Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар оширилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Хабарга кўра, “Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди. Фармонга асосан, 2025 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- ҳудудларда жами 8,1 миллион м2дан иборат 135 минг квартирали уй-жойларни қуриш;
- ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сонини 1,5 бараварга ошириш ва мазкур мақсадларга Давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм йўналтириш;
- уй-жой ва ипотека бозорини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун 20,9 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитларини ажратиш;
- “Янги Ўзбекистон” ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойларни барпо қилишда иштирок этадиган қурилиш ташкилотларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун давлат бюджетидан 700 миллиард сўм ҳамда тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан 3 триллион сўм миқдоридаги маблағларни йўналтириш.
Шунингдек, 2025 йилда “Янги Ўзбекистон” ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойлар қуришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. 2025 йил 1 мартдан “Янги Ўзбекистон” массивлари учун янги ҳудудлар урбанизация тамойилларига мувофиқ танланади.
Ўзбекистонда турар жойи ночор аҳволдаги оилаларга ўз ҳовлисида уй қуриш ва таъмирлашга 120 миллион сўмгача ипотека кредити ажратилади. Якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун асосий ставкадан 4 фоиз бандга юқори ставкада 120 миллион сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга ипотека кредитларини ажратилади. Ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун кредит муддатининг биринчи 5 йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўлаб берилади.
Тошкентда уй-жойлар учун ижара нархлари арзонлашишда давом этмоқда
2024 йилнинг январь ойида ўртача таъмирланган 1 хонали ва 2 хонали хонадонлар учун ўртача ижара нархи декабрь ойига нисбатан мос равишда 0,3 фоиз ва 0,4 фоизга пасайган бўлса, 3 хонали ва 4 хонали хонадонлар учун мос равишда 0,1 фоизга ва 0,3 фоизга кўтарилган.
Ўртача таъмирланган хонадонлар учун таклиф этилган нисбатан арзон ижара нархлари:
- Сергели тумани (1 хонали — 297 АҚШ доллари, 2 хонали — 355 АҚШ доллари, 3 хонали — 415 АҚШ доллари, 4 хонали — 419 АҚШ доллари);
- Олмазор тумани (1 хонали — 293 АҚШ доллари, 2 хонали — 352 АҚШ доллари, 3 хонали — 419 АҚШ доллари, 4 хонали — 493 АҚШ доллари).
Нисбатан қиммат ижара нархлари:
- Миробод тумани (1 хонали — 344 АҚШ доллари, 2 хонали — 512 АҚШ доллари, 3 хонали — 643 АҚШ доллари, 4 хонали — 705 АҚШ доллари);
- Яккасарой тумани (1 хонали — 383 АҚШ доллари, 2 хонали — 487 АҚШ доллари, 3 хонали — 677 АҚШ доллари, 4 хонали — 722 АҚШ доллари).
Ўзбекистонда уй-жой бозори
Аввалроқ Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари республикада уй-жой ва ипотека бозоридаги фаоллик даражасини таҳлил қилганди. Унга кўра, 2024 йилнинг III чорагида Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди. Хусусан, июль сентябрь ойларида кўп қаватли уйлардаги квартиралар олди-сотдиси учун 41 861 та шартнома расмийлаштирилган. Ушбу кўрсаткич 2023 йилнинг мос давридагига нисбатан 3362 тага (7,4 фоизга) кам.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, октябрь ойида кўчмас мулк бозорининг ҳудудлар кесимидаги динамикаси Тошкент вилоятида (+10 фоиз) сезиларли ўсди, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси (+8,1 фоиз) ва Жиззах вилоятида (+7,5 фоиз) ижобий ўзгаришларни кўрсатди.
Таҳлиллар тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитлари ва аҳоли тасарруфидаги даромадлар уй-жой бозорига таъсир этувчи муҳим омиллар эканлигини кўрсатди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 ноябрдаги қарори билан уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қарор билан субсидиялар билан қопланадиган фоиз тўловлари миқдорига ҳам ўзгартириш киритилди. Эндиликда янги кредитлар учун йиллик 12 фоиздан юқори қисми, 2025 йилдан бошлаб эса Марказий банкнинг асосий ставкасидан ортиқ қисми қопланади.
Бошланғич тўлов ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан беш иш куни ичида тўланади.
Изоҳ (0)