Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида юборилган вакцинация учун мўлжалланган шприцлар қабул қилиб олинди, дея хабар қилмоқда ЎзА.

Фото: ЎзА

Таъкидланишича, ЮНИСЕФ ходимлари Тошкент халқаро аэропортида COVID-19 вакциналарини барча учун етказишга қаратилган глобал механизм — COVAX доирасида 4500 килограмм қадоқланган шприцларни қабул қилди.

Фото: ЎзА

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга қарши илк вакцина сифатида Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган вакцина 1 март куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Ўзбекистоннинг ҳиссаси ва саъй-ҳаракатларини инобатга олиб, компания ZF 2001 вакцинани бирга яратган ҳаммуаллиф мамлакат сифатида белгилади. Ушбу янги вакцинани ZF-UZ-VAC 2001 номи билан ишлаб чиқаришга келишилган.

Вакцина коронавируснинг «британча» ва «африкача» штаммларига қарши Moderna вакцинасидан олти баробарга яхшироқ бўлиб чиққани маълум қилинган.

Хитой компанияси мазкур вакцинани ҳамкорликда ишлаб чиқариш учун Ўзбекистонда фаолият юритаётган бир қатор фармацевтика корхоналари фаолиятини ўрганиб, лаборатория ҳамда техник ва ишлаб чиқариш қувватларини инобатга олиб, Jurabek Laboratories МЧЖ қўшма корхонасини танлаган.

Бундан ташқари, Россия ташқи ишлар вазири «Спутник V» вакцинаси Ўзбекистонда рўйхатга олинганини айтди. Вакцинани оммавий қўллаш жараёнига 17 февраль куни рухсат берилган эди.

Шунингдек, Ўзбекистон COVAX дастури доирасида 2,6 миллион доза AstraZeneca вакцинасини олиши маълум қилинган.