19 январь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан АҚШ президенти Эйзенхауэр томонидан биринчи телевизион матбуот анжуманининг ўтказилиши, Истанбулда арман геноциди мавзусини кўтарган журналистнинг отиб кетилиши ҳамда Москва марказида ўлдирилган таниқли адвокат ва журналистга оид фактлар ўрин олган.
«Газетачиларни жин урсин»: АҚШ президенти томонидан ўтказилган биринчи матбуот анжумани
1955 йил 19 январь куни АҚШ президенти Дуайт Эйзенхауэр дунёда биринчи бўлиб телевидениеда матбуот анжумани ўтказиб, давлат раҳбарининг матбуот билан мулоқотида ўзига хос тўнтаришни амалга оширганди. Албатта, у тўғридан-тўғри эфирга узатилмаган ва томошабинлар бирор таҳрирланган вариантини томоша қилганди.Залга кириб, аксарияти ўзига таниш бўлган журналистларга боши билан имлаб қўйган Оқ уй раҳбари саволларга жавоб беришга тайёрлигини билдирган. Биринчи савол иккита Хитой давлати билан боғлиқ ҳарбий можарога барҳам бериш масаласи ҳақида эди: ХХР ва ўша вақтда АҚШ томонидан тан олинган Тайвандаги Хитой Республикаси. Президент аниқ жавоб қайтармаган, аммо музокаралар жараёнига БМТни аралаштириш зарурлигини қайд этган.
Кейинги савол қуйидагича янграган: «Жаноб, Капитолий тепалигидаги конгрессменларнинг айтишича, улар бюджет харажатлари билан танишиш учун унинг нусхаларини топишга муваффақ бўлса, пуллар қаерга кетганини тушуна олишмаяпти экан. Харажатлар нимага сарфланаётгани борасидаги бу масала бўйича овоз берадиган инсонларга нима дея оласиз?».
Президент Эйзенхауэр савол ёқмаганини яшириб ўтирмаган: «Конгресс қўмиталари бунинг учун тузилган деб ўйлайман», — деган у ва кейинги саволга ўтишни сўраган.
Матбуот анжумани Эйзенхауэр инаугурациясининг иккинчи йилида ўтказилган, шу сабабли журналистлар президентдан ҳокимият тепасига келганига икки йил бўлган бўлса, нималарга эришгани ва «келгуси 6 йилга» тузилган режалари билан қизиққан.
«Мавзу жуда катта аҳамиятга эга», — деган Эйзенхауэр вазиятни юмшатиш мақсадида.
Умуман олганда, Америка етакчисининг биринчи телевизион матбуот анжумани муваффақиятли ўтган ва ушбу тажрибани давом эттиришга қарор қилинган.
«Плёнкани радио, телевидение ва кинохроникага берганимиздан хурсандман. Газетачиларнинг нохолислигини жин урсин; биз президент Эйзенхауэр айтган гапларни халқ бевосита аниқ эшитиши йўлидан боряпмиз», — деганди Оқ уй матбуот котиби Жеймс Хагерти.
Матбуот анжуманининг ўзи 33 дақиқа давом этган, аммо эфирга унинг 28 дақиқаси кетган. Айнан шу вақтда машҳур ибора пайдо бўлган: «Барибир кесиб ташлашади». Шундан кейин АҚШ президенти бир неча бор катта-катта матбуот анжуманларини ўтказиб, нафақат Оқ уй журналистлар pool’ига аъзолар, балки бошқалар ҳам савол беришига имконият яратиб берган.
Бугунги кунда давлат раҳбарининг журналистлар билан бу каби мулоқоти ҳеч кимни ҳайратга сола олмайди, бироқ исталган одам — ҳатто яхши тайёрланган сиёсатчини ҳам кутилмаган мураккаб аҳволга солиб қўйиши мумкин.
