Forbes 37-миллиардерлар рейтингини эълон қилди. Унда Марказий Осиёдан фақат Қозоғистон вакиллари бор.
Қозоғистоннинг 6 нафар миллиардери Forbes рейтингидан жой олган. Улардан учтаси банк соҳасидан даромад олади.
Қозоғистонлик энг бой миллиардер сифатида Владимир Ким кўрсатилган. Унинг бойлиги 2022 йилга нисбатан 400 млн долларга камайган.
Владимир Ким қурилиш муҳандислиги, иқтисод ва бизнес бошқаруви бўйича академик маълумотларга эга.
Рўйхатнинг иккинчи ва учинчи ўрнидан Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи ва куёви — Тимур Кулибаев ҳамда Динара Кулибаева жой олган. Иккисининг ҳам бойлиги 4,3 млрд долларга баҳоланмоқда.
Шунингдек, қозоғистонлик миллиардерлар орасида Вячеслав Ким, Тимур Турлов ва Булат Утемуратов ҳам бор.
Forbes рейтингида Марказий Осиёдан бошқа давлат вакиллари ўрин олмаган.
Ўзбекистонда туғилган Алишер Усмонов Россия фуқаролигига эга эканлиги сабаб россиялик миллиардер сифатида кўрсатилган. Унинг бойлиги 14,4 млрд долларга баҳоланмоқда.
Forbes журналининг умумий рейтингида франциялик Бернард Арно етакчи бўлди. Унинг бойлиги 211 млрд долларга баҳоланган.
Изоҳ (0)