Қонунчилик палатасининг 3 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар 2024 йил давлат бюджети тўғрисидаги қонунга харажатларни кўпайтиришни назарда тутувчи тузатишларни уч ўқишда маъқуллади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги йил давомида харажатларни кўпайтириш бўйича рухсат сўраб парламентга мурожаат қилмади. Шу билан бирга, бирор харажатларнинг зарурлиги тўғрисида депутатларга ҳисобот бермаган. Вазирлик йил охирига келиб тузатишлар киритиш бўйича қонун лойиҳасини киритди.
Мазкур тузатишларни кўриб чиқиш эса Қонунчилик палатасида 9 дақиқа давом этди. “Газета.уз”нинг аниқлик киритишича, ушбу жараён 2023 йилда тахминан 20 дақиқа, 2022 йилда 30 дақиқа давом этган.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров эса 5 дақиқа давомида нутқ сўзлади. Сўнгра депутатлар ҳужжатни бирданига уч ўқишда қабул қилди. Бу орада эса ҳеч қандай савол берилмади, муҳокама бўлмади. Овоз бериш натижаларидан маълум бўлишича, бирорта ҳам депутат қарши овоз бермаган.
Ўзгаришларга кўра, вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва бошқа давлат органларининг харажатлари қўшимча равишда 9,98 трлн сўмга (ёки 775,8 млн доллар) — 255,4 трлн сўмдан 265,4 трлн сўмга оширилади.
Бюджет ташкилотларининг айрим хизмат турлари бўйича иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ҳамда тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатларга қўшимча равишда 2,43 трлн сўм (жами 11,98 трлн сўм) ажратилди. Аҳадбек Ҳайдаровнинг таъкидлашича, давлат харажатларининг ошишига қуйидагилар сабаб бўлган:
- таълим кредитларини молиялаштириш жамғармасига 841 млрд сўм трансфертлар;
- ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган аллергик ва иккиламчи иммунитет танқислиги касалликларини даволаш учун ингаляцион препаратларни бепул тақсимлаш — 30 млрд сўм;
- маданият ва санъатни ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, Маданият вазирлигининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларини моддий рағбатлантириш учун — 100 млрд сўм;
- иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик ёрдам тўловлари ва электр энергияси ва газ нархларининг базавий меъёридан ошганлиги ўртасидаги фарқнинг ўрнини қоплаш — 592 млрд сўм;
- маҳаллалардаги энг долзарб инфратузилма масалаларини ҳал этиш — 1,344 млрд сўм.
Жамоатчилик фаоллари муносабатлари
Иқтисодчи Отабек Бакиров “битта бўлса ҳам депутат керак”, демоқда.
“Қонунчилик палатаси залида қўр тўкиб ўтирган биронта пўрим мавжудот 10 трлн сўмга ошган бюджет харажатлари ҳақида биронта савол беришни лозим кўрмаган. Шунинг учун ҳам бизга, ўзбекистонликлар иродаси ва манфаатларини ҳеч қурса эслатиб туриш учун Парламентда росмана сайланган битта бўлсаям мустақил депутат керак.
Нархи ошган олтиндан бебилиска тушумларни совураётган ФРРУ, зараркунанда ва паразит банкларга берилаётган триллионлар ёки Сингапур-Сомали дарсликлари учун ажратилаётган триллионлар ҳақида сўрашга уларнинг ақли етмас ёки қўрқишар.
Лекин келиб-келиб, кам таъминланганлар ва болалар нафақасидан тежаб қолинган 2 трлн сўм ҳақида икки оғиз сўров беришга битта инсофли топилмагани қизиқ. Ахир шу икки триллион ночорлардан олиниб, бошқа мақсадларга сарфланмоқда-ку. Наҳотки, аёллар ва болалардан қисиб олинган 2 трлн сўм қаёққа йўналтирилиши қизиқ бўлмаган бўлса? Сизлар ўзи кимсизлар?
Нима бўлгандаям, бир таскин бор: буларни мен сайламаганман, ким буларни тайинланганиниям билмайман, булар менинг хоҳиш иродаларимни, қадриятларимни ифода етмайди”, деб ёзади Бакиров.
Собиқ депутат Расул Кушербаев “Президентнинг ижтимоий адолатни тиклаш ташаббусини йўқ қилган янги бюджет”, дея фикр билдирди.
“Ёмон томони шуки, қабул қилинган бюджетга кўра, давлат мактабларида ўқувчиларга ўқув дарсликлар пулли ижара асосида берилиши белгиланган.
Кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган ушбу қарорни тўхтатишга парламентнинг ҳам кучи етмаган.
Шу тариқа президентимизнинг ижтимоий адолатни тиклаш мақсадида қилган топшириқ ва ташаббуси икки йил ўтиб барбод қилинмоқда.
Афсуски, бу ишлар таълимни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларда ортга кетаётганимизни англатади”, деб ёзади Кушербаев.
Яна бир жамоатчилик фаоли Комил Жалилов эса “депутатларни, Конституциянинг 1-моддасида ижтимоий деб белгиланган давлатда кам таъминланган оилалар ва болалардан иқтисод қилинадиган 2 трлн сўм қаерга кетиши қизиқтирмаган”, дея баҳоламоқда.
