АҚШ молия вазири Жанет Еллен Хитой Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Хе Лифэнг билан виртуал учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида Еллен Пекинга Россияга ёрдами учун тегишли оқибатлар билан таҳдид қилди.
“Жанет Еллен агар Пекин Москвани Украинага қарши урушда моддий қўллаб-қувватласа, Хитойда жойлашган компаниялар ҳам жиддий оқибатларга дуч келишини таъкидлади”, дейилади вазирлик хабарида.
Бундан ташқари, Еллен “ХХР ҳукумати ҳомийлигида кибермакондаги субъектларнинг зарарли фаолияти”дан хавотир билдирган. Шунингдек, у “Хитойнинг бозордан ташқари сиёсатига” қарши чиққан.
2024 йилнинг ноябрь ойида Bloomberg агентлиги G7 ва Европа иттифоқи Хитойга нисбатан, шу жумладан “Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатгани” учун чеклов чораларини жорий этиш режаларини эълон қилганди. Хитой мақолага изоҳ берар экан, Европа иттифоқи икки томонлама стандартларни қўллаётганини айтган.
Аввалроқ АҚШ Савдо вазирлиги миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан Хитой дронларини АҚШда чеклаш ёки тақиқлашга олиб келиши мумкин бўлган янги қоидаларни кўриб чиқаётганини маълум қилган эди.
Вазирлик маълумотига кўра, Хитой ва Россия таҳдидлари “рақибларга ушбу қурилмаларга масофадан кириш ва манипуляция қилиш имкониятини бериши мумкин, бу эса АҚШнинг махфий маълумотларини хавф остига қўяди”.
АҚШда сотиладиган тижорат дронларининг аксарияти Хитойда ишлаб чиқарилган.
2024 йилнинг сентябрь ойида АҚШ савдо вазири Жина Раймондо вазирлик аввалроқ таклиф қилинган Хитой транспорт воситаларини АҚШда амалда тақиқлашга ўхшаш чекловлар киритиши мумкинлигини айтган эди. Бунда асосий эътибор Хитой ва Россия ускуналари, чиплари ва дастурий таъминотига эга дронларга қаратилади.
Раймондо 20 январга қадар Хитой автомобилларига нисбатан қоидаларни ишлаб чиқиш якунланишига умид билдирган. Хитой дронларини чеклаш ёки тақиқлаш тўғрисидаги қарорни 20 январь куни лавозимга киришаётган бўлажак президент Дональд Трамп маъмурияти қабул қилади. Сўнгги бир йил ичида АҚШ Хитой дронларига қарши бир қатор чоралар кўрди. Хусусан, Жо Байден декабрь ойида Хитойнинг DJI ва Autel Robotics компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган янги дрон моделларини сотишни тақиқловчи қонунни имзолаган.
Изоҳ (0)