Гарри, Рон ва Гермиона “Ажал туҳфалари” фильмининг иккинчи қисми кинотеатрларда намойиш этилганидан 15 йил ўтгач, экранларга қайтади. Суратга олиш ишлари билан машҳур “Тахтлар ўйини” сериалини тақдим этган HBО компанияси шуғулланади. Шоу еттита китоб асосида суратга олиниб, етти мавсумдан иборат бўлади. Фильм ижодкорлари сериал “Гарри Поттер ҳақидаги севимли китобларнинг аниқ мослашуви” бўлишини ваъда қилмоқда.
Машҳур учликни кимлар ижро этади?
HBО уч асосий қаҳрамон ролини ижро этиш учун кастинг эълон қилди. Гарри, Рон ва Гермиона ролларини Буюк Британия ёки ирландиялик 9-11 ёшли болалар ижро этиши керак. Номзодлардан иккита қисқа видео ёзиш талаб қилинмоқда. Биринчи видеода улар шеър ёки ҳикоя ўқишлари, иккинчисида эса ўзлари ҳақида сўзлаб беришлари лозим.
Маълум бўлишича, суратга олиш ишлари 2025—2026 йилларда Англияда бўлиб ўтади. Сериалнинг эфирга узатилиши 2026 йилга мўлжалланган.
Беллатриса Лестрейнж
Беллатриса Лестрейнж ролини ким ўйнайди? Бу персонаж ҳикоянинг бошиданоқ пайдо бўлмагани сабабли сериал ижодкорлари муносиб актрисани танлаш учун етарли вақтга эга. Айтганча, мухлислар бу ролда “Тахтлар ўйини” сериалидаги маккор Серсея Ланнистер образини яратган Лина Хидини кўришни исташмоқда.
Профессор Макгонагалл
Оламдан ўтган Мэгги Смитнинг ўрнини актриса Жанет Мактир эгаллаши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. Ҳозирда у музокаралар олиб бормоқда ва профессор Минерва Макгонагалл ролини ижро этишга тайёргарлик кўрмоқда.
Профессор Снейп
Дастлаб франшизанинг энг севимли қаҳрамонларидан бири – Северус Снейп роли 31 ёшли Эдвард Блюмелга берилиши ҳақида гап-сўзлар юрган эди. Аммо кейинчалик маълум бўлдики, суратга олиш шартномасини Паапа Эсседу имзолаши эҳтимоли юқори экан.
Волдеморт
Мухлислар орасида айланиб юрган яна бир миш-миш бор — гўёки Киллиан Mёрфи Волдеморт ролини ижро этармиш.
Люциус Малфой
Яна шундай миш-мишлар ҳам борки, Том Фелтон “Поттер” оламига қайтиб, Люциус Малфой ролини ижро этиши мумкин экан.
Режиссёрлик курсисида ким?
Жараённи ким бошқаради? Лойиҳанинг сценарий муаллифи “Ворислар” сериали продюсери Франческа Гардинер бўлади.
Режиссёр этиб Марк Майлод тайинланди. У “Ворислар” ва “Тахтлар ўйини” сериалларининг айрим қисмларини суратга олган.
Изоҳ (0)