Ўзбекистондаги энг шов-шувли молиявий пирамида асосчиси Аҳмаджон Турсунбоев ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак. «Чинозлик Аҳмадбой» номи билан машҳур ишбилармоннинг «тўри»га илиниб, чув тушган фуқаролар ҳам мингдан кўп. Унинг 2006 йилда бошланган ноқонуний фаолияти ўн йилдан кейин — 2016 йилнинг ёзида фош бўлади. «Дарё» ҳозирда жазо муддатини ўтаётган Аҳмадбойнинг «тадбиркорлик» иши билан боғлиқ барча тафсилотларни бир саҳифага жамлади.
Аҳмадбой фаолиятига оид илк кўрсатув
Аҳмадбой Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги «Чиноз ҳалол чорва» ва «Чиноз Авто Ҳамкор» корхоналарига асос солади. У икки баробар қилиб қайтариш ваъдаси билан жуда катта миқдордаги омонат маблағларни миллий ва хорижий валютада қабул қилиш билан 2006 йилдан бери ноқонуний равишда шуғулланади. Бундан ташқари, у фоизлик устама тўлаш шарти билан аҳолига хорижий валютада қарз ҳам бериб келади. Унинг бу фаолияти ҳақида махсус кўрсатув тайёрланади ва 2016 йилнинг июнида «Тошкент» телеканалида эфирга узатилади.«Ҳозирги кунда Аҳмаджон Турсунбоевга пул берган ёки пул олган одамлар сони бир неча ўн мингга етган», — дейилади кўрсатувда.
Аниқланишича, Аҳмадбой аҳолидан автомашина ва қимматбаҳо буюмларни қонунга зид равишда қабул қилиб олади, бу муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч қандай расмийлаштирмай, «шунчаки ўзининг иш дафтарларига қайд этиш билан кифояланади». Унинг ноқонуний фаолиятдан кунлик пул айланмаси 3—4 миллиард сўмни, АҚШ долларида 1 миллион атрофидаги суммани ташкил этади.
«Шуниси эътиборлики, Турсунбоев одамлардан пул қабул қилаётганида ҳеч қандай кафолат бермаган. Боз устига, агар ўзига бирор кор-ҳол бўлса, яқин қариндошларига, фарзандларига ҳеч қандай даъво қилмаслик шартини қўйган. Хўш, у ҳолда Турсунбоев қандай қилиб одамларнинг ишончини қозонган? Аҳмаджон Турсунбоев аҳолининг пулларини бир йил муддатда икки баробар ошиғи билан қайтариш ваъдаси билан қизиқтирган ва фаолиятининг дастлабки пайтларида одамларнинг кучли ишончига кирган», — дейилади репортажда.
Аҳмадбой одамлардан олган пулларининг бир қисмини хорижий давлатлардан турли товар, моддий бойликлар олиб келиб сотиш билан шуғулланувчи шахсларга маълум миқдордаги фойда эвазига қарзга бериб келади. У шундай ноқонуний фаолият билан 4-5 йил шуғулланади.
Ноқонуний равишда одамлардан олган пуллари эвазига Cadillac Escalade, BMW, Lexus каби қимматбаҳо автомашиналар сотиб олади, Чиноз тумани ҳудудидаги ер майдонида чорвачилик хўжалигини ташкил қилади, ўз турар жойларида катта миқдордаги хорижий ва миллий валютадаги нақд пул маблағлари ва қимматбаҳо бойликларни тўплайди.
«Ўтказилган тезкор тадбир давомида Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг яқин қариндошларининг уй-жойлари ва уларга қарашли корхоналарда айтиб ўтилган тартибда ўзлаштирилган 13 миллиард 139 миллион сўм ва 7 миллион 900 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар борлиги аниқланди ва бу пуллар қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, далилий ашё сифатида олинди», — дейилади кўрсатувда.
Шов-шувли суриштирув: «Аҳмад васвасаси»
2016 йилнинг 30 июнь пайшанба куни ЎзМТРКнинг «Ўзбекистон», «Тошкент» ва «Ёшлар» телеканалларида Аҳмадбой ҳақида «Аҳмад васвасаси» номли кўрсатув эфирга узатилади. Кўрсатувда унинг ўзи ҳам интервью беради ва қуйидаги гапларни айтади:Боши берк кўчага кириб қолиб, кейин чиқиб кета олмадим. Орқага йўл йўқлигини билардим. Уникини бунга, буникини унга бериб, шу ишга кириб кетганман. Банкротга учрадим. Пул етказиб бера олмадим. Аста-секин (фаолият кўлами) катталашиб кетди. Айни вақтда қанча одам (қамраб олинганини) билмайман. Ўнта заводи бор одам ҳам буни эплай олмайди. Яширмайман, мен бу ўйинга кириб қолганман ва ундан чиқиб кета олмаганман. Аҳолидан узр сўрайман. Қилган ишимдан пушаймонман, — дея таъкидлаган у.Кўрсатув давомида Аҳмадбойнинг фаолиятидан жабрланган шахсларнинг интервьюлари, шунингдек, ўқитувчи Бахтигул Бегайдарованинг мурожаати ҳам эълон қилинади.
«Дарс ўтаман, ўқувчиларга: ‘Ҳалол бўлинглар, яхши ўқинглар’, дейман. Бир ўқувчи айтади: ‘Устоз, ўқи-ўқи деяверманг! Минг сўминг бўлса, Аҳмадбойга бериб қўйсанг, еб ётасан. Фалончига қаранг — уй қуриб олди, унисига қаранг — Captiva миниб олди’. Бу каби гапларни ҳозир бешинчи-олтинчи синф ўқувчилари айтяпти. Мана шу Аҳмадбойнинг дастидан ўқувчиларни ўқиш, меҳнат қилиш қизиқтирмай қўйди.
