Жиззах вилоятининг Зомин тумани «Дуоба» қишлоқ фуқаролар йиғини Ўриклисой қишлоғи яқинидаги ўрмон ҳудудларида 1 август куни йирик ёнғин юз берганди. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Дарё» сўровига асосан маълум қилишича, ҳолат юзасидан шу куни жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тўпланган ҳужжатларга кўра, Ўриклисой қишлоғида жойлашган дам олиш маскани бирининг атрофида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмасдан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётганда ёнғин келиб чиқиб, арча ва бошқа ўсимликлар ёниб нобуд бўлиб, Зомин Миллий табиат боғига жуда кўп миқдорда зарар етишига сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан 1 август куни Жиззах вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198 (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва 259-моддалари (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

«Ҳозирда Бош прокуратура томонидан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговга аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди», — дейилади Бош прокуратура тақдим этган маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, 1 август куни соат, тахминан, 10:40 да бошланган ёнғин салкам саккиз соатдан сўнг ўчирилган. ФВВ маълумотларига кўра, 80 гектар майдонда қуруқ ўт ва дарахтлар ёнган. Оловни ўчиришга 1600 га яқин одам жалб этилган.

Жумладан, ФВВ дастлаб оловни ўчириш учун 4 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси шахсий таркибининг 24 нафар вакили йўналтирилгани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ ёнғиннинг тарқалишининг олдини олиш ва уни ўчириш учун ФВВ шахсий таркибининг яна 350 дан ортиқ вакили юборилгани, шунингдек, Миллий гвардия, ИИВ, Экология қўмитаси ва бошқа ташкилотларнинг куч ва воситалари жалб этилгани маълум қилинди.

Шу билан бирга, Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати ёнғин сигнали олиниши билан 400 нафар ҳарбий хизматчидан иборат батальон фавқулодда ҳолат ҳудудига бориб, оловни ўчиришга киришганини маълум қилди. Ҳарбий-ҳаво кучларининг тўртта вертолёти эса Зомин сув омборидан 20 мартадан ортиқ сув олиб, аланга ўчоқларига 30 тоннадан ортиқ сув ташлаган.

Ижтимоий тармоқларда «Дуоба» тарафдаги ўрмонлар 2 август куни ҳам тутаётгани ҳақида видеохабарлар тарқалди, бироқ ФВВ матбуот хизмати ҳудудда ёнғин бўлаётгани ҳақидаги гумонларни рад этди. 8 август куни Зомин тоғларида яна ёнғин содир бўлди. ФВВ матбуот хизмати вазият тўлиқ назорат остидалиги, тез орада қўшимча маълумотлар тақдим этилишини билдирди. Бироқ ушбу ёнғин юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилмади.

Жиззах вилояти ФВБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Абдураҳмонов «Янги давр»га берган интервьюсида «ёнғин асосан инсон омили билан боғлиқ ҳолда юз берган бўлиши мумкин»лигини маълум қилганди. Чунки масъулнинг изоҳлашича, ёнғин бошланиши арафасида ўрмонда ҳаво очиқ, ҳарорат Цельсий бўйича 26—28 даража илиқ бўлган, шунингдек, ҳудуддан ўтган электр узатиш линияларида ҳам узилишлар қайд этилмаган.

Шавкат Мирзиёев 24 август куни ўтказилган йиғилишда Зомин тоғларида юз берган ёнғин ҳақида «бир ноинсоф бойваччанинг ўғли шу ишни қилибди», деб айтганди. «Ҳозир прокуратура шуғулланяпти, албатта, чора кўрамиз», — деб таъкидлаганди Президент.