Россиялик миллиардерларнинг бойлиги 2025 йилнинг дастлабки ойларида деярли 15 миллиард долларга ошиб, 305 миллиард долларга етди. Энг юқори ўсиш Алишер Усмоновда кузатилди. Bloomberg Billionaires Index (BBI) янгиланган рейтингни эълон қилди.

Йил бошида металлургия, тоғ-кон саноати, телекоммуникация ва технологиялар соҳаларидаги тузилмаларга эгалик қилувчи, USM холдинги (“Металлоинвест”, “Удоканская мед”, “Мегафон”) асосчиси Алишер Усмонов энг кўп даромад олди. Унинг бойлиги 3,6 миллиард долларга ошиб, 16,9 миллиард долларни ташкил этди. Бундай миқдордаги активлари билан у сайёранинг энг бой одамлари рейтингида 129-ўринни эгаллаб турибди.
“Еврохим” ва Сибир кўмир энергетика компанияси ҳаммуассиси Андрей Мелниченконинг бойлиги бу вақт ичида 22,7 миллиард долларга (+2,5 миллиард доллар) ошди ва у рейтингда 88-ўринни эгаллади. Россияликлар орасида активлар ҳажмининг ўсиши бўйича учинчи ўринни Доғистон сенатори Сулаймон Керимов эгаллади. У 2025 йилнинг дастлабки ойларида 2,45 миллиард долларга бойиб, рейтингда 311-поғонага жойлашди.
“Норникел”нинг энг йирик акциядори, россиялик миллиардерлар орасида энг катта бойликка эга “Интеррос” холдинги президенти Владимир Потанин бойлигини 2,2 млрд га ошириб, рейтингда 57-ўринни эгаллади.
Россиялик миллиардерлар орасида бойлиги камайиб кетганлари ҳам бор
Уларга жами тўрт киши киради. Йилнинг дастлабки ойларидаги энг йирик “омадсиз” — Новолипецк металлургия комбинати директорлар кенгаши раҳбари Владимир Лисин бўлиб, у 2,3 миллиард доллар йўқотди (унга жами 23,5 миллиард доллар тегишли).
Кейинги ўринларда президенти Владимир Путинга яқин, “Новатек” ва “Сибур”нинг асосий акциядорларидан бири олигарх Геннадий Тимченко 1,57 миллиард (9,4 млрд доллар)га қашшоқлашди; “Алфа-Групп” ҳаммуассиси Михаил Фридман 1,45 миллиард (13,3 млрд доллар) йўқотди; ва “Новатек” бошқарув раиси Леонид Михелсоннинг бойлиги 1,3 миллиард (21 млрд)га камайди.
Bloomberg рейтингига жами 22 нафар россиялик миллиардер, жумладан, Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров ҳам киритилган. Унинг бойлиги 12,6 миллиард долларга баҳоланмоқда (йил бошидан буён 1,6 миллиард долларга ўсган).
Изоҳ (0)