Ўзбекистонда 4 июль соат 23:30 дан 5 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 312 та ҳолат аниқланди. Бир кун олдин ҳам айнан шунча беморда касаллик аниқланганди. 23 июндан бери бир кунлик касалланишлар сони 200 тадан юқори бўлмоқда, уч кундан буён эса 300 тадан ошмоқда. Янги касалланиш ҳолатларидан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 10 минг нафардан ошди ва беморлар сони 10 020 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 190 нафари карантин муассасаларида («Ўртасарой»да — 155 нафар, Тошкент шаҳрида — 16 нафар, Тошкент вилоятида — 16 нафар, Самарқанд вилоятида — 3 нафар);
  • 121 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 84 нафар, Тошкент вилоятида — 21 нафар, Самарқанд вилоятида — 16 нафар);
  • 1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида орасида (Сирдарё вилоятида) аниқланган.

Кун давомида 4 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг 3 тасида аҳоли орасида коронавирус аниқланди. Бир кун ичида аҳоли орасида 121 кишида коронавирус аниқланди. Июль ойининг ортда қолган 5 кунида 3 марта аҳоли орасида коронавирус аниқланишининг кунлик кўрсаткичи 100 нафардан ошмоқда. 2 июль куни 113 кишида, 4 июль куни 142 киши коронавирус аниқланганди. Июль ойида аҳоли орасидаги ҳолатлар 471 нафарни ташкил этди. Июнь ойида 12 кун ичида аҳоли орасида 474 та ҳолат аниқланганди.

Тошкент шаҳрида кун давомида 100 та янги ҳолат аниқланди. Улардан 16 таси карантиндагилар орасида, 84 таси аҳоли орасида аниқланди. Тошкент шаҳрида июль ойининг ўзида касалланганлар сони уч хонали сон бўлмоқда. Пойтахтда 2 июль куни 115 кишида, 4 июль куни эса 159 кишида касаллик аниқланганди. Тошкент шаҳрида аҳоли орасида 5 кун ичида 328 кишида коронавирус аниқланди. Қолган барча ҳудудлардаги аҳоли орасида қайд этилган касалланиш ҳолатларини қўшса (143 та ҳолат) ҳам пойтахтдаги кўрсаткичнинг ярмига етмайди.

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги «Ўртасарой» карантин марказида 155 кишида коронавирус аниқланди. Шунингдек, коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида 16 та, аҳоли орасида 21 та ҳолат қайд этилди. Тошкент вилоятида сўнгги икки ҳафта ичида фақат 29 июнь ва 1 июль куни аҳоли орасида касаллик қайд этилмаган. Вилоят шунингдек, халқаро юк машинаси ҳайдовчилари орасида ҳам тез-тез касаллик аниқланадиган ҳудуд эди, 27 июнь куни ҳатто 32 нафар ҳайдовчида коронавирус аниқланганди, бироқ охирги уч кун ичида Тошкент вилоятида халқаро юк машинаси ҳайдовчилари орасида янги ҳолатлар қайд этилмаяпти.

Самарқанд вилоятида аниқланган 19 та ҳолатнинг 3 таси карантиндагилар орасида, 16 таси аҳоли орасида қайд этилди. Вилоятда коронавирус касаллаги кўпайиб бормоқда. 1 июль куни 11 кишида, 3 июль куни 14 кишида касаллик қайд этилганди. Июнь ойида Самарқандда энг кўп касаллик аниқланган кунда 17 та ҳолат қайд этилганди. Самарқандда 30 июндан бери илк марта аҳоли орасида касалланиш ҳолати аниқланди.

Сирдарё вилоятида қайд этилган ягона ҳолат халқаро юк машинаси ҳайдовчисида аниқланди. Вилоятда ой бошидан бери 35 кишида касаллик аниқланди. Сирдарёда июль ойида фақат 3 июль куни янги ҳолатлар қайд этилмади.

22 июнь куни эълон қилинган Республика махсус комиссиясининг янги қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тегишли ҳудудда карантин қоидаларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш учун шахсан жавобгар эканликлари белгиланганди. Ўша қарорда тегишли ҳудудда карантин талабларини таъминламаганлиги туфайли фуқароларга коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўйган раҳбарларга лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий таъсир чораси қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилганди. Махсус комиссиянинг қарори эълон қилинган пайтда Ўзбекистонда касалланганларнинг умумий сони 6401 нафарни ташкил этаётганди. Ўтган икки ҳафта ичида касалланганлар сони 3619 нафарга ёки 57 фоизга кўпайди.

