Сурхондарё вилояти Бойсун туманида яшовчи шахс танишини пичоқлаб қўйди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, Бойсун туманида 2021 йил 30 сентябрь куни соат 18:00 ларда туманнинг «Мустақиллик» маҳалласида жойлашган фермер хўжалигига тегишли боғ ичида туманнинг «Ариқ усти» маҳалласида яшовчи К.И. ўзига таниш бўлган, туманнинг «Тузбозор» маҳалласида яшовчи С.Ш. билан ўзаро жанжаллашиб қолиб, ёнида бўлган пичоқча билан К.И.нинг кўкрак қафаси чап томонига бир маротаба санчиб, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган.
С.Ш.га нисбатан 1 октябрь куни Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «л» банди (қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Бундан аввал Фарғонада ҳомиладор аёл пичоқлаб, ўлдирилгани, Қўқонда телевизорни қайси каналга олиш устида юз берган жанжал оқибатида 17 ёшли йигит акасига 9 марта пичоқ ургани ҳамда Самарқандда эр ярашиш таклифини рад этгани учун хотини ва унинг акасини пичоқлагани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)