Голливуд юлдузи Клинт Иствуд ва имидж ҳуқуқларига эгалик қилувчи Garrapata компанияси Литвадаги CBD ишлаб чиқарувчисининг маҳсулотида 91 ёшли актёрнинг образидан ноқонуний фойдалангани учун Mediatonas UAB компаниясидан 6,1 миллион долларлик даъвони ютиб чиқди, деб хабар беради Esquire.
2020 йилнинг июлида Иствуд Лос-Анжелес судига CBD ишлаб чиқарувчилари ва сотувчиларига нисбатан иккита даъво аризасини киритган эди. Улар ўз маҳсулотларининг рекламасида актёрнинг мавжуд бўлмаган интервьюсидан фойдаланган. Унда Иствуд марихуана ўсимлиги таркибидаги психотроп бўлмаган каннабидиол моддасидан фойдаланишни маъқуллагани кўрсатилган. Шунингдек, актёр ўз номига боғлиқ ушбу маҳсулот сотилаётган 10 та интернет-дўконини ҳам судга берган.
2021 йилнинг февралида Иствуднинг юристлари ўзининг сайтларида актёрнинг ёлғон интервьюсини эълон қилган Mediatonas UAB компаниясига нисбатан ўзгартирилган даъво аризасини судга киритган. Суд қарорига кўра, Иствуд 6,1 миллион доллардан ташқари, адвокатларининг гонорари сифатида 95 минг долларни ҳам қўлга киритган.
Шу билан бирга, суд Иствуд ва Garrapata’нинг даъвосини тўлиқ қаноатлантирмаган. Чунки даъвода улар компанияни туҳматда ҳам айблаган. Судьянинг сўзларига кўра, рекламада фойдаланилган тил «бир қарашда туҳматга ўхшамайди».
Мавзуга доир: Трамп жияни ва The New York Times газетасини судга берди
Изоҳ (0)