Туркия яқинда имзоланган мудофаа шартномаси доирасида Сурияни қурол-яроғ, ҳарбий техника ҳамда моддий-техник ёрдам билан таъминлайди. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазирлиги вакилларига таяниб, Euronews хабар берди.

Бир неча кун аввал Туркия мудофаа вазири Яшар Гюлер ва Сурия мудофаа вазири Мурҳаф Абу Қаср ҳарбий тайёргарлик бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ушбу ҳужжат Туркиянинг Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватлашини янада кучайтириши кутилмоқда.
Июль ойида Исроилнинг мамлакат ички ишларига аралашуви ортидан Сурия Туркияга мурожаат қилиб, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашда ёрдам сўраганди. Туркия Мудофаа вазирлигига кўра, келишув доирасида Туркия ўз “билим ва тажрибаси” билан ўртоқлашади.Шунингдек, ҳарбий ускуналар, қурол-яроғ тизимлари ва бошқа зарур материалларни етказиб беради.
Сўнгги пайтларда Сурия жанубидаги Сувайда вилоятида ҳукумат қўшинлари ва маҳаллий бадавий қабилалар бир томонда, озчилик друзлар эса иккинчи томонда бўлган тўқнашувларда юзлаб одамлар ҳалок бўлди. Туркия Суриянинг янги маъмуриятини қўллаб-қувватлашини билдирди.
13 август куни Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Исроил ва курд жангариларини Сурия барқарорлигига таҳдид солувчи ҳаракатларни тўхтатишга чақирди. У, шунингдек, уларни мамлакатни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларга путур етказишда айблади.
Изоҳ (0)