Ўзбекистонда коммунал хизмат кўрсатувчилар 2025 йилнинг олти ойида истеъмолчиларга ортиқча ҳисобланган жами 20 млрд сўмга яқин пулни қайтарди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, маблағлар 48 мингдан ортиқ жисмоний ва 100 дан ортиқ юридик истеъмолчиларга қайтарилишига эришилди:
- электр энергияси соҳасида – 5,5 млрд сўмга яқин,
- табиий газ соҳасида – 7,5 млрд сўмга яқин,
- ичимлик сув таъминоти соҳасида – 2,5 млрд сўмга яқин,
- иссиқлик таъминоти соҳасида – 4,5 млрд сўмдан ортиқ.
Жумладан, Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси “Ишсизларни касб-ҳунарга ўргатиш маркази” мурожаати асосида “Самарқанд сув таъминоти” АЖ томонидан (ичимлик сувидан) асоссиз ҳисобланган 263 млн сўм маблағни қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитасига келиб тушган мурожаатлар бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Энергосавдо” филиали Беруний тумани бўлинмаси томонидан “Хожи Каримов” фермер хўжалигига нисбатан асоссиз ҳисобланган 86 млн сўмдан ортиқ маблағни, “Қорақалпоқ сув таъминоти” АЖ томонидан 48 мингдан ортиқ истеъмолчига асоссиз ҳисобланган 2 млрд сўмдан ортиқ маблағни (Нукус туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилувчи қарори асосида) қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилган.
Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Иссиқлик манбаи” ДУК мурожаати асосида “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали томонидан асоссиз ҳисобланган (1,6 млн м3 дан ортиқ табиий газ учун) 2,5 млрд сўмга яқин маблағ (Кармана туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилувчи қарори асосида) қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Июль ойида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғонада чиқинди ташиш хизмати учун аҳолидан 1,7 млрд сўм асоссиз ундирилганини маълум қилганди. Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги бунга қарши раддия берганди.
Изоҳ (0)