Термизда “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилмоқда. Президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг ушбу анжуман иштирокчиларига мурожаатини эълон қилди.
Унда давлат раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистонда ислом дини ривожига ҳисса қўшган кўплаб алломалар, жумладан, Имом Термизий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, хотирасини эъзозлаш, қадамжоларини обод этиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилганини қайд этиб ўтди.
Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида муаззам ёдгорлик мажмуаси барпо этилганини, Термиз шаҳрида Термизий номи билан аталган халқаро илмий-тадқиқот маркази, ўрта махсус ислом таълим муассасаси ҳамда Ислом институти ташкил этилганини мисол қилиб келтирди.
Ушбу муассасалар томонидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Ҳадис илми мактаби ва бошқа диний таълим ва илмий-тадқиқот масканлари билан биргаликда Имом Термизийнинг ҳаёти ва фаолияти, бой мероси чуқур ўрганилмоқда. Алломанинг асарлари кўп нусхаларда нашр қилинмоқда. У киши ҳақида кўплаб илмий тадқиқот ишлари, китоблар, бадиий асарлар яратилмоқда.
“Сиз, азизлар анжуман кунларида бу борадаги ишлар билан яқиндан танишиб, шу йўналишда ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни билдирасиз, деб ишонаман.
Биз улуғ алломаларнинг ворислари сифатида ислом динимиз тинчлик, эзгулик ва инсонпарварлик дини эканини таъкидлаб, бу тенгсиз бойликдан башариятнинг эзгу орзу-интилишларини рўёбга чиқариш учун биргаликда фойдаланишни, уни келгуси авлодларга безавол етказишни ўзимизнинг асосий бурчимиз, деб биламиз.
Ана шундай олижаноб мақсад йўлида юртимиз олимлари, уламолари билан бирга жонбозлик кўрсатиб келаётган сиз, азизларга, барча илм-фан намояндаларига чуқур миннатдорлик билдираман”, дейилади президент мурожаатида.
Шавкат Мирзиёев бунинг учун Ўзбекистондаги етакчи илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари эшиклари ҳамиша очиқлигини қайд этди.
17—18 октябрга мўлжалланган анжуман Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистоннинг кўзга кўринган исломшунос олимлари, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчилари, шунингдек, Туркия, Қатар, Миср, БАА, Ҳиндистон, Қирғизистон каби давлатлардан ташриф буюрган 50 дан ортиқ таниқли олим ва уламолар иштирок этмоқда.
Изоҳ (0)