Шундай ҳолат юзага келишида мен кимни айблайман? Биринчидан, виждонсиз, мансабхўр шахсларни! Ҳоким, ички ишлар бўлими нега шу кунгача буларни текширмади? Оддий халқ вакили кўчанинг бир чеккасида ‘перашка’ сотиб ўтирса, солиқчи дарров югуриб келади: ‘Нега сотяпсан?’, деб. Нима учун Аҳмадбойни ҳеч ким ушламади? Шу вақтгача уни тўхтатишганида эди, шунча халқ қақшаб қолмас эди», — дейди чинозлик ўқитувчи Бахтигул Бегайдарова.
Кўрсатув давомида Аҳмадбойга тегишли «Чиноз Авто Ҳамкор» компаниясида юрист лавозимида ишлаган Ойбек Исоқов шундай дейди: «Катта лавозимдаги одамлар мижоз бўлганини ўзи ҳам айтарди, ҳоким келди ёки милиция келди деб кассадагилар ҳам мақтаниб ўтиришарди. Машҳур артистлар, катта лавозимдаги кишиларнинг номларини айтишар, бири 300 минг, бошқаси 400 минг пул бериб, мижоз бўлди, деган гаплар бўларди».
«Ҳоким билан телефонда бир нарсаларни гаплашарди, нималарни гаплашишини билмасдим. ‘Ҳоким бува’ деб гаплашганини икки-уч марта сездим», — дейилади кўрсатувда Аҳмадбойнинг яқин маслаҳатчиларидан бири деб кўрсатилган собиқ милиционер Тоҳир Мустафоқулов.
Аҳмадбойнинг «шогирдлари» ва «ҳамтовоқлари»
Аҳмадбой бир ўзи ишламайди — унинг қатор ёрдамчилари, шунингдек, ундан илҳом олган издошлари ҳам бўлади. Аҳмадбойнинг қўлга олинишига бағишланган «Аҳмад васвасаси» махсус кўрсатувида унинг йўлидан борган «шогирдлари» ва «ҳамтовоқлари» дея таърифланган шахслар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилади.Аҳмадбой қураётган пирамиданинг тезкорлик билан ўсиб боришининг сабабларидан бири унинг жойларда филиаллар очиши билан боғлиқ бўлади. Ана шундайлардан бири — унинг ишончини оқлаб, меҳр-у муҳаббатига сазовор бўлган Қувончбек Абдулқосимовдир.
Қувончбек Абдулқосимов Чиноз туманидаги Сутбулоқ маҳалласида аҳолидан нақд пул, автомашина, чорва моллари ва қимматбаҳо буюмларни қабул қилиб, Аҳмадбойга етказиб бериш билан шуғулланади. Аммо бу муносабатлар хайрли якун топмайди.
Мана шу ерга келганида молиявий пирамиданинг асосига зил кетганини фаҳмлаш қийин эмас. Ўзаро муросасизликлар ниш ураётган пайтда Қувончбек Абдулқосимовнинг ваъдасига ишонган одамлар Аҳмадбойдан пулларини сўраб, даъво қила бошлайди.
Нуриддин Абулғозиев ноқонуний йўл билан орттирган бойликлари ҳисобига Янгийўл шаҳрида жойлашган кўп қаватли 140-уйнинг биринчи қаватини тўлиқ сотиб олади ва у ерда фитнес-клуб қуриш ишларини бошлаб юборади.
Аҳмадбой ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинганидан кейин таҳликага тушиб қолган Нуриддиннинг мижозлари пулларини даъво қила бошлайди. Ҳаммага бирваракайига пулни қайтариш имконсизлиги маълум бўлиб қолганидан кейин ўртада зиддият юзага келади ва Нуриддин яшаш жойидан қочиб кетади.
«Бузоқнинг югургани сомонхонагача» деганларидек, орадан ҳеч қанча ўтмасдан Нуриддин Абулғозиев ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинади.
Чинозлик Мирзамурод Юнусалиев ҳам 2015 йилга қадар Аҳмадбойнинг югурдакларидан бири бўлади ва халқ орасида, худди устози каби — Муродбой номини олади.
Унга тегишли бўлган автомобиль турар жойларида аҳолидан икки ҳисса қайтариш ваъдаси билан олинган 100 дан ортиқ турли русумдаги автомобиллар борлиги аниқланади.
Мирзамурод Юнусалиев икки ҳамтовоғининг қисматидан воқиф бўлганидан кейин яшаш манзилидан қочиб кетади ва уни қўлга олиш чора-тадбирлари кўрилади.
«Молиявий пирамида» ташкил қилганлик учун кучайтирилган жавобгарлик
Аҳмадбой қўлга олинганидан уч ой ўтиб, аниқроғи 23 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев «молиявий пирамида» ташкил қилганлик учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни имзолайди.Жиноий кодекснинг янги — 188-1-моддаси мулкий манфаат бериш бўйича зиммага мажбурият олиш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкини жалб этишга доир ноқонуний фаолиятни амалга ошириш ва бунда илгари олинган мажбуриятни жисмоний ва юридик шахсларнинг янги жалб этилган пул маблағлари ва (ёки) бошқа мол-мулки ҳисобидан бажариш, шунингдек, бундай фаолиятга раҳбарлик қилиш ва шундай фаолият кўрсатилишини таъминлаш, бундай фаолиятга жалб этиш мақсадида ОАВ ва интернет орқали реклама қилишга қаратилган ноқонуний фаолиятга тааллуқлидир.
Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳаракатлар энг кам иш ҳақининг 100 дан 300 баробаригача жарима солинишига ё 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача муддатгача озодликни чеклаш, ёки 3 йилдан 5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллашга сабаб бўлади.
Бундай ҳаракатлар катта миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, олдиндан тил бириктирган ҳолда, ОАВ ёки телекоммуникация тармоқлари, шунингдек, интернетдан фойдаланган ҳолда амалга оширилса, энг кам иш ҳақининг 300 дан 500 баробаригача жарима солинишига ё 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этишга олиб келиши мумкин.
Жуда йирик миқдорда, ўта хавфли рецидивист, шунингдек, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб амалга оширилган шундай ҳаракатлар 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
Аҳмадбойга қарши тўрт модда бўйича айблов
2017 йил 9 август куни жиноий ишлар бўйича Тошкент вилоят судида Аҳмадбой ҳамда унинг олти нафар шериги гумондор сифатида кўрилаётган иш бўйича суд эшитувлари бўлиб ўтади. Йиғилишда Аҳмадбой таъсис этган «Чиноз ҳалол чорва» ва «Чиноз Авто Ҳамкор» фирмалари фаолиятидан зарар кўрган 11 нафар жабрланувчининг кўрсатмалари тингланади.Унга қарши Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича айбловлар илгари сурилади: 177-модданинг (валюта қимматликларининг ноқонуний харид қилиниши ёки сотилиши) «а», «б» бандлари, 188-модда (давлат рўйхатидан ўтмай тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ўта йирик миқдорда назоратсиз даромад олиш), 189-модда (савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 190-модданинг (лицензиясиз фаолият билан шуғулланиш) «а», «в» бандлари.
Аҳмадбойнинг «шогирди» Нуриддин Абулғозиев суд қилинади
2017 йил 27 ноябрь куни Аҳмадбойнинг шогирдларидан бири сифатида таърифланган Нуриддин Абулғозиев суд қилинади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастурида маълумот берилади.Хабар беришларича, 1979 йилда туғилган янгийўллик Нуриддин Абулғозиев уч шериги билан бирга «Дилшод Авто Савдо» компаниясига асос солиб, ҳужжатларга кўра, автомобиль олди-сотдисида воситачилик фаолияти билан шуғулланади. Бироқ тергов жараёнида фирма бир ниқоб бўлгани, аслида Нуриддин Абулғозиев молиявий пирамидага асос солгани маълум бўлади.
Нуриддин Абулғозиев чинозлик Аҳмадбойдек катта миқдорда фоиз тўлови ваъдаси билан аҳолидан пул, қимматбаҳо тақинчоқлар, мол-мулк ва автотранспорт воситаларини қабул қилади. Олинган бойликлар эски омонатчиларнинг фоиз тўловларини қоплаш учун йўналтирилган, қолган пулни эса у ўз эҳтиёжи йўлида сарфлаб юборади.
105 та автомобиль ўз қонуний эгаларига қайтариб берилади
2018 йилнинг январь ойида Аҳмадбойнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилган вақтда олиб қўйилган турли русумдаги 105 та автомобиль қонуний эгаларига қайтариб берилгани маълум қилинади.Миллий хавфсизлик хизмати Тергов бошқармаси маълумотларига кўра, фуқаролар бу транспорт воситаларини икки баробар кўпайтириб олиш шарти билан Аҳмадбойга ихтиёрий равишда топширади. Аммо улар Аҳмадбойдан пул олишга улгурмайди. Автомобильини қайтариб олаётган бир гуруҳ фуқаролар «Ўзбекистон 24»нинг «Ахборот 24» дастурига қисқа интервью бераркан, уларнинг деярли бари ўз вақтида автомобилидан умидини узиб бўлгани, бугун машиналар қайтариб берилаётганидан жуда хурсанд эканини таъкидлайди.
«Фуқароларни алдамаганман, мақсадим — ишлаш эди»
2018 йилнинг февралида жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида Аҳмадбой ва унинг шерикларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтади. Мажлисда Аҳмадбойга сўнгсўз айтиш имкони берилади.
«Муҳтарам судья, ўртоқ прокурор, мен фуқароларни алдамаганман. Одамлар ўз хоҳиши билан пулларни олиб келган. Мен деҳқончилик, чорва билан, қассобчилик билан шуғулланганман. Шу вақтгача ҳеч қачон фуқароларни алдамаганман. Ўз пулларини ўзлари олиб келган. Мен ҳеч қачон халқни алдамаганман. Бировнинг ҳақини емаганман. Шу ёшимгача бирор инсонни алдамаганман. Лекин қилган ишимдан пушаймонман.
20 минг қорамол боқиладиган ферма қураётгандим. 1 миллиард товуққа жой қилаётгандим. 100 минг бош қўйга жой тайёрлаётгандим. Мақсадим ишлаш эди. 2 минг гектар жойда балиқчилик қилмоқчи эдим. Мақсадим фуқаролар билан ишлаш эди. Мақсадим алдаш бўлмаган. Шу вақтгача ҳеч қачон одамларни алдамаганман. Агар шу вақтгача одамларни алдаганимда, улар мени тинч қўймаган бўларди.