Шу билан бирга, Америка раҳбарияти бошқа давлатларга борганида матбуот анжуманлари давомида ўзларининг демократик жамият вакили эканликларини таъкидлашни хуш кўрган. Масалан, Афғонистонга келган АҚШ президенти Жорж Буш Афғонистон президент Аҳмад Карзай билан қўшма матбуот анжуманида «биз саволларга демократик жамият анъаналарига мос равишда жавоб берамиз», деганди.
Оқ уй сайтида келтирилишича, катта Жорж Буш ўз президентлигининг дастлабки икки йилида саккиз маротаба шу каби матбуот анжуманларини ўтказган бўлса, ўғли кичик Жорж Буш — 56 та, Билл Клинтон — 7 та, Барак Обама эса 21 маротаба ўтказган.
Истанбулда арман геноциди мавзусини кўтарган журналистнинг отиб кетилиши
2007 йил 19 январь куни Истанбулда келиб чиқиши арман бўлган таниқли журналист, «Агос» муҳаррири Грант Динк отиб кетилган эди. Динкнинг дафн маросими турли давлат ва халқаро ташкилотлари вакиллари иштирок этган кўп минг кишилик намойишга айланиб кетганди.53 ёшли Грант Динк Туркияда ўзининг кескин материаллари, хусусан, Усмонлилар империясида арманлар геноциди ҳақидаги мақолалари билан машҳурликка эришган, шу туфайли бир неча бор мамлакат ҳукумати томонидан қувилган ҳам. Динк геноцидни сиёсий характерга эга деб ҳисоблаган ва турк ҳукумати ҳамда жамиятидан ўз айбига иқрор бўлишни талаб қилган.Бироқ журналистнинг саъй-ҳаракатлари арманлар қирғинининг тан олиниши билан тугаб қолмаган. У ўзини турк ватанпарвари деб атаган ва асосий вазифаси арман ҳамда турк халқларини яраштириш эканини айтган. Динк мунтазам равишда турк миллатчилари томонидан таҳдидларга учраган, аммо унга ҳеч қандай қўриқчилар тақдим этилмаган.
Қотилликдан бир сутка ўтиб турк полицияси 17 ёшли миллатчи Огюн Самаст ва Трабзон вилоятида яшовчи ўндан ортиқ фуқарони қўлга олган, улар орасида қотилликка ундаган, ўзининг радикал қарашлари билан танилган, ўз вақтида теракт учун қамоқда ўтириб чиққан Ёсин Ҳаял ҳам бор эди. Биринчи сўроқдаёқ Самаст амалга оширган жиноятини тан олган ва журналистни арманлар геноциди муаммосини кўтаргани учун ўлдиришга қарор қилганини ёзган.
Ёсин Ҳаялнинг отаси айтишича, Динкнинг ўлдирилишида давлат амалдорларининг алоқаси бор. Динкнинг ўлдирилишига боғлиқ иш тергови давомида губернатор ҳамда Трабзон вилояти Хавфсизлик бошқармаси бошлиғи, шунингдек, Истанбулдаги юқори мартабали амалдорнинг ўлдирилиши бунинг билвосита тасдиғига айланган.
Туркияда катта шов-шувга сабаб бўлган иш журналист ўлдирилганидан беш йил ўтиб ёпилган. Жиноятни амалга оширган вояга етмаган Огюн Самаст 21 йил-у 10 ойга озодликдан маҳрум этилган. Жиноят иши бўйича 19 киши суд қилинган, уларнинг икки нафари — Эрхан Тунжел ва Ёсин Ҳаял иш охирига қадар ҳибсда қолган. Суд уларни умрбод қамоқ жазосига ҳукм этган.
Динкнинг ўлимидан кейин унинг номи атрофида турли шов-шувлар бошланган. Вафотидан сўнг у тарихий адолатни тиклаш, халқлар ўртасида бирдамликни таъминлаш, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун Арманистон президенти мукофоти билан тақдирланган. Арманистондаги кўча ва мактабга унинг номи берилган.
