Таниқли хонанда Дилфуза Исмоилова фирибгарлик оқибатида 80 минг долларга чув тушишгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат юзасидан суд жараёни якунланди.

Тошкент шаҳар судларининг “Дарё”га маълум қилишича, судланувчи М.Ж.дан жабрланувчи Дилфуза Исмоилова фойдасига 80 000 АҚШ доллари ҳукм чиқарилган кундаги сўмга нисбатан қийматда, яъни 1 млрд 035 млн 848 минг сўм, етказилган моддий зарар миқдори ундирилиши белгиланган.
Судланувчидан фақат Дилфуза Исмоилова эмас, бошқа фуқаролар ҳам жабрланган. Хонанданинг адвокати Зебо Комилованинг сўзларига кўра, судланувчи аввалига хонанданинг “гап”ига қўшилган. Сўнгра ўзини цитрус мевалар савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор сифатида кўрсатиб, унинг ишончига кирган.
У четдан келаётган цитрус меваларнинг ҳар бир юк машинасидан 25-30 минг фойда олаётганини айтган. Бунга ишонган Дилфуза Исмоилова “Мен ҳам бизнес бошламоқчи эдим, яхши режа экан, пул тикаман” деган. Улар фойдани тенг бўлишга келишган. Шу тариқа хонанда судланувчининг тузоғига тушиб қолган.
У Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва 6 йил 4 ойга озодликдан маҳрум қилинди.
Куни кеча Шукрулло Исроиловнинг машинасини олиб қочган йигитга суд ҳукми ўқилган эди. Судда қизиқчининг ўғли судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдирган. Суд ҳукми билан айбдор 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Изоҳ (0)