Муҳтарам судья, қилган ишимдан афсусдаман. Президентимиз Шавкат Миромоновичдан кечирим сўрайман. Халқдан кечирим сўрайман. Раҳбарият ходимларидан кечирим сўрайман. Суд ходимларидан кечирим сўрайман. Ўртоқ прокурор, минг бор узр сўрайман. Қилган ишимдан пушаймонман. Лекин фуқароларни алдамаганман. Мақсадим — ишлаш эди. Мен бировларни алдаб, мол-мулкини олмаганман», — дейди Аҳмадбой.
Аҳмадбой ва унинг шерикларига нисбатан ҳукм эълон қилинади
2018 йилнинг 21 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида Аҳмадбой ва унинг шерикларига нисбатан ҳукм эълон қилинади.Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 188-моддаси (ноқонуний тадбиркорлик фаолияти), 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 190-моддаси (фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш), 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 211-моддаси (пора бериш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбланган Аҳмадбой, Олмос Қўчқоров, Иззатилла Иброҳимов, Муроджон Турсунбоев, Ойбек Турсунбоев, Азизжон Турдиев ва Рашид Исмоиловларга нисбатан суд ҳукми ўқилади.
Унга кўра, Аҳмадбойга 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 13 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида (52 096 000 сўм) жарима жазоси тайинланади.
Олмос Қўчқоровга 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида (52 096 000 сўм) жарима жазоси, Иззатилла Иброҳимовга 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида (45 584 000 сўм) жарима жазоси, Муроджон Турсунбоевга 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида (45 584 000 сўм) жарима жазоси берилади.
Ойбек Турсунбоевга 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 7 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида (45 584 000 сўм) жарима жазоси, Азизжон Турдиевга 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 7 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида (45 584 000 сўм) жарима жазоси ва Рашид Исмоиловга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида (52 096 000 сўм) жарима жазоси тайинланади.
Аҳмадбойга нисбатан амнистия тўғрисидаги қарор қўлланилиб, озодликдан маҳрум этиш жазоси ўталмаган муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилади. Жазо умумий тартибдаги колонияда ўталади. Жазони ўташ муддати 2016 йил 16 июндан бошланган, деб эълон қилинади.
Аҳмадбойнинг адвокати: «Жуда оғир жазо берилди»
Лекин Аҳмадбойнинг адвокати Малика Мазбудова «Ўзбекистон 24»нинг «Ахборот 24» дастурига берган интервьюсида суд ҳукми устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатига асосан иш кўришини маълум қилади.«Ҳимоям остидаги Аҳмаджон Ҳамидович Турсунбоевга нисбатан ҳимоя нуқтаи назаридан қаралганда, жуда оғир жазо берилди, деб ҳисоблайман. Шу боис, ҳукмнинг нусхасини олганимиздан сўнг, апелляция шикоятига, балки, мурожаат қилишимиз мумкин», — дейди у.
Адвокатнинг қўшимча қилишича, Аҳмадбой Жиноят кодексининг 168-, 188- ва 189-моддалари бўйича қўйилган айбловларни тан олмаган ва уларни айбдан чиқаришни сўраган.
«Одамлар Худодан қўрқсин»
2019 йилнинг май ойида жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман судида Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқа 16 нафар судланувчиларга нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича суд якунига етади.Судланувчи Аҳмадбой Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришда назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилади. Унга узил-кесил 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланади.
Аҳмадбойга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми а, в бандлари билан иш ҳақи 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ҳам тайинланади.
Суддан кейин Аҳмадбой ОАВ вакилларига интервью бериб, давлат раҳбаридан узр сўрайди.
Мен суд ҳукмидан норози эмасман. Бир нарсани илтимос қиламан: фуқаролар пулни ўз хоҳиши билан олиб келган, уларни ҳеч ким мажбурламаган. Фуқаролар Худодан қўрқсин, 10 минг пулини 20 минг, 25 минг қилиб олган. Йўқ нарсани, уйимни сотдим, жойимни сотдим, деб туҳмат қилмасин. Худодан қўрқсин.Мен ўзим учун тўғри ишлаганман, фуқароларни алдамаганман. Фуқаролар ўз хоҳиши билан пул олиб келган. Фуқаролар кўпайганидан кейин қонуний қилиб фирма очишга мажбур бўлганман. Мен бировни алдаб, пулини олмаганман. Ўз хоҳиши билан берган. Қайси одам шунчаки 10 минг долларини 20 минг доллар қилиб олади, банкка борса, банк буни ҳеч қачон қилиб бермайди. Банк бир йилда 10 минг долларни 12 минг қилиб беради. Ҳеч ким уларни мажбурламаган, ўз хоҳиши билан олиб келган. Мақсади пулини пул қилиб олиш бўлган.
Мен муҳтарам президентимиз Шавкат Миромоновичдан узр сўрайман, ҳам ёрдам сўрайман. Президентимиз афв этсалар, чорва, паррандачилик қиламан. Халққа фойдам тегсин, олдин ҳам фойдам тегган. Камбағални бой қилганман, — дейди у.
Учинчи очиқ суд иши
2019 йил июлда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туман суди биносида судланувчи Аҳмадбой ва яна 16 кишига нисбатан жиноят ишининг тергов томонидан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича учинчи очиқ суд бўлиб ўтади.Судланувчилар Аҳмадбой ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик)да кўзда тутилган жиноятларни амалга оширганликда айбланади. Унга қадар суд тергови давомида 170 га яқин жабрланувчининг қарийб 90 нафари сўроқ қилинади.
Судда Аҳмадбой фаолиятига алоқадор айрим жиҳатларни маълум қилади.
