Барча давлат хизматчилари босқичма-босқич декларация тизимига ўтади. Ушбу амалиёт 5 йил ичида татбиқ этилади. Тизим 2021 йил январдан бошлаб жорий қилинади. Декларация тизими бўйича қонун лойиҳаси тез орада жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов агентликда ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Мақсадимиз эртами-кечми, давлат бюджетидан ойлик пул оладиган барча давлат хизматчилари декларацияланиши керак. Мол-мулки, харажатлари, даромадлари. «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунни адаштирмаслик керак. У қонунда, масалан, прокурор йўқ, администрация ходимлари ёки депутатлар йўқ. Биз бу декларацияга давлат раҳбаридан тортиб, ҳукумат раҳбари, судьялар, прокурорлар, ҳокимлар, маҳаллий ҳокимият идоралари раҳбарлари, бошқарма, бўлим бошлиқларини босқичма-босқич киритмоқчимиз.Бурҳоновнинг айтишича, агентлик декларациялаш тўғрисидаги қонунга фуқароларнинг ҳуқуқлари ва ҳаётига дахл қиладиган барча, энг юқори даражадаги мансабдор шахслар нафақат даромадлари, балки мол-мулк ҳамда харажатларини ҳам декларациялашга мажбурловчи меъёрларни киритиш орқали самарали тизимни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бугунги кунда нафақат қонун лойиҳаси, балки тизим, мониторинг тизими, декларацияларни тўлдириш тизимининг онлайн платформаси устида иш олиб борилаётгани маълум қилинди.Кимлар декларацияланиши керак, қайси мансабдорлар, уларнинг нималарини декларация қилиш керак, қандай назорат қилинади, декларация нотўғри тўлдирилса, қандай жавобгарлик чоралари белгилаш керак, қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши ва ҳоказоларнинг барчаси қонунда акс эттирилади.
Акмал Бурҳонов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда давлат хизматчилари айрим тоифаларининг мол-мулкини, даромадлари ва харажатларини декларациялаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилаётгани айтилган эди.
Изоҳ (0)