«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
23:58, 06.08.2020 131609

Ўзбекистонда 6 август куни 742 кишида коронавирус аниқланди. Олти нафар бемор вафот этди

Ўзбекистонда 5 август соат 23:30 дан 6 август соат 23:30 гача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 742 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет еттинчи кун кунлик касалланиш ҳолати 700 дан юқори бўлмоқда. 1 августда 774 кишининг касалланиши ҳозирча антирекорд ҳисобланади. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 28535 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 177, «Дарё» ҳисоби бўйича 185 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 742 кишининг 704 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 401 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 129 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 76 нафар;
  • Сирдарё вилоятида — 43 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 33 нафар;
  • Андижон вилоятида — 11 нафар;
  • Фарғона вилоятида — 11 нафар.

Шунингдек, 38 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида касаллик аниқланган.

Кун давомида, худди бир кун олдин бўлганидек, 7 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати кузатилди.

Тошкент шаҳрида 401 кишида коронавирус аниқланди. Август ойи бошидан бери пойтахтда 2550 кишида коронавирус аниқланди, бу кунларнинг 4 тасида кунлик касалланиш ҳолати 400 дан юқори бўлди. Энг кам касаллик аниқланган кунда ҳам 325 кишида коронавирус қайд этилди. Июль ойида Тошкент шаҳрида 2550 нафар бемор аниқлангунча 15 кун ўтганди. Ҳозирда Тошкентда коронавирусга чалинганлар сони 17 мингдан ошди.

Тошкент вилоятида 167 кишида коронавирус қайд этилди. Улардан 129 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида, 38 нафари Тошкент вилоятида чегара пост орқали хориждан кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган. ССВ 9 июлдан бери халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилар орасида коронавирус аниқланаётгани ҳақида хабар бермаётганди. Вилоятда 23 июлдан бошлаб ҳар куни касалликка чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда, 26 июлдан бери эса ҳар куни коронавирусга чалинганлар сони 100 нафардан ошмоқда (икки марта 200 тадан ҳам ошди). Август ойининг 6 куни ичида Тошкент вилоятида 1029 кишида коронавирус аниқланди.

Самарқанд вилоятида 76 кишида коронавирус аниқланди. Бу вилоятда энг кўп касаллик аниқланган кунлар орасидаги иккинчи натижадир. 2 август куни Самарқандда 103 кишида коронавирус қайд этилганди. Вилоятда COVID-19 юқтириш билан боғлиқ 1201 та ҳолат қайд этилган. Самарқанд Тошкент шаҳри ва вилоятидан сўнг коронавирусга чалинганлар сони бўйича 3-ўринда бормоқда.

Сирдарё вилоятида 43 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда 4 ва 5 август кунлари янги ҳолатлар аниқланмаганди. 17 июлдан бошлаб ССВ Сирдарё вилоятининг статистикасини Тошкентдан алоҳида беришни бошлади. Ўша кунгача вилоятда касалланганлар сони 213 нафарни ташкил этган бўлса, ортда қолган 21 кун ичида Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 3 баравар (455 нафар)га кўпайиб, ҳозирда 668 нафарга етган.

Қашқадарё вилоятида бир кун олдин бўлганидек яна 33 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда 28 июлдан бери ҳар куни янги касалланиш ҳолатлари кузатилмоқда, карантин чекловлари юмшатилгач кунлик касалланиш кўрсаткичи 2—3 баробарга кўпайди. Қашқадарёда 3 августдан карантин чекловлари енгиллаштирилишни бошлаган. Қарши шаҳри барча автомобиллар учун очилиб, шаҳарга белгиланган вақтда кириб-чиқишга рухсат этилган. Қарши шаҳридаги сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари шаҳар махсус комиссияси рухсати билан 4 августдан яна ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Шунингдек, ноозиқ-овқат дўконлари, кийим-кечак сотувчи дўконлар ва маиший хизмат кўрсатувчи масканлар фаолиятига ҳам рухсат этилган. Китоб туманида 4 августдан бошлаб «Қаландартепа» буюм бозори, савдо, маиший хизмат, умумий овқатланиш объектлари фаолияти ҳам тикланди.

Андижон вилоятида 11 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда сўнгги 21 кун ичида фақат 25 июль куни янги ҳолатлар аниқланмади. Ҳозир Андижонда коронавирусга чалинганлар сони 1068 нафарга етган. Водийнинг қолган икки вилояти — Наманган (768 та ҳолат) ва Фарғона (300) вилоятларидаги умумий касалланганлар сони ҳам 1068 нафарга тенгдир.

Фарғона вилоятида 11 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятдаги умумий касалланганлар сони 300 нафарга етди. Фарғона энг кам касаллик аниқланган ҳудудлардан биридир. Ушбу вилоятдан ҳам камроқ ҳолатлар Жиззахда қайд этилган. 27 июль куни Жиззахда коронавирусга чалинганлар сони 140 нафарга етганидан сўнг янги ҳолатлар аниқланмади.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 4 нафар, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 1 нафардан, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этгани ҳақида хабар берди. 1 августдан буён вазирлик ҳар куни 6 нафардан бемор вафот этаётгани ҳақида ахборот бермоқда.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшаган 48 ёшли К.Н. исмли эркак вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 62 ёшли М.М. исмли аёл вафот этган.

Учинчи ўлим. Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшаган 37 ёшли Н.О. исмли аёл вафот этган. Қашқадарёда 4 кун ичида уч нафар бемор вафот этди. 3 августда Қарши туманида яшаган 70 ёшли эркак, 5 август куни Деҳқонободда яшаган 67 ёшли эркак вафоти ҳақида хабар берилганди. Қашқадарё ўлимлар сони (7 та) бўйича Бухоро билан бирга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан кейинги ўринда бормоқда.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 51 ёшли А.Б. исмли эркак вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган 24 ёшли Д.А. исмли аёл вафот этган.

Олтинчи ўлим. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида яшаган 81 ёшли К.К. исмли аёл вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 177 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 185 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу саккиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 8 771 нафар бемордан 728 нафари оғир, 217 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир кун аввал аҳволи оғир беморлар 799, аҳволи ўта оғир беморлар 228 нафарни ташкил этаётганди.

Касалликдан даволаниш

6 август куни 804 нафар бемор коронавирусдан тузалди. Охирги 8 кун ичида 7 марта кунлик соғайиш кўрсаткичи касалланганлар сонидан ўтиб кетмоқда. 6 августда тузалганларнинг

  • 468 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 194 нафари Тошкент вилоятида;
  • 53 нафари Сирдарё вилоятида;
  • 27 нафари Бухоро вилоятида;
  • 27 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 14 нафари Андижон вилоятида;
  • 14 нафари Фарғона вилоятида;
  • 7 нафари Навоий вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган. Куни кеча ССВ коронавирусга чалинган беморларни уй шароитида даволаш бўйича асосий тавсия ва қоидалар ҳам тақдим этганди.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 28 535 нафар бемордан 19 587 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 68 фоизни ташкил этмоқда. Охирги марта 27 июнь куни даволаниш кўрсаткичи 68 фоиз бўлганди. Шундан сўнг бу кўрсаткич фақат пастлаб, 21-23 июль кунлари 53 фоизгача тушиб кетганди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 6686 нафар. Жиззахда 13, Фарғонада 19, Навоийда 37, Хоразмда 44, Қорақалпоғистонда 60, Самарқандда 144, Андижонда 74, Сирдарёда 87, Наманганда 109, Қашқадарёда 124, Сурхондарёда 130, Бухорода 134 ва Тошкент вилоятида 1110 нафар бемор қолди.

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c

Бошқа янгиликлар