Касалликдан даволаниш

5 июль давомида Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида 159 нафар фуқаро соғайди. Бир кун олдин ҳам коронавирусга чалинган беморлар фақатгина пойтахтда шифо топиб, уйига кузатилганди. 5 июлдан бошлаб Ўзбекистонда янги тартиб кучга кирди. Энди касаллик аломатларсиз кечаётган енгил шаклдаги беморлар шифокор тавсиялари асосида, санитария-гигиена қоидалари ҳамда парвариш учун зарур шароитлар мавжуд бўлганда, уй шароитида даволанишига рухсат этилади.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 10 020 нафар бемордан 6584 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 65 фоизни ташкил этмоқда. Бу борадаги кўрсаткич 29 июндан 4 июлгача 66 фоизни ташкил этаётганди. Айни пайтда даволаниш кўрсаткичи май ойининг бошидан бери энг паст кўрсаткичга тушиб қолди.

17 июнь куни шифохоналардаги беморлар сони биринчи марта 1500 нафардан ошганди23 июньда уларнинг сони 2000 нафардан, 28 июнда 2500 нафардан, 2 июлга келиб эса шифохонадаги беморлар сони 3000 нафардан ошди. Айни вақтда шифохоналардаги 3402 нафар бемордан 2931 нафари Тошкентда даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 471 нафар бемор мамлакатнинг 10 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.

Қорақалпоғистонда 9, Наманганда 15, Хоразмда 23, Андижонда 33, Бухорода 34, Жиззахда 38, Навоийда 43, Қашқадарёда 82, Самарқандда 93 ва Сурхондарёда 101 нафар бемор қолди. Фарғона вилояти коронавирусдан холи ягона ҳудуд бўлиб турибди.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5 июль куни Тошкентда уч кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини маълум қилди. Июнь ойининг сўнгги уч кунида ва 3—4 июль кунлари ҳам ССВ 2 тадан ўлим ҳолати ҳақида хабар берган, аммо бир кунда 3 кишининг вафот этиши ҳақида хабар берилиши шу вақтгача кузатилмаганди. Вафот этганлардан икки нафари аёллар, бир нафари эркак.

Биринчи ўлим. Шайхонтоҳур туманида яшовчи 71 ёшли онахон М.Г. 30 июнь куни коронавирус аниқланганлиги сабабли Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасининг реанимация бўлимига ётқизилган. Унга юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги, икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган.

Бемор бундан аввал, сўнгги 10 йил давомида юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб юрган. Сўнгги бир ой ичида эса режали гемодиализ муолажаларини олишни бошлаган.

Шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган. 71 ёшли аёл коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги 18, Ўзбекистондаги 32-бемор бўлди.

Иккинчи ўлим. Тошкентда яшовчи 45 ёшли З. исмли эркакда бир неча кун давомида коронавирус инфекцияси аломатлари сезилиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик кузатилган. Бемор касаллик аломатларига қарамай шифокорга ўз вақтида мурожаат қилмаган, уй шароитида даволанишда давом этган.

Оқибатда 2020 йилнинг 30 июнь куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасига ўта оғир ҳолатда, ўткир нафас етишмовчилиги билан олиб келиниб, жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Беморга юрак ишемик касаллиги, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги, икки томонлама пневмония дастлабки ташхиси қўйилган.

Бироқ шифокорларнинг реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган. 45 ёшли эркак коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги 19, Ўзбекистондаги 33-бемор бўлди.

Учинчи ўлим. Юнусобод туманида яшовчи, 49 ёшли Н.У. исмли аёл бир неча кун давомида тана ҳароратининг кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик бўлишига қарамасдан шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмаган.

3 июль куни бемор хусусий клиникада коронавирусга таҳлил топширган. Шу куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли 7-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилиб, сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.

Унга икки томонлама пневмония, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, кома I ташхиси қўйилган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи малакали шифокорлар томонидан доимий назоратга олинган.

Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этди. 49 ёшли аёл коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги 20, Ўзбекистондаги 34-бемор бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги учала беморнинг ҳам қайси куни ҳаётдан кўз юмганини маълум қилмаган. Сўнгги вақтларда ССВ беморлар вафот этган куниёқ бу ҳақда маълумот бермасдан, 1-2 кундан сўнг хабар бермоқда. Мисол учун, 27-беморнинг ўлими 2 кундан сўнг, 28, 29, 30 ва 31-беморларнинг ўлими бир кундан кейин эълон қилинди.

Июль ойининг ортда қолган беш кунида ССВ 8 та ўлим ҳолати ҳақида хабар берди (улардан бири июнь охирида содир бўлган). Июнь ойида 8-ўлим ҳолати 29-санада эълон қилинган. Март, апрель ва май ойларида ўлим ҳолатлари тегишлича 2, 7 ва 6 тани ташкил этганди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3402 нафар бемордан 25 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони биринчи марта 30 нафардан ошди. Бир сутка аввал аҳволи оғир беморлар сони 15, аҳволи ўта оғир беморлар сони 9 нафарни ташкил этаётганди. Ўтган 24 соат ичида эса 3 нафар беморнинг ўлими ҳақида маълумот берилди.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 42 895 нафар, стационар карантинда эса 25 021 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидаги фуқаролар сони 236 нафарга, стационар карантиндаги фуқаролар сони 720 нафарга кўпайди.