“Депутатларни мактаблар ва боғчаларни таъмирлаш ва қуриш учун ажратилган қарийб 423 миллиард сўм қайси мақсадларга йўналтирилгани ҳам қизиқтирмаган.
Депутатларни дарсликлар учун ажратилган 1,3 трлн қаерга кетгани, ота-оналар ва ўқитувчилар нега ижтимоий тармоқларда ҳали у фандан, ҳали бу фандан дарсликлар йўқ деб бонг уришаётгани, нега дарсликларни ўз ҳисобларидан чиқаришга мажбур бўлишаётгани ҳам қизиқтирмаган.
Депутатлар, масалан, 10 га яқин мактаб қуриш мумкин бўлган сумма нима учун қайсидир банк акцияларини қимматга сотиб олиш учун ишлатилди, дея савол қўйишмаган.
Депутатлар ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўлаш билан боғлиқ харажатлар нега қисқаришини ҳам сўроққа олишмаган.
Лекин, масалан, менда Ўзбекистон фуқароси, солиқ тўловчиси, Конституцияда “ҳокимиятнинг ягона манбаи” деб тан олинган халқнинг бир вакили сифатида саволлар бор: Бу “ўлик” депутатларни “сақлаш” учун нега мен харажат қилишим керак? Улар кимнинг манфаатларини ифода этмоқда? Нега парламентда “нега?” дея оладиган битта ҳам тирик жон йўқ?
Ўзбекистон халқига энг қимматга тушаётган нарса — “ўлик” парламент ҳамда ўзаро тийиб туриш ва назорат (checks and balances) механизмининг йўқлиги”, деб ёзади Жалилов.
Қонунчилик палатаси вакиллари муносабати
Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров бюджетга ўзгартиришлар иддао қилинаётганидек тез ва осон қабул қилинмаганини айтди.
“Халқ вакиллари қонун лойиҳаларини палатанинг мажлисига олиб чиқилишидан олдин – фракциялар ва қўмиталар йиғилишларида – лойиҳалар муаллифлари, экспертлар иштирокида батафсил, танқидий муҳокама қиладилар. Саволларига жавоблар оладилар. Фракция ва қўмиталардаги муҳокамалар, савол-жавоблардан қониқиш ҳосил қилинмагандагина, одатда, ялпи мажлисда муҳокамалар қизғин тус олади.
Бюджет масаласида ҳам шундай бўлди. 2024 йилнинг давлат бюджетига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилган кундан бошлаб 20 кун мобайнида депутатлар томонидан қизғин таҳлил қилинди, ҳукумат вакиллари билан баҳс-мунозаралар кўринишида муҳокамалар олиб борилди. Ана ундан кейин ҳужжат ялпи мажлис кун тартибига қўйилди, қуйи палата томонидан қабул қилинди.
Яъни ялпи мажлисда қонун лойиҳасининг тез қабул қилинганлиги унинг муҳокама этилмаганлигини англатмайди. Бу бутун дунё парламентлари амалиётидаги бор тажриба. Бежизга парламент фаолиятига оид тадқиқот билан шуғулланадиган олимлар парламент мажлисини айсбергга қиёслаб, ялпи мажлис ушбу айсбергнинг учи, барча асосий ишлар қуйида — қўмита ва фракцияларда кечишини эътироф этишмайди”, деб ёзади Шарофиддин Назаров.
Шунингдек, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Шаҳноза Холмахаматова ҳам қонун лойиҳасига ўзгартириш киритилишининг сабаблари, зарурати ва аҳамияти юзасидан қўмиталарда ва фракцияларда фаол муҳокамалар ўтказилганини айтди.
Унга кўра, фракциялар йиғилишларида мазкур масала бўйича 50 дан ортиқ саволлар берилди, муносабатлар билдирилди ва вазирлик ҳамда идораларнинг жавоблари олинди.
“Иккинчидан, киритилаётган ўзгаришлар асосан таълим, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, иситиш мавсумида кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллалардаги инфратузилмаларни яхшилаш ва бошқа ҳудудий ривожланиш масалаларига йўналтирилмоқда. Ушбу соҳаларда харажатларнинг кечиктириб бўлмаслиги маълум. Мазкур харажатлар бўйича ўзгаришларнинг ҳар бир моддаси юзасидан депутатлар томонидан аниқликлар киритилди.
Учинчидан, анъанага кўра, қонун лойиҳаси юзасидан масъул қўмита ва фракциялар муҳокамасидан сўнг, саволларга жавоб олинмаган бўлса, эътирозлар сақланиб қолса, депутатлар томонидан ялпи мажлисда муносабат билдирилади. Партияларнинг фракцияларида консенсусга келинмаган ҳолларда ёки аниқ бир депутатнинг эътирози қаноатлантирилмаган бўлса, мазкур масала ялпи мажлис муҳокамасига олиб чиқилади.
Таъкидлаш керакки, дунё парламентаризми тажрибасида ҳам ялпи мажлислар янги саволлар майдонидан кўра, партиявий позицияни билдириш майдони сифатида қиёфаланади. Бюджетга ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш — ривожланган демократияларда ҳам табиий тажриба эканлиги ҳам сир эмас”, дейди Шаҳноза Холмахаматова.
Изоҳ (1)
Улик хаммаси. Мансабидан айрилишдан куркади