Қотиллик рўй берган вақтда Туркия бош вазири лавозимида бўлган Ражаб Тоййиб Эрдўғон Динкнинг ўлдирилишини миллат бирдамлиги ва барқарорлигига қарши уюштирилган жиноят деб атаган. Турк ОАВлари Динкнинг ўлдирилишини қоралаган ва жиноятни «Туркия учун йўқотиш» дея таърифлаган.
Динк ўзининг охирги интервьюсида ҳар куни қўрқув билан яшашини тан олганди, бироқ бу унга умрининг охирига қадар курашиб, Туркияни тарк этишга мажбурлай олмаган. «Мен курашимни шу ерда давом эттирмоқчиман. Ахир бу фақат менинг курашим эмас. Бу Туркияни демократлаштиришга интилаётган барчанинг курашидир. Аждодларим шу мамлакатда яшаган, томирларим шу ерда ва мен киндик қоним тўкилган юртда ўлиш ҳуқуқига эгаман», — деганди ўшанда Динк.
Москва марказида адвокат ва журналистнинг ўлдирилиши
2009 йил 19 январь куни Москва марказида таниқли адвокат Станислав Маркелов ва журналист Анастасия Бабурова отиб кетилганди. Жиноят одамлар кўп тўпланадиган вақтда кундузи содир бўлган.Пистолетдан отилган ўқ Пречистенка кўчасидаги 1-уй қаршисида жаранглаган. «Кропоткинская» метро станцияси яқинида киллер полковник Юрий Буданов томонидан ўлдирилган чеченистонлик Элза Кунгаеванинг оиласи манфаатларини ҳимоя қилган 34 ёшли адвокатни ўлдирган. Юристнинг ёнида «Новая газета» журналисти Анастасия Бабурова ҳам кетаётган бўлган ва у ҳам яраланган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳужумни бир киши уюштирган — қора куртка ва қора шим кийиб олган эркак, бошида кўзлари қирқилган тўқ яшил қалпоқ бўлган. Тергов маълумотларида келтирилишича, у адвокатнинг ортидан юриб келган, кейин эса уни ва Бабуровани отиб ташлаган. Шундан сўнг у «Кропоткинская» метроси томон яширинган. Қотилни иссиқ изидан ушлашнинг имкони бўлмаган.
«Новая газета» бош муҳаррири Сергей Соколовнинг айтишича, мухбир икки ҳолатдагина бошидан яраланиши мумкин эди: жиноятчи Маркеловга ўқ узганида уни тўхтатишга уринганида ёки жиноятчи бевосита уни нишонга олганида.
«У Маркелов билан олдиндан таниш эди», — дея аниқлик киритган у.
Юрист воқеа жойида ҳалок бўлган. 25 ёшли Бабурова, Москва давлат университети журналистика факультетининг 5-босқич талабаси, оғир аҳволда шифохонага етказилган. Шундан кейин у муҳим гувоҳ сифатида қўриқловга олинган. Бабурова ўзига келмасдан вафот этган.
Жиноят ишининг қандай кетаётганини Россия Жамоатчилик палатаси ҳам назоратга олган. Қотилликка Маркеловнинг профессионал фаолияти сабаб бўлгани тўғрисидаги версия илгари сурилган.
«Тергов тахминича, жиноятни амалга оширган шахс профессионал киллер ҳам, Маркелов томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича фаолият масалалари борасидаги фикрларига қўшилмаган ёлғиз қотил ҳам бўлиши мумкин», — дейилганди Тергов қўмитаси хабарида.
Шу куни Маркелов Мустақил матбуот марказидан келаётган бўлган, у ерда адвокат Будановнинг иши бўйича журналистларга маълумот берганди. Матбуот анжумани «Будановнинг колониядан ноқонуний чиқиши», дея номланган. Тадбирда Бабурова ҳам иштирок этган — у «Новая газета» мухбири сифатида аккредитациядан ўтганди. Нашр бош муҳаррири ўринбосари Виталий Ярошевскийнинг айтишича, у штатдан ташқари ходим бўлган ва у ерга таҳририят топшириғи билан борган.