Фуқаролардан олган пулларни ферма ва чорвани ривожлантириш учун ишлатганман. Деҳқончилик қилганман, йилига 50, 60, баъзида 100 гектар ерда картошка экардим. Мол боқардим. Тирикчиликни мана шундай ушлаганман. Фуқароларнинг пулини ‘оборот’ қилганман, шунинг ҳисобидан вақтида пулларни қайтариб, жой-жойига қўйиб берганман. Шу сабабдан одамлар кўпайиб кетган. Мен одамларни алдаб, қизиқтирмаганман. Уларнинг ўзи бир-бирини олиб келарди. Қандай қилиб мен фирибгар бўламан? Фирибгарлик қилиб бировнинг пулини олиб чиқиб кетдимми ёки чет давлатга чиқиб кетдимми? Топган даромадимни фақат фуқароларга тўлаганман. Ойига топган 100—500 минг долларни фақат фуқароларга тўлаганман, — дейди Аҳмадбой.Шунингдек, у одамлар валютани қандай олиб келгани ҳақида гапиради.
Биттаси келади ва 10 минг доллар беради, 10 ойдан кейин у 20 минг доллар оляпти. 20 минг пулини кейин 40 минг, сўнг 80 минг қилиб оляпти. Тагини олиб қараганда, бир фуқаро 200—300 минг доллар фойда қиляпти-да, 20—30 минг долларга ариза ёзяпти.Шу билан бирга, Аҳмадбой пуллар талон-торож қилингани ҳақида ҳам айтади.Мен 12 минг фуқарога пул етказиб бера олмайман. Менда пул ҳам йўқ. Эртага, бу фуқаролардан 4—5 мингга яқин одам бизга фойдага кириб кетган, ўша пуллар қайтарилса, фуқароларга пул етади. Агар мен жиноятчи бўлсам, фуқаролар ким унда? Улар менга пул бериб, валюта олиб келганми? Валютани асос қилиб келтириб бера олмайди-ку.
Бизга дафтарни берсин, ҳаммасини асос қилиб қўйиб берамиз. Шунинг учун мен ходимлардан ҳам, прокуратура вакилларидан, терговчилардан, судьялардан ҳам ёрдам сўраяпман. Менинг иложим йўқ, бу вазиятдан чиқа олмайман. Бу ҳазилакам пул эмас, менинг қурбим ҳам етмайди. Бу 500 минг доллар, 1 миллион доллар эмас, бу 40 миллион доллардан зиёд пул. Қани у пуллар?, — дея таъкидлаб ўтади у.
Нега мени ўша ёпган пайтда терговчилар: ‘Мана сенинг пулларинг, мана сенинг тилланг, мана сенинг молинғ, деб асос қилиб қўйиб бермади? Сабаби — мени олиб бориб қамаган. Мен қаердан у пулни етказиб бераман? Пулнинг ҳаммаси талон-торож бўлиб кетган-ку. Менда кирим бўлган, фойда қилганман, яхши даромад бўлган, шунинг ҳисобидан одам кўпайган. Агар озгина даромад бўлмаса, уни торта ҳам олмайсиз, — дейди Аҳмадбой.
Учинчи суд иши ҳукми
2019 йил 28 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман суди биносида Аҳмадбой ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони — 16) нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича учинчи очиқ суд жараёни ниҳоясига етади ва суд ҳукми эълон қилинади. Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг судьяси Х. Шермуҳамедов раислигида кўриб чиқилади.Шу билан бирга, Аҳмадбойга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати, Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарорининг 6-банди «б» кичик бандига асосан тўртдан бир қисмига қисқартирилади. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ ва жаримани давлат даромади ҳисобига ундириш белгиланади.
Ушбу суд жараёнида 230 дан зиёд жабрланувчи кўрсатмалари тингланади ва уларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланади.
Қанча одам жабр кўрган?
2019 йил 17 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мажбурий ижро бюроси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида Аҳмадбойдан жабр кўрганлар сони ва у томонидан фуқароларга етказилган зарар миқдори маълум бўлади.«Ҳозирда ушбу ижро ҳужжатига кўра, Аҳмаджон Турсунбоевдан жабрланган 11 минг 710 нафар фуқарога тергов органлари томонидан хатланган маблағлар, 29 турдаги кўчмас мулк, 8 турдаги автотранспорт воситаси ва заргарлик буюмларини етказилган қарздорлик эвазига қайтариш чоралари кўриляпти.
2016 йилда хатланган мазкур мулкларни бугунги кундаги бозор нархи бўйича қайта баҳолатиш мақсадида баҳоловчи ташкилотларга мурожаат қилинган. Айрим мол-мулклар эса аллақачон баҳоланган ва аукцион савдоларига чиқарилган. Қолган буюмларнинг ҳам баҳолаш хулосаси олингач, тегишли тартибда аукционга қўйилиши режалаштирилган.
Аҳмаджон Турсунбоевга чув тушган фуқароларнинг маблағлари қонун тартибида қайтарилади. 12 минг нафарга яқин одамнинг рўйхатини шакллантирганмиз. Айни пайтда бу бўйича алоҳида дастур яратяпмиз. Бу дастурда инсон фактори аралашмайди. Дастур бўйича Аҳмаджон Турсунбоевга берилган маблағларга қараб, мутаносиб равишда ҳар бири фуқарога тақсимланади. Сўнгра тегишли тартибда фуқароларнинг пластик карталарига пуллар ўтказиб берилади. Ҳозир бизга мурожаат қилаётганларнинг аксариятида пластик карта йўқлиги боис банклар билан келишган ҳолда фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида пластик карталарни бепул очиб бериш чораларини кўряпмиз. 920 нафар фуқаро учун банкка пластик карта буюртма қилганмиз.
