Ўтган 32 йил ичида Болтиқбўйи давлатлари аҳоли жон бошига даромад ўсиши бўйича пешқадамга айланган. Ўзбекистонда кўрсаткич 5 баравар, Қозоғистонда 10 баравар юқорилаган.

Иқтисодчи Миркомил Холбоев 1992—2024 йилларда посцовет давлатларида ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига нисбатан қандай ўзгарганига эътибор қаратди.
Таҳлил қилинишича, 1992 йилда йилига жон бошига энг юқори даромад Россияда қайд этилган — 3 099 доллар. Кейинги ўринларни Эстония (2 686 доллар), Латвия (2 257 доллар) ва Литва (2 183 доллар) эгаллаган.
Бешинчида Беларусь (1 658 доллар), олтинчида Қозоғистон (1 436 доллар), кейин Украина (1 413 доллар), Туркманистон (811 доллар), Молдова (778 доллар) ва Грузия (757 доллар) қайд этилган.
Ўзбекистон рўйхатда 11-ўринни эгаллаган бўлиб, 1992 йилда мамлакатда жон бошига даромад 603 долларни ташкил этган.
Пасайиб борган навбатдаги ўринларни Қирғизистон (513 доллар), Арманистон (356 доллар) ҳамда Тожикистон (338 доллар) банд этган. Энг қуйи ўринда Озарбайжон (60 доллар) келтирилган.
2024 йилга келиб мазкур давлатлар орасида Эстония аҳоли жон бошига даромад улуши бўйича биринчи ўринга кўтарилган — 31 170 доллар. Иккинчи ўринда Литва (29 386 доллар), учинчида Латвия (23368 доллар) қайд этилган.
Ўтган 32 йил ичида Россия (14 889 доллар) жон бошига даромад бўйича тўртинчи ўринга тушган. Қозоғистон (14 005 доллар) посцовет мамлакатлари орасида бешинчи поғонага чиққан.
Ўтган йили қолган мамлакатлардаги кўрсаткичлар қуйидагича бўлган:
- Грузия — 9 194 доллар;
- Туркманистон — 8 572 доллар;
- Арманистон — 8 501 доллар;
- Беларусь — 8 317 доллар;
- Молдова — 7 618 доллар;
- Озарбайжон — 7 284 доллар;
- Украина — 5 389 доллар;
- Ўзбекистон — 3 162 доллар;
- Қирғизистон — 2 419 доллар;
- Тожикистон — 1 341 доллар.
Умуман олганда, Озарбайжон ўтган 32 йил давомида посцовет минтақасида аҳоли жон бошига даромад ўсиши рекордини ўрнатган. Мамлакатда бу даврда кўрсаткич қарийб 121,4 фоизга ошган (60 доллардан 7 284 долларга етган). Кейинги юқори ўсиш суръати Арманистонда кузатилган — ўсиш 23,8 баравар (356 доллардан 8 501 долларга).
Аввалроқ Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича иқтисодий ўсишни тезлаштириш масаласига оид ҳисобот эълон қилганди. Унга кўра, Ўзбекистон аҳоли жон бошига даромади юқори мамлакатлар даражасига етиб олишига камида 100 йил кетади.
Жаҳон банки ўз ҳисоботида 2025 йилда (2026 йилда ҳам) Ўзбекистон иқтисодий ўсиши 5,9 фоизни ташкил этишини прогноз қилган.
Статистика қўмитаси берган маълумотга кўра, 2024 йилда республикада аҳоли жон бошига ҳисобланган ялпи ички маҳсулот ҳажми 3 092 долларни ташкил этган. Мазкур кўрсаткич 2023 йил билан таққослаганда 4,4 фоизга ошган.
Мамлакат 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказишни мақсад қилган.
Изоҳ (0)