Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида эркак ўз хотинини ўлдириб қўйгани ҳақида хабар берилганди. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди.
Қайд этилишича, 18 октябрь куни соат тахминан 21:00 ларда Мирзаобод тумани «Йўлдошобод» яшаган фуқаро М.Ф. (1984 йилда туғилган) яшаш хонадонида турмуш ўртоғи М.А. (1985 йилда туғилган) билан ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб, эр ўз турмуш ўртоғининг бош қисмига ғишт бўлаги билан бир неча марта уриб, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган. Аёл тез ёрдам автомашинасида Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилганда, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан жонлантириш бўлимида вафот этган.
Низоли оила муқаддам маҳалла фуқаролар йиғини томонидан бир неча бор муҳокама этилган. 2022 йил 17 октябрь куни аёл Сирдарё вилояти ИИБ 102 хизматига берган хабарига асосан яшаш уйига Мирзаобод тумани ИИБ HPБ бошлиғи капитан О.Алибеков, HPБ профилактика инспектори, катта лейтенант Ш.Шерқулов етиб бориб суҳбат ва тушунтириш ишларини олиб борган ва аёлга ҳимоя ордери берилган. Тушунтириш ишлари олиб борилганига қарамасдан, 18 октябрь куни ушбу жиноят содир этилган.
М.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)