Президент Шавкат Мирзиёев 29 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Бу мажмуа тарихда илгари бўлмаган улкан ва ноёб лойиҳадир. Бугунги кунда муҳташам бино қад ростлаб, қурилиш якуний босқичга кирган.
Ушбу марказ президентнинг 2017 йил 23 июндаги қарорига биноан бошланиб, 2018 йилги Рамазон ҳайити куни давлат раҳбари унинг пойдеворига тамал тоши қўйган эди.
Бағоят улуғвор марказ биноси уч қаватни ташкил этиб, қадимги меъморий обидаларимиз шаклида бунёд этилмоқда. Миллий гумбаз ва пештоқлар, нақшларнинг ажойиб уйғунлиги унга алоҳида кўрк ва салобат бағишлаган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган.
Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – қадимий Усмон Мусъҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, Ўзбекхон, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган муқаддас китобимиз нусхалари ва уларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари қўйилади. Жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлардан намуналар ҳам ўрин олади.
“Халқимизнинг бой ва бетакрор меросига оид кўп китоблар, турли ўлкаларга сочилиб кетган қўлёзмалар, ноёб маълумотлар, санъат асарлари, афсуски, бизга номаълум эди. Мана шу марказ сабаб бўлиб тарихни ўрганишда катта қадамлар қўйдик, янги манбалар юзага чиқди. Энди буларнинг таъсири, натижаси қандай бўлади? Уларни фақат ёдгорлик сифатида сақламасдан, фаол илмий истеъмолга киритиш, аҳолимиз, ёшларимизга тушунарли тилда етказиш, жаҳон жамоатчилигига кенг тарғиб қилиш керак. Бу даргоҳ нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур маркази бўлиши зарур”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мажмуада “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон ХХ асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар ташкил этилади. Президент уларнинг илмий концепцияси, яратилган шароитларга алоҳида эътибор қаратди.
Мазкур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мултимедиа воситалари орқали намойиш этилган. Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Али Қушчи каби аллома ва мутафаккирларнинг серқирра фаолияти ҳақида маълумот берилган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби уламоларнинг ислом маърифатига қўшган ҳиссаси атрофлича ёритилган.
Айни вақтда мажмуада Бибихоним, Хонзодабегим, Гавҳаршодбегим, Гулбадан, Нодирабегим, Увайсий, Анбар отин каби тарихимизда чуқур из қолдирган машҳур аёлларнинг илм-маърифат ҳомийси сифатидаги фаолияти ҳам ўз ифодасини топган. Бу экспозиция бугунги қизлар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.
Давлат раҳбари марказнинг фаолияти ва аҳамияти ҳақида тўхталди.
“Ислом цивилизациясининг, ислом таълимотининг замини – аслида илм-фан, маданият, таълим ва тарбиядир. Биз барпо этаётган марказнинг бош ғояси, асоси ҳам шу. Энг муҳим томони – юртимиздаги ислом маданияти билан боғлиқ бир неча минг йиллик қадимий ўтмиш бир жойда – мана шу мажмуада мужассам бўлади. Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англайди”, – деди президент.
Ана шу вазифадан келиб чиққан ҳолда, марказда улуғ аждодларимиз меросини чуқур тадқиқ қилиш, уни бугунги куннинг ўткир муаммоларига жавоб бера оладиган ҳаётбахш кучга айлантириш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий номидаги ва бошқа халқаро илмий-маърифий ташкилотлар фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан мувофиқлаштириш, биргаликда замонавий таҳдидларга муносиб илмий жавоблар топиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак.
“Насиб этса, бу мажмуа ўзимизнинг меъморий тажрибамиз, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик мактаби, илмий-маънавий салоҳиятимиз рамзи сифатида тарихга киради. Ҳар бир бўлимнинг мазмун-моҳияти айни шу мақсадга қаратилиши лозим. Чет элдаги машҳур музей ва кутубхоналар, нуфузли мутахассислар билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани, китоблар, мақолалар нашр этилаётгани эътиборга лойиқ. Бу ишлар доимий ва илмий асосга эга бўлиши учун ишни режали ташкил қилиш керак. Бош мақсадимиз – миллий ўзлигимизни англаш ва англатиш”, – деди давлат раҳбари.
