққига чиқди. Боррел эҳтимол Лавровнинг совет «динозаври» ва ҳозирги дунё ташқи сиёсатининг «сохта хабарлар тарқатиш борасидаги устаси фарангларидан» эканлигини билмаганидан хафа бўлиши бордир. Сергей Лавров Боррел билан мулоқоти чоғида Навальнийни Испания хоҳламайдиган Каталониядаги айирмачилар қаторига қўшишга журъат топа олди. Боррел назарида эса, Россия мустақиллик учун ҳаракат қилаётган кучларни энг ёқламайдиган давлатдир.
Сергей Лавров доим ўз ҳаракатларида Совет дипломатияси мактаби таомилларига риоя қилган ҳолда ҳаракат қилиб келади. Шу сабабдан, у ҳамиша ўз президентини ҳимоя қилган ҳолда, Ғарбнинг «деганлари ва айтганларига» ишончсизлик руҳи билан қараб келади. Россия манфаатларини ҳимоя қилишда халқаро масалаларда тузоқ қўйишни яхши уддалаб келмоқда. Сергей Лавров ғарб матбуотига берган интервьюларидан бирида «Илгари ғарб ва совет империяси мавжуд эди ва улар учинчи давлатлар ҳудудида ўз ҳисоб-китобларини тўғрилашар эди. Улар ҳеч қачон ўз ҳисоб-китобларини ўз ҳудуди ва чегараларига яқинлаштирмасди ва ҳаттоки, жамоатчиликка аталган нутқ ҳам анчайин юмшоқ оҳангда олиб бориларди. Ўша пайтда икки қутб бир-бирларининг чегараларига яқинлашмасди. Бугун эса бу қоидалар барҳам топди», дея жавоб берганди.
Лавров бир пайтлар Нью-Йоркда чекишга қарши кураш авж олганда БМТ биносида чекиш тақиқланиши борасида ҳам ғазабга минганди. Украина ва Грузия Россия таъсиридан чиқишга уриниб «My way» қўшиғига рақсга тушаётганда эса Путин каби бу жараёнларга салбий муносабат билдирган дипломат сифатида тилга тушганди.
Эркинлик масаласи ҳақида гап кетганда Лавров ҳақиқий устаси фаранг. Уйдирма ва ҳақиқатни шундай қориштириб юборадики, натижада қаерда ҳақиқат тугаб, қаерда ёлғон бошланишини билиб болмай қолади, дейди Лавровни яхши таниган сиёсатчилар. Навальний борасида ҳам шундай бўлди. Россия назарида Навальний ўз халқига душман ва зўравон. Русларни адашишга мажбурлаётган бир куч. Каталониядаги вазият жунбушга келган бир таранг сиёсий вазиятда эса у сукут сақлаб, воқеаларни ўз ҳолига ташлаб қўйган дипломат бўлди.
2014 йил Россия билан биргаликда Сергей Лавров учун машаққатли йил бўлди. Россия Қримни аннексия қилди. Россия халқаро муносабатларда иҳоталанди ва Сергей Лавров ўзини ҳақиқий рус йўлбарсидек кўрсатишига тоғри келди. У, ҳаттоки, шундай бир таранг вазиятда чекишни кунига тўрт дона сигаретгача камайтирган дипломат сифатида БМТ коридорларида ўзига хос ғийбатларнинг марказига айланди.
Сегей Лавров Россия ташқи ишлар вазири бўлгунга қадар БМТда 1994 йилда то 2004 йилга қадар доимий вакил бўлиб ишлади. Косово ва Ироқдаги сиёсий воқеаларда АҚШнинг ҳаракатларини танқид қилди. Таъкидлаш жоизки, Сегей Лавров ўз ҳамкасблари орасида кучли хотира эгаси ва бўлаётган сиёсий воқеаларга тезкор жавоб қиладиган дипломат сифатида ҳам тилга тушган.
Сегей Лавров сингал, инглиз, француз тилларида эркин мулоқот қила олади. 1950 йилда Москва шаҳрида туғилган бу дипломат Москва давлат халқаро муносабатлар институтини 1972 йилда тамомлаган. Ўз иш фаолиятини дастлаб Шри Ланкада Совет Иттифоқининг элчихонаси ходими сифатида бошлаган.1981—1988 йилларда Совет Иттифоқининг БМТ ваколатхонасида катта маслаҳатчи ходим сифатида давом эттиради. Совет Иттифоқи парчалангач эса у Россия ташқи ишлар вазирлигининг турли лавозимларида ташқи ишлар вазири лавозимига тайинлангунга қадар фаолият юритиб келди.
Изоҳ (0)