Япония мамлакатда коронавируснинг янги тури аниқлангани сабабли ўз чегараларини ёпишни маълум қилди, дея хабар бермоқда Meduza.

Фото: Reuters

Қайд этилишича, мамлакатга кириш 2020 йил 28 декабрдан 2021 йил январь охиригача тақиқланади. Япония фуқаролари ва мамлакатда яшаш рухсатномасини олган чет элликлар мамлакатга қайтиши мумкин.

Маълум қилинишича, 26 декабрь ҳолатига кўра Японияда коронавируснинг янги штамми билан касалланишнинг еттита ҳолати аниқланди. Улардан бир киши касалликни мамлакат ҳудудида юқтирган.

Шунингдек, 26 декабрь куни Японияда 3877 та коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. Бу пандемия бошланганидан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Мамлакатда коронавирус билан чалиниш бўйича кунлик рекорд кўрсаткичлар қаторасига тўртинчи кун кузатилмоқда. Пандемия бошидан бери Японияда 219 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати аниқланган.

Коронавируснинг янги штамми

Буюк Британияда коронавируснинг янги тури аниқлангани, шу туфайли мамлакатнинг айрим ҳудудларида касаллик тарқалиш суръати тезлашгани ҳақида 14 декабрь куни маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Мэтт Хенкок маълум қилди. Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, ушбу турдаги коронавирус аввалгиларидан 70 фоизга юқумлироқ, лекин ундан хавфли эмас.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 20 декабрь куни Британияникига ўхшаш коронавирус Нидерландия, Дания ва Австралияда ҳам аниқланганини эълон қилди. Ҳозирда ташкилот бу штаммни ўрганмоқда.

Аввалроқ Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)да ҳам шунга ўхшаш мутациядаги вирус топилгани ҳақида хабар берилган эди. Вируснинг янги варианти ҳозирги вакциналар ҳосил қиладиган иммунитетдан кучлироқ бўлиши мумкин, деган тахминлар учун ҳозирча бирор-бир асос йўқ. Буюк Британия 8 декабрь куни Ғарб мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб коронавирусга қарши Pfizer ва BioNTech компаниялари томонидан ишлаб чиқилган дори воситаси билан оммавий вакцинация қилишни бошлаган эди.

Европанинг бир қатор мамлакатлари — Нидерландия, Бельгия, Австрия ва Италия кабилар Буюк Британия билан авиақатновларни тўхтатишини эълон қилиб улгурди. Ирландия, Франция ва Германия, шунингдек, Исроил ҳам шундай қарор қабул қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Bild нашри маълумотларига кўра, Германия канцлери Ангела Меркель Европа Иттифоқидаги ҳамкасблари билан Буюк Британиядан Евроиттифоққа парвозларни 20 декабрь оқшомидан то 2021 йил 6 январигача мувофиқлаштирилган ҳолда тақиқлаш бўйича келишишни режалаштирмоқда. Кейинроқ Европада коронавируснинг янги тури аниқланди.

Янги штамм сабаб Саудия АрабистониРоссия ва 20 дан ортиқ мамлакат авиақатновларни чеклади. Шу жумладан, Ўзбекистон ҳам етти давлат билан авиарейсларни тўхтатди.

BioNTech 6 ҳафта ичида коронавируснинг янги штаммига қарши вакцина яратишга тайёрлигини маълум қилди.

Кейинроқ Дания ва Бразилияда коронавируснинг янги мутациялари аниқланди. Британиянинг ўзида ҳам коронавируснинг яна бир янги штамми аниқланди. Шу билан бирга, Германия ва Швейцарияда коронавируснинг «британча штамми», Нигерияда эса бутунлай янги мутацияси қайд этилди.

26 декабрь куни коронавируснинг «британча штамми» Франция ва Японияда ҳам аниқланди.