АҚШнинг халқаро савдо ишлари бўйича федерал судига 12 та штат президент Дональд Трамп маъмурияти томонидан жорий этилган божларни бекор қилиш учун даъво аризаси киритди. Бу ҳақда NBC News телеканали хабар бермоқда.

Даъво аризасининг ташаббускорлари Аризона штати бош прокурори Крис Мейс ва унинг Орегондаги ҳамкасби Ден Рейфилд бўлиб, иккаласи ҳам АҚШ Демократик партиясидан.
“АҚШга киритилаётган ҳар қандай маҳсулотга улкан ва доимий ўзгариб турадиган божлар жорий этиш ваколатини даъво қилиб, у ўзи қулай деб ҳисоблаган сабабга кўра фавқулодда вазият эълон қилишни танлаб, президент конституциявий тартибини ағдар-тўнтар қилди ва Америка иқтисодиётига тартибсизлик киритди”, дейилади даъво аризасида.
Мейс даъво сабабларини тушунтирар экан “Трампнинг ақлдан озган тариф схемаси нафақат иқтисодий жиҳатдан бебош, балки ноқонуний” эканини айтди. Нью Йорк штати бош прокурори Летиция Жеймс эса божлар “инфляция, ишсизлик ва иқтисодий зарарнинг ошишига олиб келишини” ва импортга юқори солиқларни айнан якуний истеъмолчи тўлашини қўшимча қилган.
“Летиция Жеймс каби демократлар яна ўз сайловчиларининг хавфсизлиги ва фаровонлигини ҳимоя қилишдан кўра, президент Трампга қарши жодугарлар овини афзал кўрмоқдалар. Трамп маъмурияти ҳозирда мамлакатимиз дуч келаётган ўзига хос фавқулодда вазиятларга, йилдан йилга ўсиб бораётган савдо тақчиллигига қарши туриш учун ўзининг тўлиқ қонуний ваколатларидан фойдаланишда давом этмоқда”, деди Оқ уй вакили Куш Десай.
Даъвогарлар Трамп томонидан имзоланган божларни жорий этиш ёки амалдагиларини ошириш тўғрисидаги тўртта фармонни келтиришмоқда. Ҳар бир фармон АҚШнинг Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонунига асосланади, у президентга эълон қилинган фавқулодда вазиятлар доирасида Конгресснинг розилигисиз савдо тўғрисида қарор қабул қилиш ваколатини беради.
“Президент Трамп томонидан ‘миллий миқёсдаги фавқулодда вазият’, деб таърифланган тахминий ‘ғайриоддий ва фавқулодда таҳдид’ аслида фавқулодда вазият эмас. Улар на фавқулодда, на ғайриоддий”, дейилади даъво аризасида.
Прокурорларнинг таъкидлашича, тегишли асосларсиз Трамп маъмурияти АҚШ конституциясининг 1-моддасида кўрсатилганидек, “Конгресснинг солиқлар, божлар, йиғимлар ва акцизларни белгилаш ва йиғиш бўйича ваколатларини” бузмоқда.
Телеканалнинг қайд этишича, даъво Конгресснинг кенг савдо ваколатларини қонун чиқарувчи ҳокимият қўлига қайтариш бўйича икки партиявий ташаббуси фонида берилган. Қонун лойиҳаси ҳаммуаллифлари АҚШ Сенати Молия қўмитаси аъзолари, Вашингтондан демократ Мария Кантвелл ва Айовaдан республикачи Чак Грассли бўлди.
Ҳужжат қабул қилинган тақдирда президентга янги тарифлар жорий этилишидан 48 соат олдин Конгрессни хабардор қилиш мажбуриятини юклайди.
Февраль ойида АҚШнинг 14 та штатидан демократ прокурорлар ва расмийлар президент Дональд Трамп ва Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари Илон Маскни судга берганди.
Изоҳ (0)