Ўзбекистонлик ёш муҳандислар томонидан йиғилиши режалаштирилган илмий технологик сунъий йўлдош SpaceX ракетасида учирилиши мумкин. Бу ҳақда “Ўзбеккосмос” агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантиришда космик технологиялардан фойдаланиш ва бу борада илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида агентлик делегацияси АҚШнинг бир неча ҳудудларида, хусусан, SpaceX компаниясининг Лос Анжелесдаги офисида бўлди.
Учрашувда ўзбекистонлик ёш муҳандислар томонидан Япониянинг Kyushu технология институтида ўқиш давомида йиғилиши режалаштирилган илмий технологик сунъий йўлдошни SpaceX компаниясининг ракетасида учириш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистонинг “Космик тадқиқотлар ва технологиялар — 2035” стратегияси бўйича фикр алмашилиб, SpaceX компанияси вакиллари ҳужжатнинг дастлабки лойиҳаси тайёр бўлгач, уни кўриб чиқиб, янада такомиллаштириш бўйича фикр ва мулоҳазаларини тақдим этишга тайёр эканликларини билдиришди.
Делегация аъзолари SpaceX компаниясининг Falcon 9 ташувчи ракетасини ишлаб чиқариш жараёнлари ва қувватлари билан яқиндан танишди.
Бундан ташқари, делегация аъзолари АҚШнинг Колорадо Спрингс шаҳри мезбонлик қилган Space Symposium халқаро конференциясида ҳам иштирок этишди. Мазкур ўзаро мулоқот платформаси орқали турли мамлакатларнинг космик технологиялар соҳасида фаолият юритувчи компаниялари билан музокаралар ўтказилди.
Хусусан, космик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компаниялар билан қувватларининг бир қисмини Ўзбекистонга кўчириш масалалари бўйича дастлабки фикрлар алмашилди. Шунингдек, Uzcosmos агентлиги мутахассислари томонидан ишлаб чиқилаётган, сунъий йўлдошларни ҳаракатлантирувчи тизимларни (satellite propulsion system) лойиҳалаш, ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва тижоратлаштириш бўйича мавжуд ёндашувлар, технологиялар ва ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Конференция доирасида агентлик вакиллари бир қатор учрашувларни ўтказиб, манфаатли келишувларга ҳам эришди. Хусусан, “Ўзбеккосмос” агентлиги ва Корея Аэрокосмик Администрацияси (КАСА) ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Унга кўра, ўзаро ҳамкорликни космик таълим, фанлар ва тадқиқотлар, космик технологияларнинг қўлланилиши, сунъий йўлдошлар ишлаб чиқиш, ерусти космик инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш каби йўналишларда олиб бориш белгиланди. “Космик тадқиқотлар ва технологиялар — 2035” стратегиясини амалга оширишда Франциянинг Новаспаcе консалтинг компанияси билан консултатив ҳамкорлик қилиш бўйича ҳам икки томонлама келишувга эришилди.
2022 йилда SpaceX компанияси Ўзбекистонда йирик лойиҳалар амалга оширишга тайёр эканини билдирганди.
Изоҳ (0)