Польша компанияси Ўзбекистоннинг фазо соҳасидаги салоҳияти юксалиши йўлида ўзаро ҳамкорликка тайёр, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон элчиси Баҳром Бобоев Польшанинг Creotech Instruments SA компанияси бош директори ўринбосари Яшек Козек билан учрашди. У ўз компанияси “Ўзбеккосмос” – Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини маълум қилди.
Creotech Instruments SA — Польшанинг етакчи сунъий йўлдош тизимлари ва компонентлари ишлаб чиқарувчиси, квант компьютерларини бошқариш тизимлари учун илғор электроника етказиб берувчиси, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратларини бошқариш тизимлари учун қурилмалар ва дастурий таъминот етказиб берувчиси ҳисобланади.
Суҳбатдош компаниянинг Польшадаги ва умуман Европадаги фаолияти ҳақидаги атрофлича маълумотларни ўртоқлашди. 2022 йилда компания Европа космик агентлиги томонидан “Юқори тезликда квант калитларини тарқатиш детектори” технологияларининг етказиб берувчиси сифатида танланган. Creotech Instruments SA, шунингдек, илмий асбобларни ҳам етказиб берувчи саналади.
Яшек Козек махсус функцияли микросателлитлар, технологиялар ҳамда Ўзбекистоннинг космик соҳадаги салоҳиятини ошириш учун сунъий йўлдошлар ёки учувчисиз учиш аппаратлари ва тегишли технологиялар маълумотларини таҳлил қилиш бўйича зарур ўқувларни ташкил этиш юзасидан ҳамкорликка тайёрлигини айтди.
Изоҳ (0)