Бундан ташқари ҳар бир фуқаро билан индивидуал суҳбатлар ўтказиляпти. Пластик карталари мавжудларнинг ҳисоб рақамларини ёзиб олиб, аризаларини қабул қилмоқдамиз. Тез кунларда пул маблағларининг келиб тушиши якунига етса, уч кун муддатда маблағларни тақсимлаймиз. Мурожаатлар ҳозир давом этяпти, аризалар қабули ҳам тўхтагани йўқ.
Аҳмаджон Турсунбоевга фуқаролар томонидан берилган пуллар ва мол-мулкларнинг умумий қиймати 386 миллиард сўмни ташкил этмоқда», — дейди МИБнинг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бекзод Менглиев.
Тўртинчи очиқ суд иши
Жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман суди биносида Аҳмадбой ва яна 16 кишига нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича 2020 йил январь ойи охирида тўртинчи очиқ суд бўлиб ўтади.Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси Х. Шермуҳаммедов раислигида кўриб чиқилади. Судланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланади.
Аҳмадбой ушбу суд ишида алданган одамларнинг пулларини қай тарзда қайтариши ҳақидаги саволга шундай жавоб беради:
Ҳамма нарса ҳисоб-китобли. Фуқаролар, Худо хоҳласа, пулларини олади. Насиб қилса, салкам 12 минг жабрланган фуқароларнинг ҳаммасига пуллари қайтарилади. Улар пулларини пропорсионал тартибда олади. 10 миллион сўм пул берган одамга 2 миллион сўм қайтарилади. Пропорсионал, яъни 20 ёки 30 фоиздан. 30 фоиз бўлса, 3 миллион сўм олади. 20 фоиз бўлса, 2 миллион сўм. 100 миллион сўм берган одам 30 миллион, 20 фоиздан ҳисобланса, 20 миллион сўм олади. Фуқароларнинг пуллари шу тариқа пропорсионал тарзда тақсимлаб берилади.Кўпчилик ўзи қанча пул берганини билади, лекин суд ёки тергов жараёнига келган вақтида терговчига ростини айтмайди. «Қанча пул бергансиз?» деб сўралса, 3 минг доллар бўлса «4 минг ёки 5 минг доллар берганман» дейди. Аксарият одамлар ёлғон гувоҳлик бермоқда. Терговчи ёки судья уларнинг айтганига ишонмоқда. Айрим фуқаролар ростини гапиришса, мақсадга мувофиқ бўларди. Жараёнга келганда оғзига келган пулни айтиб, аниқ эслолмаслиги ҳақидаги важни келтирмоқда», — дейди Аҳмадбой.
Тўртинчи суд иши ҳукми
2020 йил 12 февраль куни жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман суди биносида судланувчилар Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқаларга нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича тўртинчи очиқ суд жараёни ниҳоясига етади ва суд ҳукми эълон қилинади.Аҳмадбойга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «а, в» бандлари (эски таҳрирдаги) билан айбли деб топилади ва унга ушбу модда билан 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Аҳмадбойга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддалари тартибида тайинланган жазога қисман жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2019 йил 28 октябрдаги ҳукми билан тайинланган жазосини қўшиб, узил-кесил ўташ учун 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 14 йил 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Унга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарорининг 6-банди «б» кичик бандига асосан тўртдан бир қисмига қисқартирилади.
Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ тайинланади. Жазони ўташ муддати 2016 йил 16 июндан бошлаб ҳисобланади. Аҳмадбойга қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилади.
«Мақсадим ёмонлик бўлмаган, фақат ишлаш эди»
Охирги суд жараёнида ажратилган қисқа танаффус вақтида Аҳмадбой ОАВ вакилларининг қатор саволларига жавоб беради.Фаолиятимни 2006 йилда бошлаганман. Аввалига фақат чорвачилик қилганман. Мен қассобман. Ўзим мол олардим ва фуқароларга мол берардим. Шунинг устидан фойдаланардим. Тўғри, мен ўз ишимдан пушаймонман, афсусдаман.Худонинг ўзи кечирсин. Молларни фоиз эвазига берганман. Масалан, бир фуқародан 5 миллион сўмлик молни 7 миллионга олиб, уни бошқасига 8-9 миллион сўмга ўтказганман. Ўзим ҳам пул айлантириб, пул чиқарганман. Лекин фоизга ўйнаганман. Шу ўйинга кирганман. Кирганингиздан кейин чиқолмайсиз, бу қийин нарса.
Одамлар ўтириб олиб мана бундай қилса бўлади, ундай қилса бўлади, деб гапираверади. Фуқаролар кўпайганидан кейин уларнинг пулини ферма ва бошқа нарсаларга қўйиб, маблағларни айлантирганман ва пулларини яна ўзларига тақсимлаб бермоқчи бўлганман. Вазият эса мана бундай бўлди, — дейди у.
Аҳмадбой ўз интервьюсида ўн йиллик фаолияти мобайнида унга биров тўсқинлик қилмагани, фуқаролардан шикоят тушмаганини таъкидлайди.
