Москва шаҳар суди тожикистонлик Фируз Дадобоевни давлат сирига оид маълумотларни АҚШ разведкасига етказишга урингани учун 13 йил 6 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди.

47 ёшли тожикистонлик 300 минг рубль миқдорида жаримага ҳам тортилган. У тижорат фирмаларидан бирининг IT мутахассиси бўлиб, Россия фуқаролигига ҳам эга.
Дадобоев ноқонуний йўл билан қўлга киритган ва давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни Америка разведкаси вакилига етказмоқчи бўлган. Шу мақсадда у Марказий разведка бошқармаси билан алоқа ўрнатган. Дадобоев ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан чуқур пушаймон эканини билдирган, дейилади хабарда.
Тожикистон-Россия фуқароси 2022 йил октябрь ойида “тўпланган махфий материалларни топширишга уринаётганда” қўлга олинган. Ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 275-моддаси (давлатга хиёнат) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Дадобоев жазони қаттиқ режимдаги колонияда ўтайди.
Изоҳ (0)