Марказ томонидан бир қатор халқаро илмий муассаса ва ташкилотлар, жумладан, ЮНЕСКО , АЙСЕСКО билан яқин ҳамкорлик ўрнатилди. 2024 йил августда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” мавзусидаги VIII халқаро конгресс ўтказилди. Унда 35 та давлатдан 200 га яқин хорижий олимлар қатнашиб, марказ бўйича қимматли таклиф ва тавсиялар билдирди.
Қурилиш ишлари ва экспозиция билан танишиш жараёнида Шавкат Мирзиёев марказ фаолиятини ташкил этиш, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.
Давлат раҳбари шу ерда Тошкентнинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот билан ҳам танишди.
Бундай лойиҳалар кўп жойларда бошланган. Бектемир, Мирзо Улуғбек, Миробод, Юнусобод, Яккасарой, Янгиҳаёт туманларида 7/24 тартибида ишлайдиган ўнлаб сайёҳлик манзиллари ташкил этилган.
Тошкентнинг эски шаҳар ҳудуди ўзига хос тарихий аҳамиятга эга. Бу ерга йилнинг барча мавсумида хорижий сайёҳлар кўп келади. Шу боис ҳудуд туризм хизматларига ихтисослаштирилмоқда. Жумладан, ўтган йили Чорсу бозори ёнидаги Гулбозор маҳалласида шундай кўча ташкил этилганди. Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳам ободонлаштирилмоқда.
Энди буларга уйғун равишда гастрономик ва туризм кўчаларини ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун 17 та кўча ва 32 та берк кўча танлаб олинган. Уларда Эски шаҳарнинг ўзига хос меъморий қиёфасини сақлаб қолган ҳолда, қўшимча инфратузилмалар яратилади.
Бунинг натижасида ҳудудда фаолият юритаётган тадбиркорлар сони 250 тага кўпаяди, 1 минг 500 та иш ўрни очилади. Муҳими, кунлик сайёҳлар сони ҳозирги 4 мингтадан 11 мингтага кўпайиши кутилмоқда.
Мутасаддиларга тадбиркор ва ҳунармандлар учун қулайликларни кўпайтириш, саёҳатларни мазмунли ва қизиқарли ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Фото
Ислом цивилизацияси маркази ҳақида
Шавкат Мирзиёев 2017 йил апрелида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманига ташрифи чоғида Имом Термизий жомеъ масжидини реконструкция қилиш бўйича топшириқ берган ва Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида Ислом маданияти марказини ташкил этиш таклифини билдирганди. Ўша йилнинг июнида Ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади. Сентябрда ушбу мазкур марказ қурилиш лойиҳаси билан танишди. Ташриф давомида марказ қурилишига Алишер Усмонов кўмак бераётганини айтди.
2018 йил 15 июнь, Рамазон ҳайити куни Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси маркази пойдеворига тамал тошини қўйди. 2022 йил апрелида президент қурилиши давом этаётган Ислом цивилизацияси марказини яна бориб кўрди.
Мажмуа уч қаватли бўлиб, қадимий обидалар шаклида барпо этилган. Биринчи қаватда музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари жойлашади. Иккинчи қават мажмуанинг асосий кўргазма майдони бўлади. Бу ердаги Ислом тарихи музейи 9 та бўлимдан ташкил топади. Бинонинг марказида, 65 метр баландликдаги гумбаз остида Ислом оламининг дурдонаси ҳисобланган Усмон мусъҳафи қўйилади. Бу зал атрофида яна 8 та – “Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё”, “Исломнинг Марказий Осиёга ёйилиши”, “Таълим”, “Илм-фан”, “Меъморчилик ва шаҳарсозлик”, “Санъат ва бадиий ҳунармандчилик”, “Анъаналар” ҳамда “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” бўлимлари жойлашади.
Ислом цивилизацияси маркази Ҳастимом мажмуаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Халқаро ислом академияси билан ёнма-ён қурилиб, яхлит комплекс ҳосил қилади.
Марказ қурилиши етти йилдан бери давом этмоқда. Режага асосан, жараён 2023 йилда якунланиши керак эди. Бироқ пандемия сабаб маҳсулотлар етказиб бериш ва қурилиш ишлари кечиккан.
Изоҳ (0)