Агар сиз бировдан пул олиб, вақтида қайтармасангиз, у ариза ёзади ва ёпади. Мен фуқаролар пулини тўлаб, жой-жойига қўйиб беряпман. Пул топиб, уларга қандай қайтариш менинг ишим. Мақсадим ёмонлик бўлмаган, фақат ишлаш эди. Фуқароларни алдаш ниятим бўлмаган. Маҳалламдагиларга зиёним тегмаган. Қўлимдан келганича йўллар, қабристонлар ободлигига ёрдамлашдим.Менга енгил жазо берилса, имконим борича, чорвачиликни қайта йўлга қўярдим. Фуқаролар пул олиб келса, қайтиб олмайман. Ўйлаб кўринг, агар бу ишни қилсангиз, яна эртага одам кўпаяди, пул айланади ва яна қамаласиз. Энг ҳалоли, тинчгина чорвамни, деҳқончилигимни қиламан. Ишимдан қаттиқ пушаймонман. Аввало Худодан кечирим сўрайман. Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан ҳам минг бор узр сўрайман, — дейди Аҳмадбой.
«Бу ишга вақтида нуқта қўйишим керак эди»
У журналист ва блогерларга интервью бераркан, «Молиявий пирамида бутун дунёда мавжуд. Сиз ғояни кимдан олгансиз?», деган саволга шундай жавоб қайтаради:Менга ҳеч ким ўргатмаган. Бировлар буни пирамида, деяпти. Энди битта нарсани ўйланг, сиз агар бирор бир ташкилот очиб, ишни вақтида ва жой-жойида олиб борсангиз, фуқаролар сизга ишонади. Агар бошидан бировни алдасангиз, сизга ҳеч ким ишонмайди. Одамларда менга нисбатан ана шу ишонч бўлган — вақтида пулларини тўлаганман. Шу боис улар маблағлари, машиналарини олиб келишни бошлаган.
Судланувчи қисқа интервью давомида ўзининг энг катта хатосига ҳам тўхталиб ўтади.
Мен, аввало, Худога ишонганман ва таваккал қилиб иш бошлаганман. Ортимда қўллаб-қувватлайдиган танишим бўлмаган. Ўшанда фуқаролар келиб, ‘Аҳмад ака, бу ишингизга ким кафил?’, деб кўп сўрарди. Мен Аллоҳга таваккал қилиб ишлаган боламан.Энг катта хатойим — фуқаролар ҳаддан ташқари кўпайиб кетганида. Бу ишга вақтида нуқта қўйишим керак эди. Тўхтатиш учун 2009—2010 йилларда ёпишим лозим эди. Қўл остимдагиларнинг ҳаммаси ҳалол ишлаган ва мени сотмаган. Чунки ўзимнинг жиянларим, яқинларим бирга ишлаган ва маошларини вақтида олган.
Одамларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши натижасида жиноят иши очилган. Деди-деди гаплар ҳам жуда болалаб кетди. Кўплар кўчада менинг номимни сотиб, иш қилиб юборган. Филиал очган болалар бор. Уларга менинг умуман алоқам йўқ, — дейди Аҳмадбой.
Аҳмадбойнинг ёрдамчиси Муродбойга — 9 йил
2015 йилга қадар Аҳмадбойнинг ёрдамчиларидан бўлган ва халқ орасида Муродбой номи билан танилган Мирзамурод Юнусалиев ва унинг жиноий шерикларига нисбатан 2020 йилнинг августида суд ҳукми ўқилади.Мирзамурод Юнусалиев 27 август куни жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман суди томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг «а», «в» бандлари (фирибгарлик), 184-моддасининг 3-қисми (жуда кўп миқдордаги солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш), 228-моддасининг 3-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш — ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш) ва 243-моддаларида (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилади.
Суд жиноий гуруҳ раҳбари бўлган Мирзамурод Юнусалиевга – 9 йил, унинг шериклари Ғофуржон Муроджоновга – 8 йил, Амиран Қудратовга – 8 йил, Эркин Шариповга – 8 йил, Сирожиддин Йўлчиевга – 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлайди.
Гуруҳнинг қолган 8 нафар аъзоси Жиноят кодексининг 72-моддасига (шартли ҳукм қилиш) асосан уларнинг гуруҳдаги иштирокчилик даражаси инобатга олиниб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосидан шартли равишда озод қилиниб, 3 йил синов муддати белгиланади.
Миш-мишларни рад этган ва тан олган санъаткорлар
2016 йили «Аҳмад васвасаси» номли кўрсатув бир қанча телеканалларда эфирга узатилгач, Аҳмадбойга айрим санъаткорлар ҳам алоқадор экани ҳақида миш-мишлар тарқалади. Шундан сўнг санъат вакиллари бирин-кетин гап-сўзларга муносабат билдиради.Хусусан, хонанда Муниса Ризаева ўзининг Instagram саҳифаси орқали Аҳмадбойга пул бергани ҳақидаги миш-мишларни рад этади.
«Бугун менга гўёки қандайдир Аҳмадбой деган одамга пул берганим ҳақида маълумотлар етиб келди! Мен бундай одам борлиги ҳақида энди эшитиб турибман. Ҳеч кимга ҳеч қанақа пул бермаганман, айниқса, фоизга, менга икки баравар қилиб беришлари учун. Бу жуда катта гуноҳ эканини биламан. Оллоҳга шукр, ҳамма нарсам етарли. Шу сабабли бундай кўзбўямачи инсонларга қулоқ тутмаслигингизни сўраб қоламан!», — дейди санъаткор.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева ҳам икки баробар кўпайтириб бериш шарти билан 50 минг АҚШ доллари бергани ҳақидаги хабарларни тан олмайди.
«Мен Аҳмадбой ҳақида умуман эшитмаганман, ҳатто телевидение орқали намойиш этилган кўрсатувни кўрганим ҳам йўқ. Қўл телефоним тинмаяпти, таниш-билишлар кўнгил сўраб қўнғироқ қилишяпти. Одамларга ҳайронман, кўрмаган, билмаган нарсаси ҳақида бундай гапларни қандай ўйлаб топишаркан?!
