Наманганда 39 ёшли аёл осма укол олаётганда вафот этди
Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида яшаган 39 ёшли аёл оилавий шифокор пунктида осма укол олаётганда вафот этди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Ҳодиса 28 март куни Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Ғовазон оилавий шифокорлик пунктида содир бўлган. “Kun.uz”нинг ёзисича, марҳум аёл М.Т. давлат томонидан бепул бериладиган қон кўпайтирувчи препаратларни олиб келган.
Тиббиёт ходимларига кўра, у вафотидан 3-4 кун олдин уч кунлик “Неофер” курсини якунлаган. Лекин 28 март куни яна пунктга келиб, танасида оғриқлар борлигидан шикоят қилган ва сентябрда берилган “Ферлек”дан бир дона қолиб кетгани, уни уйида сақлаб келгани, жорий курснинг давоми сифатида ана шу бир донани ҳам ишлатиб юборишни сўраган.
“Врач назоратида олинг, бизга мумкин эмас, деб айтдим. Лекин ‘йўлкира қилиб бориб-келишга пулим йўқ’ деганидан кейин, раҳмим келганидан улаб қўйдим. Улашдан олдин ‘Ферлек’нинг яроқлилик муддатини кўрдим – 2026 йил октябргача. Натрий хлорники 2027 йилгача. Олдин ҳам қон кўпайтирувчи дорини бошқа жойда олганида, сал мазаси қочган экан. Биз биринчи ёрдам учун ҳеч нарса қилолмадик, бунинг учун зарур ҳеч нарсамиз йўқ”, деган марҳумга укол улаган ҳамшира Г.Э.
Аёлнинг яқинлари у соғлом ва тетик бўлганини, соғлом ҳолатда ўз оёғи билан юриб келиб, шифокорлар томонидан берилган осма укол олиши натижасида вафот этганини айтмоқда. Оилавий поликлиника абгор ҳолатда экани, қон босимини ўлчагич, оддий термометри ҳам йўқлиги, ҳодиса содир бўлган кунда поликлиникада тўрт ҳамширадан бошқа врач ҳам бўлмагани, аёл муолажадан аввал шифокор кўригидан ўтмагани билдирилган.
Вилоят прокуратураси ахборотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан ҳамшира Г.Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Янгиқўрғон туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиноят иши тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.