Ҳиндистоннинг Кашмир минтақасида 14 августдаги кучли ёмғир ва сел 46 кишининг умрига зомин бўлди, 200 дан ортиқ одам бедарак йўқолди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса Киштвар туманидаги Часоти шаҳарчасида, машҳур Мачаил Мата зиёрат йўлида юз берган. Сел оқими зиёратчилар учун қурилган жамоат ошхонасини ва хавфсизлик пости жойлашган ҳудудни ювиб кетган. Бу вақтда кўплаб зиёратчилар тушликка йиғилган бўлиб, кучли оқим уларни ҳам оқизиб кетган.
Киштвар туман комиссари Рамеш Кумарга кўра, воқеа маҳаллий вақт билан соат 11:30 да юз берган. Ҳодиса жойига полиция, қутқарув хизматлари, армия ва ҳаво кучлари жалб этилган. Қутқарув ишлари ҳамон давом этмоқда. Жамму ва Кашмир минтақаси мери Омар Абдуллоҳ ҳодисага шундай муносабат билдирди:
“Бу оғир ва аччиқ хабар. Ҳодиса жойидан аниқ маълумотлар секин-аста етиб келмоқда”.
Ҳиндистон метеорология хизмати сел (бир соат ичида 100 миллиметрдан ортиқ ёғин) тоғли ҳудудларда тўсатдан кўчки ва вайроналарга олиб келганини билдирган. Шу боис Кашмирнинг бир нечта ҳудудларида, жумладан, Киштварда аҳолига хавфли иншоотлар, электр устунлари ва эски дарахтлардан узоқда бўлиш тавсия қилинмоқда.

Маълумот ўрнида, Мачаил Мата, расман “Machail Chandi Mata Temple” деб аталади. У Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир минтақасида, Киштвар тумани, Паддар водийсидаги Мачаил қишлоғида жойлашган. Бу ер денгиз сатҳидан тахминан 2 800 метр баландликда бўлиб, тоғ билан ўралган.
Изоҳ (0)