Фарзандларимни ҳалол меҳнатим билан боққанман. Судхўрлик энг оғир гуноҳ ва жиноят. Қўлимда шунча пулим бўлганида, етти ёт бегонанинг қўлига олиб бориб берган бўлармидим?! Аҳмадбой ким экан, деб суриштирсам, кўпчиликнинг алданиб, пулини олдириб қўйганини эшитдим. Бу ерда энг асосий айбдор — одамларнинг ўзи. Пешона териси билан топган пулини судхўрнинг қўлига тутқазган одамларни ҳеч қачон оқламайман», — дейди актриса.
Хонанда Адҳам Солиев икки баробар кўпайтириш шарти билан катта миқдорда пул бергани ҳақидаги миш-мишларни инкор қилади.
«Қайсидир санъаткор Аҳмадбойга пул берган бўлиши мумкин, лекин мен пул тугул, сигир ҳам бермаганман. Илтимос, Telegram орқали тарқатилаётган бундай гап-сўзларга мени қўшманглар. Ундан кўра юртимизнинг тинчлигини Худодан сўранглар, ўзингиз учун, ота-онангиз учун соғлик-саломатлик сўранглар. Маза қилиб: «Бўри эдим, бўри, йигитларнинг зўри», деб, йигитларнинг зўри бўлиб юринглар», — дейди қўшиқчи.
Ижтимоий тармоқларда хонанда Дилфуза Исмоилова тўй маросими вақтида Аҳмадбойни дуо қилаётгани тасвирланган видеолар пайдо бўлади. Қўшиқчи «Бахтимизга бой отамиз соғ бўлсинлар, умрлари узоқ бўлсин! Аллоҳ сизни ўз паноҳида асрасин. Бой отамизни ёмон кўзлардан, ёмон одамлардан Худо асрасин!», — деб ният билдиради.
Хонанда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган видеога изоҳ бераркан, «Аҳмадбой қариндошларимиздан бири бўлган. Сиз айтаётган видеода эса номақбул ҳолат йўқ. Мен у кишининг хонадонида тўйда қатнашганман. Бу видео шу тўйда олинган», — дейди Дилфуза Исмоилова.
Орадан бир йил ўтиб, хонанда бир интервьюсида «Аҳмадбойга пул берганмисиз?», қабилидаги саволга жавоб қайтаради. У Аҳмадбойнинг унга «ҳеч ёмонлиги тегмаган»ини қайд этади. «У бизни ҳар доим тўйга айтарди. Шунинг учун уни мақтаб, дуо қилиб қўйганмиз. Аҳмадбойга пул бермаганман. Машина бергандим. Машинага куйдим. У ҳам бир инсон. Беайб Парвардигор. Дўстга ҳам, душманга ҳам айтадиганим — омадини берсин», — дейди Дилфуза Исмоилова.
Актёр Миролим Қиличев Аҳмадбой сабаб уч хонали уйидан ажраб, кўчада қолганини тан олади.
«Ўзи бошида Аҳмадбой шов-шув бўлиб юрганида мен ишонмай юрдим. Лекин кунлардан бир куни театримизда дўстимиз мени шу ишга кўндирди. Ўша пайтларда Matiz русумли автомобилим бор эди. Машинамни тўғридан-тўғри Аҳмадбойга эмас, унинг Рихситилла деган шогирдига бердим. Қарасак, пули вақтида бериляпти. Кейин яна битта машина билан йиғиб юрган пулимизни бердик. Ўша вақтда Captiva-2 русумли автомобиль энди чиққан пайтлари 30.000 АҚШ долларига сотиб олган эдим. Ана шу Captiva-2 ни ҳам бердик.
Шунақа бизнес қилаётганимизда бир-икки дўстларимнинг орасига ҳам кирдим. Бир-икки устозларга ҳам «пулингизни бераверинглар ўртада мана мен турибман», деб юборибман. Кейин эса Аҳмадбойлар қўлга олинди. Мен эса атрофимдагиларга «мен ўртада турибман» деган лафзим борлиги учун уч хонали уйимни сотиб, бир кундаёқ пулини ана шу лафз қилган одамларимга тарқатиб чиққанман», — дейди актёр.
2020 йил 12 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман суди биносида ўтказилган суддан кейин ОАВга интервью берган Аҳмадбой унга қайси санъаткорлар пул бериб, фойдалангани ҳақидаги саволга жавоб қайтаради.
Фалончи артист сизга пул берган экан, деган гапларни ўзим ҳам эшитдим. Биринчидан, мен санъаткорлар билан олди-берди қилмаганман. Ўша пайтда ўғил тўй ўтказганимда тўёна ҳисобидан келган у артистлар. Лекин мен санъаткорлардан пул олмаганман. Шерали Жўраевдан пул олибди, Озоддан пул олибди, деган гапларнинг барчаси деди-деди холос.Энди кимдир биров орқали пул киргиздирмаган бўлса, бирор артистнинг ўзи келиб, менга мана, 50 минг доллар, мана 100 минг доллар деб пул бермаган. Мен санъаткорлар билан умуман олди-берди қилмаганман. Ўзингиз ўйланг, менда 12 минг нафар жабрланувчи бор. Уларнинг дафтардаги исм-фамилиясини биламиз. Менга фарқи йўқ, артист келиб пул берадими, бошқаси келадими. Мен учун ҳаммаси оддий бир фуқаро, — дейди у.
Миролим Исажонов тайёрлади.
Изоҳ (0)