Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон расмийларини давлат хизматчиларининг даромадини декларациялаш тўғрисидаги қонунни қабул қилишни тезлаштиришга чақирди. Бу ҳақда миссиянинг 2025 йилги маслаҳатлашувлар натижалари бўйича якуний баёнотида келтирилган.

“Яқин вақт ичида давлат мансабдор шахслари ва давлат корхоналари раҳбарларининг мол-мулкини декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши ҳамда хабар берувчиларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳукумат томонидан кўриб чиқилиши кутилмоқда. Расмий органлар ушбу қонунларни имкон қадар тезроқ қабул қилиши ва амалга киритиши керак”, дейилади миссия баёнотида.
Давлат хизматчилари даромадларини декларациялаш
Шавкат Мирзиёев 2025 йил март ойида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида мамлакатда бу иллатга қарши курашиш тизимининг кўламини янада кенгайтириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берганди. Улардан бири — бу “Давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонун”нинг қабул қилинишидир.
Ушбу қонуннинг қабул қилинишини президент таъкидлаб ўтганидек, ноқонуний бойлик орттириш учун жавобгарлик, яъни давлат хизматчиси декларация қилган даромадига мос келмайдиган мол-мулкини қаердан олганини исботлаши кераклигини билдиради.
Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш тизимини жорий этишга 2017 йилдан буён уринилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов “мақсадимиз — эртами-кечми, давлат бюджетидан ойлик пул оладиган барча давлат хизматчилари декларацияланиши керак: мол-мулки, харажатлари, даромадлари”, деб айтганди.
Изоҳ (0)