“Чўқинтирган ота” фильмидаги иштироки билан дунёга танилган америкалик актёр Ал Пачино коронавирус пандемияси давридаги соғлиғидаги жиддий муаммоларни ўтказган кунлар ҳақида сўзлаб берди.

84 ёшида актёр клиник ўлимни бошдан ўтказди. The New York Times газетасига берган интервьюсида Ал Пачино ўша пайтда ҳеч қандай ғайритабиий туш кўрмаганини ва нималар бўлганини эслай олмаслигини таъкидлади.
“Ўз уйимда тинч ҳолатда ўтирган эдим, сўнг ўзимни жуда ёмон ҳис қила бошладим. Тана ҳароратим кўтарилиб кетгач, организмим сувсизлана бошлади. Шунинг учун кимдандир ҳамширани чақириб келишларини сўрадим. Атрофдагилардан сув сўрадим. Кейин эса менда бирдан клиник ўлим содир бўлган экан. Барчаси жуда тез ва оддий содир бўлди. Юрак уришим тўхтаган эди”, деди актёр.
Тез ёрдам машинаси саноқли дақиқаларда етиб келди. Ўзига келганда актёр тепасида ҳимоя кийимидаги олтита фелдшер ва иккита шифокор беморни қуршаб олган эди.
“Ҳамма ёнимда турган эди ва улар “У ўзига келди”, дейишгани эсимда”, деди Пачино.
Шунингдек, актёр ўлим ёқасида ҳеч қандай оппоқ ёруғликни ёки бошқа ғайриоддий нарсаларни кўрмаганини қўшимча қилди. Журналистларнинг ўлим билан тўқнаш келиш унинг ҳаётини ўзгартирдими ёки йўқми деган саволига у: “Умуман ўзгартирмади” деб жавоб берди.

Маълумот учун, Альфред о Жеймс (Ал Пачино) 1940 йил 25 апрелида АҚШнинг Нью Йорк шаҳрида, келиб чиқиши италиялик бўлган америкаликлар — Салвадор ва Роза Пачинолар оиласида туғилган.
Кинодаги илк катта роли режиссёр Жерри Шацбергнинг “Нидл-Паркдаги ваҳима” картинасида Бобби қаҳрамони эди. Шундан сўнг Пачино режиссёр Френсис Форд Коппола эътиборига тушган.
Муваффақиятли кино карьерасидан ташқари, Ал Пачино машҳур театр актёри ҳисобланади. У 1969 йил ва 1977 йилларда машҳур “Тони” театр мукофотлари билан тақдирланган. У ўз фаолияти давомида “Чўқинтирган ота”, “Америка фаришталари”, “Гуччи уйи”, “Иккинчи имконият” каби кўплаб лойиҳаларда суратга тушган.
Изоҳ (0)