Матбуот анжуманида Маркелов, агар Россияда Юрий Будановнинг шартли равишда озод қилингани факти бўйича барча даъволар эътиборсиз қолдирилса, Халқаро судга мурожаат қилиш имконияти ҳақида гапирган. Шунингдек, юрист Россиянинг Шимолий Кавказ бўйича Тергов қўмитаси ҳудудий бўлинмасини Будановнинг Чеченистондаги ҳаракатларини текширишга жалб этиш режалари ҳамда оғир жиноятлар аниқлангудек бўлса, жиноят иши қўзғатиш ҳақида маълум қилган.
Маркелов Будановнинг ноқонуний равишда озод этилиши қарорини бекор қилиш ниятида эди. Буни амалга ошириш усулларидан бири — Будановни бошқа жиноят бўйича жавобгарликка тортиш. Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳимоячи Лев Пономарёвнинг айтишича, Станислав Маркеловнинг ўлимидан олдин унга турли таҳдидлар билан аноним қўнғироқлар бўлган — у Буданов иши ҳақидаги режаларни маълум қилганди. Пономарёв қотилликнинг икки версиясини кўриб чиққан. «Биринчиси — Буданов учун қасос. Балки бу инсон матбуот анжуманида бўлган ва эшитган нарсаси уни ўқ узишга мажбур қилгандир. Одамлар гавжум жойда ўқ узиш худди тайёргарлик кўрилгандек таассурот уйғотади», — деган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.
Пономарёвнинг фикрича, иккинчи версия миллатчиларнинг қасоси билан боғлиқ: «Маркелов нацистларга қарши чиқиш қилган Россиядаги энг машҳур адвокат бўлган».
Будановнинг ўзини 2011 йил июнда Москвадаги Комсомолская кўчасида отиб кетишганди.
Элза Кунгаеванинг ўлдирилиши — Маркеловнинг профессионал фаолиятидаги ягона машҳур иш эмас. Шунингдек, у «Норд-ост»нинг эгалланишида қурбон бўлганларнинг қариндошлари, «Кадет» лақабли «ОМОН» ходимидан жабрланган чеченлар, антифашистлар ҳамда муҳожирлар оилалари манфаатларини ҳимоя қилиб келган.
Адвокат ва журналистнинг қотили тезда топилмаган. Ўша йилнинг 4 ноябрь куни иш бўйича Никита Тихонов ва унинг рафиқаси Евгения Хасис ҳибсга олинган. Тихоновга икки кишини ўлдириш, ноқонуний қурол савдоси ва сохта ҳужжатлардан фойдаланиш айблови қўйилган. Хасис ҳам қотиллик ва ноқонуний қурол айланмасида айбланган.
Биринчи сўроқлар вақтида Тихонов барча айбловларни ўзига олган ва терговчиларга Маркелов ҳамда Бабуровани кузатиб келиб, ўлдирганини билдирган. Тергов маълумотларига кўра, Маркеловнинг ўлдирилишига унинг антифашистик ҳаракатлардаги фаол иштироки сабаб бўлган. Бабурова эса адвокатнинг ўлдирилишига гувоҳ бўлиб қолгани учун ўлдирилган.
Бироз вақтдан кейин Тихонов олдинги кўрсатмаларини рад этиб, барча айбни севган қизига таҳдид қилишгани учун бўйнига олганини билдирган. У ҳам ишда шерик сифатида кўриб чиқилганди. Тихонов ва Хасисга нисбатан жиноят иши Москва шаҳар судига 2011 йил январда топширилган. Суд ҳукми билан Тихонов умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган, Хасис эса 18 йилга қамалган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)