Ўзбекистонда 31 август соат 23:00 дан 1 сентябрь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 343 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет саккизинчи кун касалланганлар сони 400 нафарга етмаяпти. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 42236 нафарга етди.
Янги касалланиш ҳолатлари
Янги касалланган 343 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:- Тошкент шаҳрида — 218 нафар;
- Тошкент вилоятида — 91 нафар;
- Қашқадарё вилоятида — 13 нафар;
- Самарқанд вилоятида — 12 нафар;
- Хоразм вилоятида — 4 нафар;
- Фарғона вилоятида — 3 нафар;
- Қорақалпоғистон Республикасида — 2 нафар.
Тошкент шаҳрида 218 кишида коронавирус аниқланди. Август ойида Тошкентда энг кам касаллик аниқланган кунда (25 август) 61 кишида, энг кўп касаллик аниқланган кунда (9 август) 509 кишида COVID-19 қайд этилганди. Август ойида пойтахтда (карантин зонасида аниқланган ҳолатлар билан бирга) 11 137 та янги ҳолат аниқланиб, энг кўп касаллик қайд этилган ойга айланганди. Ҳозирда пойтахтда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 25 770 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 61 фоизи Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келмоқда.
Тошкент вилоятида 91 кишида COVID-19 аниқланди. Вилоятда 26 июлдан 25 августгача фақатгина бир марта (23 август куни) касалланиш ҳолатлари 100 тага етмаганди. 26 августдан бошлаб эса Тошкент вилоятида ҳар куни 91 тадан 98 тагача янги ҳолатлар рўйхатга олинмоқда. Август ойи давомида Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 4379 кишига кўпайиб, вилоятда энг кўп касаллик аниқланган ойга айланганди. Ҳозирда Тошкент вилоятида касаллик аниқланганлар сони 7296 нафарга етди.
Қашқадарё вилоятида 13 кишида касаллик қайд этилди. Охирги 14 кун ичида вилоятда 12 кунда янги беморлар рўйхатга олинди. Август ойида Қашқадарёда 258 кишида коронавирус аниқланганди.
Самарқанд вилоятида 12 кишида коронавирус аниқланди. Август ойида 31 кунидан 23 тасида Самарқандда янги касалланиш ҳолатлари аниқланиб, касалланганлар сони 780 кишига кўпайганди. Самарқандда жами касалланиш ҳолатлари ҳозирда 1730 нафарга етди.
Хоразм вилоятида 4 кишида коронавирус қайд этилди. Август ойида Хоразмда 9 кун янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Бу кунларда жами 96 кишида COVID-19 қайд этилди. Касалликка чалинганларнинг умумий сони ҳозирда 474 нафарга етди. Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 1,1 фоизи Хоразм вилояти ҳиссасига тўғри келади.
Фарғона вилоятида 3 кишида COVID-19 аниқланди. Август ойи бошида вилоятда кунига 20 тагача янги ҳолатлар рўйхатга олинаётганди. Аммо 10 августдан бошлаб Фарғонада янги беморлар аниқланганида касалланиш ҳолатлари 5 тадан ошмаяпти. Август ойида Фарғонада 72 кишида коронавирус аниқланди.
Қорақалпоғистон Республикасида 2 кишида коронавирус аниқланди. Республикада охирги 2 ҳафтада 7 марта янги касалланиш ҳолатлари рўйхати олинган бўлса, бу кунларнинг биронтасида янги беморлар сони 4 нафардан ошмади.
Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар
ССВ Тошкент шаҳрида 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар берди. Вазирлик охирги марта 24 июлда 4 та ўлим ҳолати рўйхатга олинганини маълум қилганди. Ўшандан сўнг ўтган 38 кунда ССВ ҳар куни коронавирусга чалинган 5 нафардан 7 нафаргача одам вафот этаётгани ҳақида ахборот бераётганди. 1 сентябрь куни маълум қилинган 4 та ҳолатдан ташқари август ойи бошида икки санъаткор ҳам коронавирус қурбони бўлгани маълум қилинди.Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 58 ёшли С.Н. исмли эркак вафот этган.
Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 45 ёшли Б.Ш. исмли эркак вафот этган.
Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган 61 ёшли Л.Р. исмли аёл вафот этган.
Тўртинчи ва бешинчи ўлим. Ўзбекистон маданият вазирлиги коронавирус асоратлари оқибатида оламдан ўтган айрим санъаткорлар ҳақида маълумот берди. Маданият вазирлиги тилга олган беш санъаткордан уч нафари — Адҳам Абдуллаев, Дилбар Икромова ва Фатҳулла Масъудовнинг ўлимига коронавирус асоратлари сабаб бўлганини ССВ тасдиқлаган. Бироқ Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри артисти Жанабай Утепбергенов ҳамда таниқли композитор ва дирижёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, «Ўзбеккино» миллий агентлиги Бадиий кенгаши аъзоси Анвар Эргашев коронавирусга чалинганидан сўнг вафот этгани ҳақида илк бор расмий ахборот берилмоқда.
Жанабай Утепбергенов 4 август куни, Анвар Эргашев 8 август куни ҳаётдан кўз юмган. Уларнинг ўлимидан сўнг бир ойга яқин вақт ўтган бўлса-да, улар коронавирус қурбони бўлгани ҳақида ССВ шу вақтгача ахборот бермаган.
Олтинчи ўлим. Тошкент шаҳрида Шайхонтоҳур туманида яшаган 60 ёшли Ғ.Т. исмли эркак вафот этган.
Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 324 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 335 нафарни ташкил этмоқда.
ССВ томонидан коронавирус қурбони бўлгани «тан олинмаганлар»:
- 9 ва 15 июль кунлари Олмалиқ шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёл;
- ДХА Навоий вилояти бошқармаси ходими Адҳамжон Деҳқонов;
- Маданият вазирлиги ходими Акмал Ирисов;
- Чилонзор тумани СЭОМ бактериология лабораторияси мудири Марҳабо Аҳмедова;
- Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи Ҳакимбай Халимов;
- Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси Хайриддин Шермуҳамедов
- Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов;
- Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов;
- Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри артисти Жанабай Утепбергенов;
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, «Ўзбеккино» миллий агентлиги Бадиий кенгаши аъзоси Анвар Эргашев.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2248 нафар бемордан 330 нафари оғир, 179 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир кун аввал аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 422 нафарни ташкил этаётганди, энди 509 нафарга кўтарилди. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 22,6 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди. Охирги 16 кун ичидаги аҳволи оғир беморларнинг умумий фоизи биринчи марта 20 фоиздан кўтарилди.
Касалликдан даволаниш
1 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудида 389 нафар бемор коронавирусдан соғайди. 21 августдан буён соғайганлар сони кунлик касалланиш кўрсаткичидан юқори бўлмоқда.Янги тузалганларнинг
- 234 нафари Тошкент шаҳрида;
- 97 нафари Тошкент вилоятида;
- 21 нафари Самарқанд вилоятида;
- 15 нафари Андижон вилоятида;
- 14 нафари Қашқадарё вилоятида;
- 6 нафари Хоразм вилоятида;
- 2 нафари Қорақалпоғистон Республикасида касалликдан фориғ бўлди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.
Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.
Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 42 236 нафар бемордан 39 664 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда. Тўрт кундан буён даволаниш кўрсаткичи 93 фоиз бўлганди. Бу энг юқори натижа ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 2248 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. 29 июль куни даволанишни давом эттираётган беморлар сони 9500 дан ортиқ эди. Бир ой ичида уларнинг сони 4 баробарга камайди. Айни пайтда даволанаётган беморлар сони 69 кун ичидаги минимумга тушди — 25 июнь куни 2280 нафар бемор коронавирусдан даволанаётганди.
Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 1612 нафар. Фарғонада 6, Жиззахда 7, Навоийда 10, Қорақалпоғистонда 12, Хоразмда 15, Сурхондарёда 21, Андижонда 21, Бухорода 36, Наманганда 38, Қашқадарёда 45, Сирдарёда 48, Самарқандда 101 ва Тошкент вилоятида 276 нафар бемор қолди.
Изоҳ (0)